Жамиятда барчанинг ўз ўрни бор

55

Мамлакатимизда ҳар бир инсоннинг бахти-у камолига бутун жамият равнақининг гарови сифатида қаралади. Шу сабаб ижтимоий ҳимояга муҳтож, ногиронлиги бор шахсларга давлатимиз томонидан алоҳида ғамхўрлик кўрсатилмоқда. Уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, эмин-эркин муҳит яратиш борасида изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Кейинги йилларда давлатимиз раҳбарининг шу масала бўйича муҳим қарор ва фармонлари қабул қилингани ногиронлиги бўлган шахс­ларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни умидсизлик ҳамда ишончсизлик кайфиятидан халос этиш, ҳаётга интилишини оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Президентимизнинг жорий йил 17 февралдаги «Ногиронлиги бўлган шахсларни ҳамда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонига кўра, нафақалар миқдори оширилди.
Шунингдек, ўзгалар парваришига муҳтож ногиронлиги бўлган 18 ёшгача болаларнинг парвариши билан банд бўлган боланинг қонуний вакилига ҳар ойда нафақа тўлови (парваришлаш нафақаси) жорий этилди.
2022 йил 1 апрелдан ўзгалар парваришига муҳтож болалар тўғрисидаги, 2022 йил 1 октябрдан ўзгалар парваришига муҳтож болаларнинг қонуний вакиллари тўғрисидаги маълумотлар бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига электрон тақдим этиб бориладиган бўлди. Шунингдек, ўзгалар парваришига муҳтож бўлган 18 ёшгача болаларнинг касалликлари рўйхати тасдиқланди.
Инсон иродаси, аввало, унинг ҳаёти давомида бажараётган иши, касби-корида акс этади. Орамизда шундай инсонлар борки, улар имконияти чекланганига қарамасдан жамият равнақига ўз улушини қўшишга интилади, қўшади ҳам. Уларнинг бу жараёндаги фаоллигини қўллаб-қувватлаш эса барчамизнинг инсоний бурчимиз ҳисобланади.

Насиба АМИРЖОНОВА,
104-сонли Учтепа туманлараро тиббий-
меҳнат эксперт комиссияси раиси