Тошга муҳрланган тарих

100

Деярли ҳар бир ижодкор ўзидан сўнг катта хазина, маънавий мерос қолдиради. Бу, албатта, унинг асарларидир. Ана шундай ижодкорлардан бири иқтидорли ҳайкалтарош, Ўзбекистон халқ рассоми, Хитойдаги Шанхай ва Ҳарбин университетлари фахрий профессори, ажойиб инсон Жалолиддин (Равшан) Миртожиевдир. Гарчи мусаввир бугун орамизда бўлмаса-да, ҳанузгача касбдошлари, шогирдлари ва умуман, санъат ихлосмандлари томонидан тез-тез ёдга олинади, асарлари кўргазмаларда намойиш этилади.

Ҳар гал хизмат сафари билан Андижонга йўлим тушганида, албатта, шаҳар марказидаги Бобур ҳайкали олдида тўхтаб ўтаман. Шу онларда беихтиёр ҳайкал муаллифи Жалолиддин Миртожиев билан суҳбатларимиз ёдимга тушади. Ушбу ёдгорлик у кишининг энг эътиборли асари, таъбир жоиз бўлса, ўзига хос «ташриф қоғози»га айланган эди. Суҳбатларимиздан бирида ижодкорнинг эслашича, Бобур ҳайкали учун танлов эълон қилинганида қатнашувчилар рўйхатида унинг номзоди бўлмаган. Бироқ ўзининг қатъияти туфайли ана шу танловда иштирок этишга муваффақ бўлган. Бу бежиз эмас эди. Чунки ­Ж.Миртожиев гарчи Тошкентда туғилиб ўсган бўлса-да, олий ўқув юртини тамомлагач, бир муддат Андижонда ишлаган, у ерда яшайдиган самимий ва қалби очиқ инсонлар билан яқиндан танишиб, дўстлашган эди. Шу боис андижонликларга миннатдорлиги рамзи сифатида Бобур ҳайкалини яратишга қарор қилган.
Танлов жараёнида у ҳайкалнинг элликдан ортиқ эскизини яратган бўлса-да, уларнинг бирортаси ўзига ёқмаган. Ҳайкалтарош жуда кўп миниатюра асарларини, «Бобурнома» асарини, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Пиримқул Қодировнинг «Юлдузли тунлар» асарини диққат билан мутолаа қилади, ана шундай изланишлар орқали Бобурнинг тимсолини яратишга ҳаракат қилади. Бутун фикри-зикри шу иш билан банд бўлган санъаткор кунлардан бирида тушида Бобур ҳазратларини Ҳиндис­тондан ўз она юрти Андижонга отланиб турган ҳолатда кўради. Шуурига маҳкам ўрнашиб қолган ана шу манзарадан қаттиқ таъсирланиб, дарҳол бўлажак ёдгорликнинг эскизини ишлайди. Унда от устида ўтирган улуғ шоҳ ва шоирнинг чеҳрасида ўз юртига садоқат ва соғинч туйғуси яққол ифода этилган эди. ­Кўплаб хомаки нусхалар орасидан айнан мана шу вариант танловда ғолиб деб топилиши ҳайкалтарош учун катта ютуқ бўлди.
Тез орада Бобур ҳазратларининг ўн икки метр баландликдаги маҳобатли ҳайкали Андижон шаҳрида ўрнатилди. Ҳайкал шаклининг классик софлиги, услубнинг қатъийлиги, бетакрорлигини бир қарашдаёқ сезиш мумкин. Айни пайтда ҳайкалга қайси томондан назар ташланмасин, у образли тузилишининг ўзгачалиги билан кишини ҳайратга солади.
Муаллиф Темурийлар сулоласининг йирик вакили бўлмиш Мирзо Улуғбек сиймоси ҳамда буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий образини гавдалантириш жараёнида ҳам ўзи учун қадрдон бўлиб қолган «Бобурнома» асаридаги маълумотларга таянди. Хусусан, ҳайкалтарош яратган Алишер Навоий образидаги ҳаракатлар нафислиги ва қиёфасидаги шарқона кўриниш, Мирзо Улуғбекнинг асрлар оша боқиб турган ўткир нигоҳи ана шундан далолат беради. Ҳайкалтарош бу тарихий сиймолар ҳайкалларини яратгунига қадар, миллат ва юрт озодлиги учун курашгани боис 1930-йилларда қатағон қилинган жадидлар образини гавдалантириш устида ишлади. Бугунги кунда номлари эл ардоғида бўлган Абдулла Қодирий, Абдурауф Фитрат, Абдулҳамид Чўлпон, Элбекка ўрнатилган ҳайкалларда қайғу ва алам, умид ва нажот рамзлари ўз ифодасини топган.
Ж.Миртожиев дастгоҳли ҳайкалтарошликда ҳам ижод қилиб, кўпгина кўргазмаларда қатнашса-да, унинг қатор асарларида монументал санъатга иштиёқи баланд экани сезилиб туради. Улар орасидаги айрим образларни муаллиф кейинчалик маҳобатли ҳайкалга айлантирганлиги бунинг яққол исботидир. Мисол тариқасида кўргазмага қўйилган Камолиддин Беҳзод образининг кейинчалик маҳобатли ҳайкал сифатида Хитойда ва Камолиддин Беҳзод номидаги боғ-музейи биноси олдида ўрнатилганини кўриш мумкин. Муаллиф Ғарб оламида «Шарқ Рафаэли» деб эътироф этилган буюк мусаввир ҳайкалини яратиш давомида, унинг миниатюра асарларидаги тасвирларидан фойланган ҳолда, образнинг тийрак ҳолатини поэтик шаклда, ижод лаҳзалари оғушида беришга интилади. Муаллиф ижодкор сиймоси устида ишлар экан, ўша давр либосларига, анъаналарига чуқур эътибор беради. Бундай ижодий ёндашиш муаллифнинг бошқа тарихий асарлари учун ҳам дастуруламал бўлиб хизмат қилди.
Моҳир ижодкорнинг тинчлик ва бирдамлик рамзларини ифода этувчи санъат намуналари бир қатор хорижий мамлакатларда ҳам қад ростлади. Миср пойтахти Коҳира шаҳрида «Миқёси Нил»ни яратган алломамиз Аҳмад Фарғонийга эҳтиром тимсоли сифатида маҳобатли ҳайкал ўрнатилди. Унинг ижодий изланишлари натижасида 2002 йил Москва, 2004 йил Токио, 2008 йил Боку, 2017 йили эса Ўзбекистон ва Хитой ўртасида дип­ломатик муносабатлар ўрнатилганининг 25 йиллиги муносабати билан Хитойнинг Шанхай шаҳрида буюк ўзбек шоири ва мутафаккири Алишер Навоийнинг ҳайкаллари қад ростлагани маданий ҳаётимизда катта воқеа бўлди. Шанхай университетида ўрнатилган 3,6 метр баландликдаги бронза ҳайкалнинг чизмаси Ж.Миртожиев томонидан яратилган бўлиб, кейинчалик хитойлик ҳайкалтарошлар уни бронзада мужассамлаштиришган.
Шу ўринда ҳайкалтарошнинг бир гал айтган қуйидаги фикрлари ёдимга тушади: «Янги чиққан қуёш ўзининг эрталабки нурларини кунчиқар юрт пойтахти бўлмиш Токиодаги Алишер Навоий ҳайкалига сочади. Шундан сўнг гўзал Ўзбекистонимиз офтоб жилвасидан баҳраманд бўлади, кейинроқ АҚШ давлат Конгресси биносидан жой олган улуғ шоирнинг бюсти чароғон ёғдуларга чулғанади… Бунинг замирида ўзига хос маъно-мазмун бор, албатта…».
Жалолиддин Миртожиев ХХ асрнинг буюк ҳайкалтароши Генри Мурнинг шаклий, плас­тик ечимлари ёки рус ҳайкалтароши Кербелнинг замонавий санъатидан ҳамиша таъсирланган. У буни эътироф этар, «Шундай бўлса-да, мен маҳобатли ҳайкал устида ишлаётганимда, улардан бирортасини ҳам эсламайман. Мени қуёшнинг чиқиши ва ботиши, ҳайкал ўрнатиладиган жойнинг ландшафти, маконнинг бўлажак ҳайкал билан уйғунлиги, тагсупанинг ҳайкалга қай даражада сингиб, ўзаро бирлашиб кетиши кўпроқ қизиқтиради. Ана шу саволларга жавоб топсам, образнинг ечими ҳам албатта топилади», дер эди.
Ҳар бир ижодкор учун Она мавзуси ҳамиша битмас-туганмас илҳом манбаи бўлиб келган. Ж.Миртожиев учун ҳам бу мавзу янада қадрли эди. Ижодкор «Мотамсаро она» ҳайкалини бир неча бор ишлади. Номининг ўзиёқ бу композиция нақадар оғир ва мураккаб эканидан далолат беради. Жиззах (1999 йил), Андижон, Фарғона (2000 йил) шаҳарларида ўрнатилган турли ҳажмдаги «Мотамсаро она» монументлари она Ватаннинг бевақт ҳалок бўлган жасур фарзанд­лари ва оғир жудолик аламидан бир умр изтироб чекиб яшаган оналар шарафига қад ростлаган унсиз марсия сифатида қадрлидир.
Жалолиддин Миртожиев юртимиздан етишиб чиққан яна бир қатор улуғ алломалар, ёзувчи ва шоирларнинг ҳайкалларини яратишда ҳам фаол ва самарали ижод қилди. Жумладан, пойтахтимиздаги муҳташам Адиблар хиёбонида Ғафур Ғулом (2003 йил), Зулфия (2008 йил), Ойбек (2010 йил), Саид Аҳмад ва Саида Зуннунова (2013 йил) ҳайкаллари ҳам унинг ижодий изланишлари маҳсули сифатида бугун нафақат замондош­ларимиз, балки келгуси авлодлар учун ҳам ўзига хос хотира кўзгуси ўлароқ қад ростлаб турибди.
Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистон ҳайкалтарошлик санъатида самарали ижод қилган етук санъаткорлар орасида Жалолиддин Миртожиевнинг ҳам ўзига хос ўрни бор. Унинг номи мустақиллик даври ўзбек маҳобатли ҳайкалтарошлик санъатида энг кўп ижод қилган санъаткор сифатида муҳрланиб қолди. Вақтида ундан сабоқ олган кўплаб шогирдлари бугун унинг ижодий анъаналарини муносиб давом эттиришмоқда.
Нисбатан қисқа, аммо сермазмун ­ҳаёти давомида тинимсиз ижод қилиб, ўзидан катта из қолдириб кетган шундай ажойиб санъаткоримизнинг бир қатор асарлари санъат ва меъморчилик соҳасида давлат мукофотига тавсия қилингани ҳам бежиз эмас. Чунки атоқли санъаткоримизнинг бетакрор асарлари бугунги кунда ҳам халқимиз маънавиятини юксалтириш ва ёшларимизни эзгу қадриятлар руҳида камол топтиришга хизмат қилмоқда.

Бинафша НОДИР,
санъатшунослик фанлари бўйича
фалсафа доктори (PhD)