60 нафар хотин-қизни ишли қилиб, 180 нафар кишини ризқлантиряпти
Денов туманидаги “Чим” маҳалласи оқсоқоли маҳалла идорасига юмуш билан келган бир қизни бизга таништирди: “Латофат Сафарова маҳалламиздаги бир гуруҳ қизлар билан қўшни маҳалладаги корхонада ишлайди. Бу тенги қизларнинг кўпчилиги ҳунари йўқ ишсиз. Латофат қизимиз эса анча чаққон, ишлаб, тўйига пул йиғяпти, ота-онасига ёрдам беряпти…”
Ёш қиз қўшни “Жаматак” маҳалласидаги хусусий корхонада уч йилдан бери меҳнат қилаётганини айтиб, корхона эгасини мақтай кетди.
Шу суҳбат туртки бўлди-ю, “Жаматак” маҳалласига отландик. Бизни “Рамазон текстиль” оилавий корхонаси раҳбари Қурбонали Казаковнинг ўзи кутиб олди. Жамоа аъзолари анчадан буён турли русумдаги автомашиналарнинг ички ўриндиқлари устига қопланадаган ғилоф тикиш билан шуғулланишар экан.
Тадбиркорнинг кенг ҳовлисида бир неча дастгоҳ расамади билан жойлаштирилган. Узунлиги 40, эни 25 метрли катта залда икки қаторда кетма-кет жойлаштирилган 25 та тикув машинасини моҳир тикувчилар тўхтовсиз ишлатмоқда. Автомашиналарнинг русумига қараб, ўриндиқлари учун қоплама тайёрлаш жараёни тикувчидан ақл, фаросат билан ишлашни талаб этади. Тикувчиларнинг бирови қалин мато чокларини тикса, бошқаси бириктирувчи тугмалар ва белгиларни ўрнатяпти. Яна бир тикувчи эса сотувга тайёр чехолларни жойлаштириш учун ғилоф-сумка тикяпти. Хуллас, бир-биридан чаққон 25 нафар тикувчи дастгоҳларидан кўз узмай, ўз ишлари билан банд. Ҳар бири ўз зиммасига юклатилган топшириқни тез ва сифатли бажариш, кўпроқ маҳсулот тайёрлаш ҳаракатида. Чеварларнинг 8 соатлик меҳнати жараёнида кунига 100 та жамланма, бир ойда 3 мингта жамлама автомашиналар ўриндиғи ғилофи сотувга чиқариляпти.
Оилавий корхона чеварларининг ишини кузатиб, тушлик вақти бўлганини ҳам сезмай қолибмиз. “Ошпаз”, тадбиркорнинг онаси – Зумрад Шарипованинг “Овқат тайёр бўлди, ҳамма тушликка!” деган чорловидан сўнг тикув машиналари овози тинди. Кенг ва шинам ошхонага ишчилар жойлашгач, дастурхонга боқдик. Узун дастурхон ёз ноз-неъматлари, қовун-тарвуз, турли салқин ичимликлар, қанд-қурс ва салатлар билан тўла. Меҳмонлар келишини билгандек, “ошпаз” опамиз палов осган экан.
Лагандаги буғи кўтарилиб турган ошга қўл узата туриб, хаёлдан шундай фикр ўтди: уйингизга 4 та меҳмон чорласангиз, дастурхонга ноз-неъмат қўйиш учун анча харажат қиласиз. Қурбонали Казаковнинг дастурхонидан эса ҳар куни 60 нафар “меҳмон”, яъни шунча ишчи ризқланади. Уддабурон Қурбонали корхона даромадидан ҳар куни бепул тушлик тайёрлатади. Ишчилар учун бундай қулайлик ҳатто иқтисодий жиҳатдан барқарор корхоналарда ҳам йўқ.

Тикувчиларнинг кўпчилиги қўшни “Қовунлисой”, “Чим”, “Тасмасой” маҳаллаларидан қатнагани учун тадбиркорнинг шахсий “Исузи” русумли автобуси эрталаб ва ишдан сўнг уларнинг хизматида бўлади. Ишчиларга тайёрлаган маҳсулотининг сони ва сифатига қараб 3 миллион сўмгача, яқинда ишга келганлар ҳам 1 миллион 200 минг сўмдан маош олишяпти.
Мақоламиз бошида “Чим” маҳалласи оқсоқоли таништирган Латофат Сафаровани шу ерда учратдик. Жуссаси кичик бўлса-да, у корхона фахри, дизайнер. Ҳафиза Бобомуродова, Азиза Зоҳидова, Ирода Довидова каби тикувчилар маҳорат ва тажриба бобида касбдошларига ўрнак. “Уйимда тикув машинам бор, буюртмаларни уйга олиб кетиб тиксам ҳам бўлади. Лекин жамоа билан бирга ишлашнинг ўз гашти бор”, — дейди “Тасмасой” маҳалласидан келиб ишлаётган Ирода Довидова.
Тушлик вақтидан фойдаланиб, тадбиркор билан суҳбатлашдик. Самимий, очиқ кўнгил, шунча ишни эплаётган бўлса-да, димоғдорлик нелигини билмайдиган Қурбонали Казаков тажрибаларини эринмай ҳикоя қилди.
- Корхонада кунига автомашиналар ўриндиқлари ғилофидан 100 та жамлама тайёрланаркан, харидори борми?
- Автомашина харид қилган киши ўриндиқлари усти кир бўлмаслиги ёки доғ тушмаслигини ўйлаб, ғилоф ўрнатишни истаб қолади. Тахминий ҳисоб-китобга кўра, ҳозир Сурхондарёдаги юридик ва жисмоний шахсларнинг қарийб 600 мингта енгил автомашинаси бор. Қолаверса, Сурхондарёда корхонамизга рақобатчи йўқ, — дейди Қурбонали. – Дейлик, автомашиналар эгаларининг 30 фоизи ўриндиқларига ғилофни бошқа жойдан олишганда ҳам, маҳсулотимиз сотилмай қолмайди.
- Ғилофларни сотувга чиқарасизларми ёки автомашина эгалари буюртма берадими?
- Буюртма берадиганлар ҳам кўп. Уларнинг хоҳиши ва танлаган дизайнига қараб ғилоф тикамиз. Маҳсулотимизнинг асосий қисми Денов, Қарши ва Самарқанд шаҳридаги хусусий дўконларимизда сотилади, — дейди тадбиркор. – Шу пайтгача ғилофлар сотилмай қолгани йўқ. Чунки чеварларимиз сифатли ва қалин матодан пишиқ-пухта тайёрлашади, ранги, гуллари, тикилиши бежирим, дизайни харидорларни жалб этади. Матоларни биринчи қўлдан олаётганимиз учун маҳсулотимиз арзон – бир жамламанинг нархи 200 минг сўмдан ошмайди. Нархлар харидорни қочирмайдиган даражада бўлишига сабаб шуки, оилавий корхонамиз шахсий уйимизда ташкил қилинган. Бошқа тадбиркорлардай ижара ҳақи тўламаймиз. Бунинг устига, матоларга гул босадиган дастгоҳни бундан анча аввал 50 миллион сўмга Хитойдан келтирганмиз. Ўшанда 50 миллион сўмнинг қадри баланд, ҳамма тадбиркорда ҳам шунча маблағ йўқ эди. Кунига корхонамиз тикувчилари 3 минг метр қалин ва пишиқ матодан ғилоф тайёрлашади. Бу матоларга шу дастгоҳимизда гул босилади ва ҳар хил нақшлар қилинади. Агар биз гул босилган, нақш чиқарилган тайёр матони бозордан харид қилсак, бир метрига яна 70 минг сўм қўшилади. Ўзимизда дастгоҳ борлиги ҳамда кунлик ишлатилаётган 3 минг метр матога гул ва нақш босаётганимиз ҳисобига кунига 2,1 миллион сўмдан иқтисод қилиняпти. Шубҳасиз, бу ҳам маҳсулотимизнинг арзонлашишига хизмат қилади. Айнан шунинг учун ҳам ғилофларимизнинг бозори чаққон.
- Тадбиркорлик фаолиятини қай тартибда бошлаганингиз кўпчиликка қизиқ. Шу ҳақда ҳам гапириб ўтсангиз?
- Ақл-фаросатли, юрагида ўти бор киши улғайган сари тўқ ва фаровон турмуш кечиришни, бошқалар қатори автомашина минишни, шоҳона уйларда яшашни орзу қилади. Бугун ОТМларда ўқиш истагида бўлган ва таҳсил олаётган ёшларнинг асл муддаоси – келгусида жамиятда ўз ўрнини топиш, бир касбнинг эгаси бўлиш ва бой-бадавлат яшаш. Мен ҳам худди шундай ниятда Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтини битирганман. Қўлимга диплом теккач, қишлоққа қайтиб, ирригация тизимида ишладим. Ота-онам оддий ишчи эди, боз устига, бир этак фарзандлари бор. Уйланишим ва уй қуришим учун ташкилотдан бериладиган маошга қараб турсам, ёшим 40 га бориб қоларди. Таваккал қилиб, ишдан бўшаш ҳақида ариза ёздим-да, Самарқанд шаҳрига йўл олдим, бахтимни изладим. Тадбиркор бир ҳунарманд билан танишдим ва 4 йил унинг шахсий корхонасида ишлаб, ҳунар эгалладим, тадбиркорлик сирларини ўргандим. Бу орада мамлакатимизда ишбилармонлик муҳити яратилди, имтиёз ва имкониятлар берилди. Тадбиркорлик қиламан деган киши қийинчиликлардан сира чўчимаслиги кераклигини устозим ҳар дамда эслатиб турарди. Денов тумани Ёшлар иттифоқи ҳузуридаги жамғармадан 300 миллион сўм имтиёзли кредит олиб, фаолиятимни бошлаганман. Шунга ҳам 6 йилдан ошди. Кўз тегмасин, ишимиз олға силжияпти. Укаларим – Қодирали, Қаҳҳорали, Дилмурод суянчим, отам Рамазон, онам Зумрад менга маслаҳатчи — дуогўйларим.
Айтиш керакки, энди 33 баҳорни қаршилаган қаҳрамонимиз тиниб-тинчимас, овқат еса тўймайдиган, ҳаракат қилиб чарчамайдиган ёшда. Ҳар дақиқа вақтни қадрлайди, вақт – бойлик деган ақидага амал қилади. Ўтган йили Денов шаҳрининг “Буюк келажак” маҳалласи ҳудудида ёшлар иқтисодий зонаси ташкил қилинаётганидан хабар топди. Ариза топширган эди, бизнес-режаси билан танишган мутахассислар бошқалар қатори унга ҳам 15 сотих ер ажратишди. Ўз сармоясидан 2 миллиард сўм сарфлаб, узунлиги 45, эни 30 метрлик кенг ва шинам бино қурди. Пештоқига “Қурбонали текстиль” деган ёзувни илиб қўйди. 30 та тикув машинкасини жойлаштириб, шу маҳалладаги хотин-қизларни ишга жалб қилди.
Ишчиларнинг 40 нафари расмий рўйхатдан ўтган, корхона улар учун солиқ тўлайди. 20 нафар хотин-қиз эса касаначилик асосида меҳнат қиляпти. Тикувчиларнинг 12 нафари “Аёллар дафтари” рўйхатига киритилганлар тоифасидан. Бошдан дўппини олиб, бир чамалайлик: бугун корхонада 60 нафар хотин-қиз ишлаётган бўлса, ҳар бирининг қарамоғида ўртача 3 нафардан фарзанди борлигини ҳисобга олсак, оилавий корхонанинг 60 нафар аъзоси даромади эвазига 180 нафар киши ризқланаяпти десак, муболаға бўлмайди.
Замон ишбилармони Қурбонали Казаков келгуси режалари, ниятлари ҳақида ҳам тўлқинланиб гапирди. Яқин кунларда оилавий корхонада ярим чарм маҳсулотларидан автомашиналар ичига тўшаладиган гиламчалар тайёрланади, руль чамбараги ва торпедоси устига ёпиладиган ғилофлар тикишга киришилади. Шу билан қўшимча иш ўринлари ҳам яратилади.
- Президентимизнинг 2021 йил 5 августдаги “Маҳаллаларда тадбиркорликни янада қўллаб-қувватлаш ва тадбиркорлик субъектлари билан аҳоли ўртасида кооперацияни ривожлантиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида “Жаматак” маҳалласига етакчи тадбиркор сифатида бириктиришди. Корхонамизга 2 миллиард сўм кредит берилиши ва бу сармояга маҳалладаги аёлларни касаначилик асосида ишга жалб қилишимиз керак эди. “Ипотека банк” Денов тумани филиалидан 800 миллион сўм кредит берилди. Бу сармояга 40 та тикув машинаси харид қилиб, касаначилик асосида ишлаш бўйича шартнома тузган хотин-қизларга тарқатдик. Аммо кредитнинг қолган қисми ҳозирча ажратилмай тургани учун тикув машинасига эга бўлган аёллар кутиб турибди, — дейди тадбиркор.
Йигитнинг омади чопса, муваффақият изма-из келавераркан. Қурбонали Казаковнинг уддабуронлиги ва эл орасида обрўси ошиб бораётганини эътиборга олган раҳбарлар уни туман ҳокимининг «Жаматак» маҳалласидаги ёрдамчиси вазифасига тайинлашди. Маҳаллада 4225 нафар киши истиқомат қилади. Ҳозир ёрдамчининг фикри-хаёли биринчи галда 319 нафар ишсиз фуқаро бандлигини таъминлашга қаратилган. Президентимизнинг 2021 йил 23 ноябридаги “Мева-сабзавотчилик ва узумчиликда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришида деҳқон хўжаликларининг улушини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан ғалладан бўшаган 11,4 гектар ер ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг 114 нафар аъзосига 10 сотихдан ўн йил муддатга ижарага берилди. Ишсизлар рўйхатига киритилган 15 нафар хотин-қизга банклардан кредит ажратилди. Энди ёрдамчи айрим оилаларнинг томорқасида иссиқҳона қуриб бериш ташвишида юрибди. Яқин ўн кун ичида Қурбонали маҳалладошлари манфаати йўлида эзгу ишга қўл урди. Шахсий сармояси ҳисобидан қишлоқ ўртасида артезиан қудуғи қаздириб, сув чиқарди. Яширишнинг ҳожати йўқ, шу пайтгача ариқ сувини ичиб келаётган 140 та хонадондан иборат қишлоқдошлари бундан буён тоза сув истеъмол қиладилар.
Шу ўринда беихтиёр Амир Темур бобомизнинг: “Азми қатъий, тадбиркор, ҳушёр, мард ва шижоатли бир киши, минг тадбирсиз, лоқайд кишидан яхшироқдир”, деган ҳикмати хаёлдан ўтади. Назаримизда, бу ҳикматона ибора айнан Қурбонали Казаковга ўхшаш замон тадбиркорлари шаънига битилгандек.
Рустам ДАВЛАТОВ,
“Ишонч” мухбири
