Тушликка фурсат йўқ

80

Умумтаълим мактабларининг аксарият ўқитувчилари меъёрида тушлик қила олишмайди. Сабаб дарслар кетма-кетлиги ва катта танаффус вақтининг ўта қисқалиги, атиги 15 дақиқалик. Куннинг биринчи ярмида дарс ўтган педагог бироз дам олиб, овқатланиб, иккинчи навбат дарс­ларига кирмаса, аудитория­­ни жамлаб олиш учун ўзида куч тополмай қолади.

Мавзуга доир мисол

Қўшним ўқитувчи. Олдин умумтаълим мактабида дарс берарди. Кейин хусусий мактабга ишга ўтиб кетди. Сабаби айни ўша масала – меъёридаги тушлик ва етарли дам олмаслик. Бугун у ишидан мамнунлиги, дарс соатлари илгаригидан бир неча соат кўп бўлишига қарамай, чарчоқ билмай ишлаётганини таъкид­лайди.
– Ўқитувчи учун иш жараёни асосан соат 8:00 да бошланади, – дея батафсил тушунтиради у. – У одатда тушликка қадар ҳар 5 дақиқалик оралиқ билан синфдан-синфга киради. Умумтаълим мактабида дарс­ларимиз эрталабки сменанинг охирги соатлари ва иккинчи смена учун биринчи соатларга тўғри келса, тушликда икки бурда луқма ейишга улгуришимиз ҳам муаммо бўларди, тинкамиз қуриб қоларди. Нодавлат таълим муассасасида тушликка 30 дақиқа вақт ажратилган ва мактаб ҳисобидан овқатланиш ташкил этилган. Мана шу фурсат биз учун тўрт-беш соатлик чарчоғимизни енгадиган ва куннинг иккинчи ярмида ўқувчиларга сабоқ бериш – ақлий меҳнат қилиш учун қувватга эга бўлишимиз манбаидир.

Мутахассислар фикри

Аслида инсон қайси касбда фаолият юритмасин, тушликнинг вақтида истеъмол қилиниши қанчалик муҳим ва таомномада қандай маҳсулотлар бўлиши керак? Бу борада мутахассис тавсиясига қулоқ тутдик.
– Тушликнинг тўйимли бўлиши, углеводларга бой бўлиши, ҳатто, парҳездаги инсонлар учун ҳам керак, чунки бундай маҳсулотлар кишига куч-қувват беради, – дейди Тошкент шаҳридаги 30-оилавий поликлиника амалиёт шифокори Дилноза Ашурова. – Кун тартибидаги ушбу пайт­­да тўйимли овқат организмдаги толиқиш ва тонусни яхшилайди. Бу, айниқса, ақлий меҳнат билан банд бўлган кишиларга тааллуқлидир. Тушликни соат 12:00 дан 15:30 га қадар бўлган вақт оралиғида ейишга ҳаракат қилиш лозим, боиси айнан мана шу пайт организмда ҳазм қилиш жараёнини яхшилайдиган ферментлар фаол бўлади. Тушлик қилмаслик ёки енгил тановул, шошмашошарлик билан овқатланиш ҳазм қилиш жараёнини издан чиқаради ва хасталикларга олиб келиши мумкин. Шу сабаб тушлик вақтини ўтказиб юбормаслик керак. Вақт бўлмаса, жилла қурса ёнғоқ, мева ёки сабзавотлар олиб юриш керак.

Тажриба

Олмазор туманидаги 224-умумтаълим мактабидаги тажриба айнан мутахассис-шифокорнинг маслаҳатларига мос келади.
2017 йилдан буён давом этаётган ушбу намунали ташаббус шуки, муассасада мактаб ходимлари учун ўз вақтида бепул овқатланиш шарт-шароити яратилган. Яъни ошхонанинг махсус жойида фан ўқитувчилари, умуман муассаса ходимлари учун ҳомийлар кўмагида бепул тушлик жорий этилган.
Мактаб директори ўринбосари Акбар Ёрбозоровнинг айтишича, авваллари айрим ҳолатларда ўқитувчининг пули озроқ бўлса, кам калорияли тушлик унинг саломатлигига салбий таъсир кўрсатиш мумкин эди. Баъзида уйидан овқат олиб келган ўқитувчи мактабдаги умумий ошхонада ўтириб овқатини еётганда болалар олдида ўзини ноқулай ҳис қиларди. Иккинчидан, агар у ўзи билан бирга овқат олиб келадиган бўлса, ошхонадаги бир чеккада ёки хонасида қандайдир сабаб қийин шароитда овқатланишига тўғри келарди. Мактабда бепул тушлик жорий этилгач, бундай хижолатомуз вазиятларга барҳам берилди. Жамоада аҳиллик кучайиб, ўқитувчилар фаол дарс ўта бош­лашди.

Билиб қўйган яхши

Юртимиздаги нодавлат таълим муассасаларида ўқитувчи учун яратилган шароит кўпроқ хориж, жумладан, Грузия, Германия ва Канада таълим масканларидаги кун тартибини тузиш тажрибасига таянилган.
Масалан, Германияда оддий иш куни 8 соатни ташкил этади, бу муайян шароитларда 10 соатгача узайтирилиши мумкин. Агар иш куни 6 соатдан 9 соатгача бўлса, ходим камида 30 дақиқа тушлик танаффус қилиш ҳуқуқига эга. Бу танаффус айнан таълим ходимларига тегишлидир. Бошқа соҳа вакилларига иш вақти учун минимал танаффус 45 дақиқа. Ўқитувчи ўз истагидан келиб чиқиб танаффусни бир неча қисмларга бўлиши мумкин, ҳар бири камида 15 дақиқа бўлиши керак. Ходим узлуксиз 6 соатдан ортиқ ишламайди. Иш тугагандан сўнг, ходим ишдан камида 11 соат бўш вақтга эга бўлиши керак. Россияда эса Меҳнат кодексининг 108-моддасида ҳар бир ходимга, хусусан, халқ таълими ходимларига эмин-эркин дам олиш ва овқатланиш имконияти кафолатланган. Бунинг учун раҳбарият томонидан 30 дақиқадан кам бўлмаган, лекин 2 соатдан кўп бўлмаган вақт ажратилиши мумкин. Бошқа мактабларда эса ушбу чегаралар доирасидаги бундай танаффус қанча давом этиши муассасада қабул қилинган ички меҳнат қоидаларига боғлиқ. Ушбу танаффус иш вақтига киритилмайди.

Хулоса

Ҳар бир муассасадаги қоидалар, тартиблар ва ташаббуслар, авваламбор, меҳнат қилаётган инсоннинг қадрини белгилаб беради. Халқчил сўзлаганда, соғлиқ бойликдан афзалроқдир. Бу бойликни асраш учун тановул қилаётган таомнинг сифати ва вақти-соати катта аҳамият касб этади.
Демак, фарзандларимизнинг билимли бўлиши, эртанги тақдирини ишониб топширганимиз – ўқитувчилар кун тартибида ҳам бу қоидалар ишласа, яъни дарс жадвали тузилаётганда тушлик учун муайян вақт қатъий белгиланса, нур устига нур бўларди.

Шоира БОЙМУРОДОВА,
журналист