Андижонда ҳайдовчилари йўл ҳаракати қоидаларини менсимайдиган хусусий корхона автобусига йўлдаги қоидабузарликларни қайд қилувчи видеорегистратор ўрнатилди

61

Андижон шаҳрида жойлашган “Алпомиш мероси” МЧЖга қарашли автобусларнинг бирига ҳайдовчилар томонидан содир этилган қоидабузарликларни автоматик тарзда аниқловчи видеорегистратор ўрнатилиб, тест режимида ишга туширилди. Бу ҳақда вилоят йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси бошлиғининг халқ депутатлари вилоят кенгашига берган ҳисоботида маълум қилинди.

Мазкур МЧЖга тегишли автобус ҳайдовчилари йўл қоидаларини менсимаслиги билан танилган. Хусусан, шу йилнинг май ойида ижтимоий тармоқларда тарқалган лавҳада автобус ҳайдовчиси светофорнинг қизил чироғига бўйсунмай, йўлдан ўтаётган пиёдаларга хавф туғдириб, катта тезликда ҳаракатни давом эттирганини кўриш мумкин.

Вилоят йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси бошлиғининг ҳисоботига кўра, Андижон шаҳрида жами 68 та чорраҳа светофор билан жиҳозланган.  Шундан 7 та чорраҳага 94 та кузатув камераси ҳамда 12 та жойда тўхташ ва тўхтаб туриш қоидасини бузган ҳайдовчиларнинг қоидабузарликларини қайд этувчи камералар ўрнатилган. Вилоят ИИБ ЙҲҲБда ташкил этилган “Ситуацион марказ” томонидан камера ўрнатилган чорраҳалардаги ҳолатлар назорат қилиб борилмоқда.

Шунингдек, Андижонга кириб келаётган ҳамда чиқиб кетаётган транспорт воситалари ҳисобини юритиш, содир этилаётган жиноятларни тезкор фош этиш мақсадида вилоятга кириш ҳудудларига, жумладан, Марҳамат туманидаги Полвонтош, Кончилар, Асака туманидаги Янгиобод, Бозорбоши, Бўстон туманидаги Яккатол, Улуғнор туманидаги Оқ олтин, Ўзбекистон, Бўстон, Учкўприк, Мингчинор, Избоскан туманидаги Гудур, Балиқчи туманидаги Эски марказ ва Илғор маҳаллаларига давлат рақам белгиларини қайд қилувчи жами 30 дона кузатув камералари ўрнатиш, уларни йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасида, кейинчалик вилоят ички ишлар бошқармасида ташкил этилган “Ситуацион марказ”ларига интеграция қилиш режалаштирилган.