Финляндиялик мутахассис, амалий фанлар бўйича Савония университети профессори, педагогика фанлари доктори Петри Лунаскопри Қашқадарё вилояти ҳокими Муроджон Азимовнинг таълим тизимидаги маслаҳатчиси лавозимида иш бошлади.
Маълум қилинишича, фин профессори халқ таълимини ривожлантириш бўйича уч йиллик маҳаллий дастурни ишлаб чиқади, туман ва шаҳар халқ таълими бўлимларидан икки нафардан мутахассисни Финляндия таълими тажрибаси бўйича тайёрлайди, рейтинги паст мактабларда семинар-тренинглар ўтказади. Ўқитувчиларнинг дарс бериш жараёнини кузатади. Мактабларда ўқитувчиларнинг ўз устида ишлашини рағбатлантирадиган тизим яратади.
Тез орада умумтаълим тизимидаги ўқитувчиларнинг кўпчилик қисмини қамраб олиш ва мулоқот майдонини яратиш мақсадида телеграм бот ҳам ишга туширилади. Унда педагоглар ўз таклиф ва мулоҳазалари билан фин мутахассисига мурожаат қилишлари мумкин бўлади.
Эслатиб ўтамиз, Президент администрацияси раҳбари ўринбосари Комил Алламжонов ўз телеграм каналида таълим тизими ҳақида қуйидагича пост қолдирган эди:
«Ўзбек мактаблари қандай бўлиши керак? Унинг дастури, китоблари, методикаси-чи? Ўзбек мактабининг битирувчисининг портрети қандай бўлиши керак?
Буни Шавкат Мирзиёев аниқ тасвирлаб берди. Демак, ўзбек мактаби битирувчиси:
— замонавий кўникмаларни эгаллаган;
— ахборот технологияларини пухта ўзлаштирган;
— креатив фикрлайдиган;
— мустақил қарор қабул қила оладиган;
— дунёқараши кенг ШАХС бўлади.
P.S.: Сардор Умрзоқов бошчилигидаги команда Президентдан бу йўналишда аниқ топшириқ олди ва ишлар бошланди. 11 йиллик сифатли дастур яратиш ва уни амалиётга жорий қилиш осон иш эмас. Лекин масала албатта охирига етказилади».
