Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг мазкур ижтимоий лойиҳаси доирасида Қорақалпоғистон Республикасидан 2 минг 426 нафар бола ёзги таътилни юртимизнинг сўлим гўшаларида ўтказди
Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан Оролбўйи болаларининг ёзги дам олишини мазмунли ўтказиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Жорий мавсумда Қорақалпоғистон ҳудудидаги 11 та стационар оромгоҳда 7 минг 485 нафар, жумладан, касаба уюшмалари ҳисобидан 2739 нафар, боқувчисини йўқотган ва кам таъминланган оилаларнинг 2903 нафар фарзанди, «Оилавий болалар уйлари»даги 93 нафар тарбияланувчи, шунингдек, ҳокимликлар ҳисобидан 1746 нафар бола дам олдирилди.
Эътиборли жиҳати, ҳар бир оромгоҳдаги маданият ва спорт-соғломлаштириш майдончаларида бадиий, техник ва экология йўналишидаги тўгараклар, спорт мусобақалари, турли викторина, кўрик-танловлар ташкил этилди.
«Заковат» интеллектуал ўйини, «Иқтидорли болалар», «Миллий рақслар», «Оромгоҳ маликаси», «Оромгоҳ султони» танловлари, «Қувноқ стартлар», «Спорт – саломатлик гарови» шиори остида футбол, баскетбол, волейбол, шахмат-шашка, стол тенниси бўйича мусобақалар ўтказилди. Федерациянинг Қорақалпоғистон кенгаши томонидан «Бутунжаҳон болалар меҳнатига қарши кураш куни» ҳамда 30 июль – Халқаро дўстлик кунига бағишланган турли танлов, концерт дастурлари, учрашувлар, спорт мусобақалари барча-барчада катта таассурот қолдирди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг «Биз бир элмиз, бир халқмиз, Янги Ўзбекистон бунёдкорларимиз!» ижтимоий лойиҳаси доирасида Қорақалпоғистон Республикасидан 2 минг 426 нафар бола ёзги мавсумда Андижон, Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Наманган, Навоий, Сурхондарё, Сирдарё, Фарғона, Тошкент, Хоразм вилоятларидаги энг сўлим 22 та стационар турдаги оромгоҳда бепул дам олганлиги ҳам айни муддао бўлди. Болалар жойларда тантанали равишда кутиб олиниб, уларнинг мароқли дам олишлари учун барча шарт-шароитлар яратиб берилди. Айниқса, Самарқанд, Бухоро, Фарғона ва Хоразм вилоятларининг мустақиллик йилларида барпо этилган диққатга сазовор жойлари ҳамда тарихий қадамжоларга ташкил этилган саёҳат болаларга бир олам завқ бағишлади. Таниқли санъаткорлар, ёзувчи-шоирлар, спортчилар иштирокида концерт дастурлари, қизиқарли учрашувлар, кўрик-танловлар ҳамда спорт мусобақалари уюштирилди.
Президентимизнинг жорий йил 1 августдаги «Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз бир йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни юқори савияда ўтказиш тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш, буюк истиқлолимизнинг халқимиз, айниқса, ёш авлод қалбида Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғуларини камол топтириш, миллатлараро тотувлик, диний бағрикенглик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашдаги аҳамияти тўғрисида сўз юритилди. Шу жумладан, Қорақалпоғистон Республикасини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, Орол муаммосини бартараф этиш, аҳолининг фаровон ҳаётини таъминлаш йўлидаги ислоҳотлар, ёшларга яратиб берилаётган шарт-шароитлар бўйича батафсил тушунтиришлар берилди.
Улуғбек ЖАЛМЕНОВ,
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Қорақалпоғистон кенгаши раиси, сенатор



