Феруза Абдусаломова 17 йиллик меҳнат тажрибасига эга. Охирги 10 йилда АТБ «Қишлоқ қурилиш банк» Жиззах минтақавий филиалида ишлади. Жорий йилнинг апрель ойи бошларида Меҳнат кодексининг 100-моддаси 2-қисми 1-бандига асосан у билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинди.
Орадан бир неча кун ўтиб, у каби Ягона МФО билан ишдан бўшатилган ходимларни ишга қабул қилиш тўғрисида буйруқ чиқарилди. Бироқ бу рўйхатдан Феруза ўзини топа олмади. Унга бу ҳақда тушунтириш ҳам беришмади. Ферузанинг олий маълумотли экани тугул, ҳомиладорлиги ҳам инобатга олинмади. Ўзининг фикрича, Феруза тез орада ҳомиладорлик таътилига чиқиб кетиши, қисқаси, иш бермаслиги сабаб шундай ҳолат рўй берди.
Ваҳоланки, Меҳнат кодексининг 237-моддасида ҳомиладор ва уч ёшга тўлмаган боласи бор аёлнинг иш берувчи ташаббуси билан бўшатилиши ғайриқонуний деб баҳоланиши белгилаб қўйилган. Шунингдек, 101-моддада «Иш берувчи касаба уюшма қўмитасининг ходим билан меҳнат шартномасини бекор қилишга розилик бериш қарори қабул қилинган кунидан бошлаб бир ойдан кечиктирмай, меҳнат шартномасини бекор қилишга ҳақлидир» дея мустаҳкамлаб қўйилган. Юқоридаги вазиятда эса касаба уюшма қўмитасининг умумий йиғилиш қарори 2022 йил 26 январдан олинган ва 26 февралда у ўз кучини йўқотган. Ф.Абдусаломовани ишдан бўшатиш ҳақидаги буйруқ эса қарор ўз кучини йўқотгач, қарийб икки ой ўтиб, яъни жорий йил апрель ойи бошларида қабул қилинган.
Ҳуқуқлари поймол этилаётганига чидолмаган аёл Давлат муассасалари ва жамоат хизмати ходимлари касаба уюшмаси Жиззах вилояти кенгашига мурожаат йўллади. Ариза тегишли тартибда ўрганилиб, уни қаноатлантириш бўйича чоралар кўрилди. Бироқ АТБ «Қишлоқ қурилиш банк» Жиззах минтақавий филиали турли важларни рўкач қилиб, ишни пайсалга солди.
Иш судга оширилиб, 2022 йилнинг июнида Фуқаролик ишлари бўйича Жиззах туманлараро суди ҳал қилув қарорини қабул қилди. Унга кўра, Феруза Абдусаломова ишга тикланиб, мажбурий бекор юрган кунлари учун иш берувчидан тегишли тартибда иш ҳақи ва маънавий зарар қоплаб берилиши белгиланди.
Алишер КАРИМОВ,
Давлат муассасалари ва жамоат
хизмати ходимлари касаба уюшмаси
Жиззах вилояти кенгаши раиси
