Икки йиллик танаффусдан сўнг Хивада яна “Гурвак – Хоразм қовунчилигининг рамзи” мавзусида қовун сайли ташкил этилди.
Хоразмда қовуннинг 400 хилдан зиёд тури бўлган. “Ширинпечак”, “Сариқ гулоби”, “Оби-новвот”, “Жийда гули” кабилар шулар жумласидан. Айниқса, мазаси тилни ёрадиган – гурвакнинг бешдан ортиқ нави бор.
Давлат статистика қўмитасининг маълумотларига қараганда, 2022 йилнинг январь-июль ойларида Ўзбекистон хорижга қиймати 26,6 миллион AҚШ долларига тенг 98,1 минг тонна қовун-тарвуз экспорт қилган. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига қиёсан 44,5 минг тоннага ошган.
Хоразм вилоятида 2022 йилнинг етти ойи якунига кўра, қовун-тарвуз экспорти 9,6 минг тоннани, қиймати 3 миллион АҚШ долларини ташкил қилган. 2021 йилнинг мос даврида эса 8,8 минг тонна, қиймати 2,3 миллион долларлик қовун-тарвуз экспорт қилинган.

Фестиваль якунида қовун экспортида энг юқори кўрсаткичларга эришган Шовот тумани олий ўринга сазовор бўлди ва “Дамас” автомашинаси билан мукофотланди. Янгибозор, Хонқа ва Қўшкўпир туманлари биринчи, бошқа шаҳар ва туманлар иккинчи ўринга муносиб деб топилди. Қовун етиштиришда энг яхши натижаларга эришган фермер хўжаликлари раҳбарлари ҳам муносиб тақдирланди.
Қовун сайли барчага бирдек хуш кайфият улашди. Вилоят санъат усталари, фольклор жамоалари ижросидаги маданий дастурлар тадбирга байрамона руҳ бағишлади.



