Сеҳрли диёрда янграган наволар

102

Яқинда АҚШнинг Бруклин шаҳридаги «Эмир Палаc» кошонасида элга машҳур истеъдодли хонанда, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Гулбаҳор Эрқулова ҳамда Ўзбекис­тонда хизмат кўрсатган артист Аҳмаджон Дадаев бошчилигидаги мақомчилар ансамблининг концерти бўлиб ўтди.
Қуйида «The Bukharian Times» газетаси бош муҳаррири, мусиқашунос Рафаэль Некталовнинг ўзбек мақом санъатининг истеъдодли намоёндаси Гулбаҳор Эрқулованинг Америкадаги чиқишлари ҳақида ёзилган мақоласи жузъий қисқартирилган ҳолда эълон қилинмоқда.

Бир ҳафта давом этган ушбу дастур мақом санъати мухлисларига жуда манзур бўлди.
Гулбаҳор Эрқулова ўз ижоди билан нафақат Ўзбекистонда, балки хорижда ҳам танилган санъаткорлардан. Унинг ижодини Aмерикада яшаётган мақом санъати мухлислари ҳам яхши кўришади. Сеҳрли диёрда хонанда ижросида куйланган мумтоз қўшиқлар ва мақомлардан парчалар томошабинлар томонидан илиқ кутиб олинди.
– Узоқ йиллар мақомчилар ансамблида буюк ­санъаткор, хонанда Берта Давидова билан бирга ижод қилдим ва устозимдан мақомнинг жуда кўп сир-асрорларини, энг мураккаб оҳангларини ўргандим, – дейди Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Гулбаҳор Эрқулова. – Ҳар сафар устозимнинг «Олтин фонд»га киритилган қўшиқларини тинглаганимда Берта Зауровнани қайта-қайта кашф этаман.
Ҳа, улуғ устозлардан кўп ва хўб сабоқ олгани учун ҳам истеъдодли хонанда мақом ижрочиларига қўйиладиган энг юқори талабларга жавоб бера олади. У узоқ йиллардан бери Ўзбекистон ва хорижда ўтказилган кўплаб халқаро фестивал ҳамда концертларда иштирок этиб келмоқда. Ўзбек халқининг мумтоз санъати мухлислари унинг саҳнага чиқишини кутишади.
Ўша оқшом ҳам мусиқа санъати ва маданияти арбобларидан иборат катта бир гуруҳ концертни томоша қилиш учун АҚШнинг турли бурчакларидан Бруклинга етиб келишди. Ўзбекистон халқ артистлари Изро Малаков, Муҳаб­бат Шамаева, Тожикистон маданияти аълочиси Тамара Катаева, хонанда ва шоира Наргис Малаева каби таниқли ижодкорлар саҳнага чиқиб, ўзбек мақом санъати ва Ўзбекистон ҳақида кўп илиқ сўзларни айтишди.
– Гулбаҳор нафақат зўр хонанда, мақомчи, балки ажойиб инсон ҳам, – дейди Муҳаббат Шамаева. – Ҳар сафар Тошкентга борганимда у мени эътиборсиз қолдирмайди. Телекўрсатувларга таклиф этади, ҳамкасблар ва ­қадрдон дўстлар билан учрашувлар уюштиради. Гулбаҳор катта қалб эгаси.
– Гулбаҳор ўзбек мақом мактабининг чинакам усталаридан бири, – дейди Изро Малаков. – У билан 20 йил мақомчилар ансамб­лида бирга ишлаб, ижод қилганмиз. Ҳозирги вақтда кўп хонандалар эстрада жанрида ўзини кўрсатишга ҳаракат қилмоқда. Чунки мақомни ҳамма ҳам айтолмайди. Бунинг учун кучли овоз, билим ва албатта, санъат усталаридан кўп йиллик сабоқ олинган бўлиши керак. Мен бу бетакрор маҳоратли хонандани кўп йиллардан бери биламан. У ўз устида тинмай ишлаб, репертуарини янги-янги қўшиқлар билан бойитиб, мақомчиларнинг янги авлодини тарбиялашда муносиб ҳисса қўшмоқда.
Дарҳақиқат, халқимизнинг суюкли хонандаларидан бири Гулбаҳор Эрқулова мақом санъатини дунё бўйлаб кенг тарғиб қилиб келмоқда.
– Гулбаҳор Эрқулова ўзини мусиқа санъатига хизмат қилишга бағишлаган аёл, – дейди Тамара Катаева. – Унинг репертуари жуда мураккаб бўлган мумтоз ўзбек халқ қўшиқларидан иборат. Бундай қўшиқларни куйлаш учун кенг диапазон, кучли овоз, яхши вокал мактаби талаб қилинади. Ва буларнинг ҳаммаси унда бор. Энг муҳими, у ўз юртининг ҳақиқий қизи экан. Мен бунга Квинс ва Брук­линдаги учрашувлар чоғида амин бўлдим.
Истеъдодли мақомчи санъаткорнинг Нью-Йорк, Квинс ва Бруклин каби шаҳарларда бўлиб, концертлар бериши Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги ўзаро маданий алоқаларнинг янада ривожланиб бораётганидан далолатдир.
Мақом ўзбек халқининг руҳи! Бу санъатни ўз ватанида ва ундан ташқарида кенг тарғиб қилиб келаётган хонандалардан бири Гулбаҳор Эрқулованинг ижоди ҳар қанча таҳсин ва эътиборга лойиқ.