Қадрдон дугонамникига боришим керак. «Марказий универмаг» бекатида турибман. Биламанки, бу ердан энг қулай транспорт – 67-йўналишли такси. Қўл кўтариб, тўхтатдим. Ичкарига қарасам, ҳамма ўриндиқлар банд. Ҳатто бир киши тик туриб кетяпти.
– Тез-тез чиқиб, ўтириб олинглар, – деди ҳайдовчи бетоқатланиб.
– Умуман жой йўқ-ку, қаерга ўтирамиз, – деди тик турган йўловчи.
– Ана, иккиталик жойга уч кишилашиб ўтиринглар. Ёки… ўриндиқ тагида иккита стулча бор.
Ҳайдовчи иккиланаётганимизни сезиб, гапни қисқа қилди: агар хоҳламасангиз, бизни йўлдан қолдирмай, эшикни ёпинг!
Начора, салонга чиқдик. Мен қўшимча йўловчилар учун атай ясалган «юмшоққина» қўлбола стулчалардан бирига чўкдим. Жўнадик. Аммо ҳайдовчига эътирозлар ёғилди:
– Нега машинага белгиланганидан кўп йўловчи чиқаряпсиз? Бу мумкин эмас-ку!
– Иссиқда ўзи салон ичи димиқиб, нафас олишга қийналяпмиз. Кексалар бор, соғлиғи ночор кишилар бўлиши мумкин. Иссиқ ҳаво уларга салбий таъсир кўрсатса бунга ким жавоб беради?
…Кейин билсам, «Тошкент» вокзали – Чилонзор буюм бозори» йўналиши бўйича қатнайдиган ушбу жамоат транспортида аҳвол ҳар доим шундай экан.
– Мен ҳеч кимни маршруткага чиқишга мажбурлаётганим йўқ, – деди ҳайдовчи қўлини пахса қилиб. – Бизда ҳам отнинг калласидай план бор. Шунинг учун имкон қадар кўпроқ мижозга хизмат кўрсатишга ҳаракат қиляпман.
Таажжуб, кунлик тушум пули миқдорининг катталигига йўловчиларнинг қандай дахли бор? Аслида айбдор ким – ҳайдовчими ёки режани юқори қилиб белгилаганларми?
Яна бир ғалати ҳолат. Енгил машинада қонунан белгиланганидан атиги биттагина ортиқ одам ўтириб кетаётган бўлса, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминловчи ходимлар автоуловни дарҳол тўхтатиб, тегишли чора кўришади. Лекин йўловчилар тирбанд йўналишли таксиларга ёки автобусларга кўпинча эътибор беришмайди, гоҳида юзага келган ҳолатни кўра-била туриб ҳам ўзларини ҳеч нарсани кўрмаганга олишади. Ҳолбуки, транспорт соҳасига тааллуқли қонунлар ва тартиб-қоидалар ҳамма учун баробар бўлиши керак эмасми?
Демак, аҳолига транспорт хизмати кўрсатиш жараёнида зинҳор-базинҳор эътиборсизлик ва лоқайдликка йўл қўймаслик, кўза кунда эмас, кунида синишини унутмаслик, инсон тақдири билан ҳазиллашмаслик, қандай бўлмасин, нохуш воқеалар рўй беришининг олдини олиш керак. Кунлик режанинг катталигини рўкач қилиб, йўловчиларга ноқулайлик туғдириш эса инсофдан эмас.
Раъно МАҲКАМОВА
«ISHONCH»
