Бугун чортоқлик Турсуной Асқарованинг қувончи чексиз, энди унинг бошпанаси бор. Шу вақтгача беш сотих ҳовлида ўн уч нафар жон яшаётганди.
Турсуной опа «Аёллар дафтари»га рўйхатга олингач, ўзи биринчи гуруҳ ногирони, қарамоғида икки нафар фарзандини ҳам ота, ҳам она бўлиб вояга етказган бу аёлга айни пайтда янги қурилган уйдан барча шароитларга эга уч хонали хонадон ажратилди.
– Неча йиллардан буён ота уйимда фарзандларим билан яшаб келаётган эдим, – дейди у. – Бугун ниятларимиз ушалди. Туманда янги қад ростлаган кўп қаватли уйлардан менга ҳам беришди.
Наманган вилоятида жорий йилда 53 571 нафар эҳтиёжманд хотин-қиз «Аёллар дафтари»га киритилган бўлиб, улар орасида ижтимоий ҳимояга муҳтож ишсизлар, тадбиркорлик қилиш истагида бўлганлар, тиббий муолажага эҳтиёжмандлар ҳамда боқувчиси бўлмаган, уй-жой таъмирига муҳтожлар бор.
Учқўрғон тумани «Маданият» маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Мақсуда Акбарова ҳам уй-жой таъмирига муҳтож тоифадаги хотин-қизлар қаторида «Аёллар дафтари»га киритилган эди. Бугун ҳомийлик ёрдами билан унинг хонадонида таъмирлаш ишлари бошлаб юборилган.
Мақсуда опа билан суҳбатлашганимизда «тез кунларда уйим таъмирдан чиқса, мустақиллик байрамида мен учун энг катта совға шу бўлади», дея хурсандчилигини яширолмади.
Турсуной ва Мақсуда опа сингари хотин-қизлар муаммоларини тизимли равишда ҳал этиш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича бажарилган ишлар одамларнинг эртанги кунга бўлган ишончини янада ошираётир. Жорий йилда 14344 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож ишсиз хотин-қизнинг бандлиги таъминланди.
Уй-жойга эҳтиёжманд 93 нафар хотин-қизнинг 10 нафари уй-жой билан таъминланди ҳамда уй-жойни таъмирлашга муҳтож 465 нафар аёлнинг 264 нафарига ҳомийлик ва моддий ёрдамлар
кўрсатилди.
Орзугул РУСТАМОВА
«ISHONCH»
