Онасига тортган ўғил

107

Истиқлол нашри – «Халқ сўзи» газетасида ишлаган йилларимни ўзим учун тобланиш ва ўрганиш даври, деб қабул қилганман. Ҳаётнинг оқ-қорасини, паст-у баландини шу даргоҳда англадим, десам ҳам адашмайман. Турфа феълли одамлар билан ишлаш, айниқса, улар ижодкор бўлса, янаям қийин. Кимдир сени ёқтирмайди, яна кимдир кимдандир ҳадиксираб сен билан чиқишишни истамайди. Бироқ, ҳамма жойда бўлганидек, таҳририятимизда ҳар томонлама мукаммал, ўз ишига содиқ, самимий, барчага ошно одамлар кўп эди. Шулардан бири Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Шуҳрат Жабборовдир.

Шуҳрат ака ишга бутун вужуди билан шўнғиб кетадиганлар тоифасидан. Ҳафтасига беш марта чоп этиладиган газетада фидойи бўлмасликнинг ўзи мумкин эмас. Бу фидойилик шундай: керак пайтда оила аъзоларинг даврасида бўлолмайсан, фарзандларинг истаган чоғда уларнинг кўнглини овлолмайсан, қариндош-уруғ, қўни-қўшнининг тўйида ҳар доим ҳам қатнашолмайсан.
Мамлакатнинг расмий биринчи нашри талаби шу – кўп нарсадан воз кечмоқ керак. Ҳамма нарса тиғиз саналадиган ишхонамизда устоз Жабборов ҳамма нарсага улгурарди. Ҳозир урчиб кетган сайтлардан фарқли ўлароқ, газетада чоп этиладиган хабар ва мақолалар қайта-қайта таҳрир қилинади. Апил-тапил, енгил-елпи ёндашувни газета ҳазм қилолмайди. Бу иш эса вақт ва ўта масъулиятли бўлишини талаб қилади. Шу боис эрталабга яқин газетани босмахона топшириб, уйга қайтардик. Наҳорда қайсидир ҳамкасб ёки танишнинг маъракаси бор, бундай пайтда маросим соҳибининг ёнида бўлиш ҳам савоб, ҳам оқибатдан дарак бўлса-да, азбаройи чарчоқ туфайли кўпчилик уйига йўл оларди. Тушдан кейин узилиб-чўзилиб, ишга келиб англардикки, Шуҳрат ака йўқловни қолдирмаган бўлиб чиқади. Қачон, қандай улгурдингиз, десак, кулиб қўя қоларди.
Шуҳрат ака ўта оилапарвар. Баъзан иш ёки топшириқ билан хонасига кириб қолсак, телефонда гаплашаётган бўлади. Секин чиқиб кетмоқчи бўлсак, кетма, ишорасини қиларди. Бошқаларни билмадим, бундай пайтда менинг тилим қичиб қоларди.
Навбатдаги кунларнинг бирида кирсам, устоз яна ўзининг энг латиф сўзлари ила ким биландир суҳбатлашяпти. Гап-сўзнинг равиш-рафторидан билдимки, гўшакнинг иккинчи томонида аёл киши. Суҳбат тугагач, янгамнинг рақамлари неччи, ҳозир телефон қилиб сизнинг аҳволингизни айтиб қўяй дея ҳазиллашсам, фойдаси йўқ, деди. Нега десам, янгангиз билан гаплашиб турувдик-да, деди. Иккаламиз ҳам беихтиёр кулиб юбордик.
Чиндан ҳам, устознинг оилага, фарзандларига меҳри жуда баланд. Яна бир гал хонасига чақирди. Кирсам, креслода бир қиз ўтирибди. У қизга мени кўрсатиб: «Шу акангиз сизга мавзулар бериб туради», деди. Кейин менга қараб, шу синглингизга у-бу йўналишда мақола ёзишни айтиб турарсиз, деди. Хўп дедим.
Синглимиз билан гаплашиб, мавзуларни келишиб олдик. Кейин суриштириб билсам, яхшигина қалами бор бу қиз Шуҳрат аканинг қизи экан. Камтарликни қаранг! Ваҳоланки, Шуҳрат ака ишхонада иккинчи раҳбаримиз, шундан келиб чиқиб, қизимга қарашиб туринг, керак бўлса, ўзингиз мақола ёзиб беринг, деса ҳам ҳеч оғринмай, миқ этмай айтганини қилардик. Йўқ, биз билган ва қадрлаган Шуҳрат ака унақа ишларни қилолмаслигини йиллар ўтиб англайвердик.
У киши учун бош муҳаррир қандай бўлса, мусаҳҳиҳ ёки оддий ҳайдовчи ҳам шундай эди. Сен катта, сен кичкина деган гапини-ку, умуман эшитмадик, эшитмаслик у ёқда турсин, иш ёки ишдан ташқари муносабатларда ҳам бунга гувоҳ бўлмадик.
Ишхонада кимдир тўй қилса, Шуҳрат ака бош-қош бўларди. Кимнингдир фарзанди имтиҳондан йиқилса, яна кимнидир қаергадир ишга жойлаштиришда озгина мадад керак бўлса, қай биримизга маслаҳат, бошқа бировга далда лозим бўлганда, Шуҳрат акага таяниларди. Кўп кузатганман, аканинг ҳузурига кимдир илтимос билан кирса, у ҳеч иккиланмай ўша соҳанинг энг каттасига телефон қилар, мен шу одамман, бизда шу киши ишлайди ва шундай-шундай муаммо бор, уни фақат сиз ҳал қиларкансиз, дейишди, дерди. Нариги томонда қайси аллома ўтиргани менга қоронғу, аммо у мардум «де­йиш­ди» деган гапдан кейин хаёли қаерларга кетарди, билмайман-у, ўша иш аниқ ҳал бўларди. Бундай мардлик ҳар кимнинг ҳам қўлидан келавермайди.
Пойтахтимизнинг қоқ марказида Матбуот уйи борлигини ҳамма билади. Газетада ишлайдиганлар ҳурмат-у иззатда, эътиборда бўлган яқин ўтмишимизда бу даргоҳ жуда гавжум бўларди. Тушликка чиқиш ё қайтишда мақоласи шов-шув бўлган устозларни кўриб қолсак, ҳаяжонланардик, уларнинг суҳбатларини эшитишга интилардик.
Бир куни машҳур журналист Аҳмаджон Мелибоев, Шуҳрат Жабборов ва мен тушликка чиқдик. Гап орасида Шуҳрат ака Аҳмаджон аканинг санъат ва санъаткорнинг масъулияти ҳақидаги ўша кунларда шов-шув бўлган мақоласини эътироф этар экан, мароқ билан ўқиганини таъкидлади. Аҳмаджон ака бундай мақтовларни кўп эшитганлиги аниқ, бироқ ҳар бир эътироф ижодкорга рағбат беради, унинг кўнглини кўтаради. Икки устознинг мулоқотлари давом этди. Юртимизда бўлаётган ўзгаришлар, одамларни қийнаётган муаммолар, театр ва кино санъатининг аҳамияти каби мавзуларда билдирилган фикрларни эшитиб, улар эл-улус тақдирига чин камарбаста зиёли эканликларига амин бўлдим.
Эътиборли жиҳати шунда эдики, Шуҳрат Жабборов Аҳмаджон аканинг ҳар бир мулоҳазасини диққат билан тинг­лар, фикр билдириш керак бўлса, ҳурмат-у эҳтиром билан изҳор этарди. Ўз ҳамкасбини иззат қилиш шунақа бўлади-да ахир! Умуман, Шуҳрат ака таҳририят йиғилишларида ҳам, ўзаро суҳбатларда ҳам кимнингдир яхши мақола ёзганини таъкидлашдан, муаллифни топиб, раҳмат айтишдан чарчамайдиган ижодкор. Таассуф шундаки, бугун ана шундай кўнгил кишилари орамизда етишмаётгандек туюлади…
Устоз билан ҳар хил сабаблар туфайли республикамизнинг бир нечта вилоятида бўлганмиз. Бир гал жамоамиздан бир укамиз уйланадиган бўлди ва барчани тўйга таклиф этди. Тўй Наманганда бўлиши керак. Шуҳрат ака бошчилигида водийга йўл олдик. Кимга лоф, бизга чин: устоз то тўйхонага етгунга қадар латифа айтиб, бизни зериктирмади. Бу латифалар шунчалар ичакузди эдики, машинани бошқариб кетаётган таниқли журналист Ҳабибулла Олимжонов азбаройи кулгунинг зўридан рулни қўйиб юбориш даражасига етганди.
Бошқа бир сафар Жиззахга йўл олдик. Шуҳрат аканинг 60 ёшга кириши муносабати билан у киши туғилиб ўсган қишлоққа жамоа бўлиб бордик. Давра жуда қизиб турганда, Шуҳрат ака бир онахонни бошлаб келдилар. Устознинг опа ёки синглиси бўлса керак, деб ўйлагандик. Йўқ, адашибмиз, у киши волидаи муҳтарамалари экан. Онахон кўп гапирмади, аммо икки оғиз шундай сўз айтдики, ҳамма жим қолди. «Ўғлим олтмишга кирди. Аммо доим хавотирдаман. Кимлар унга йўлдош, ким унга елкадош, деган ўй мени доим ташвишга солади. Бугун аҳил жамоани кўриб, кўнглим тинчиди».
Онаизорнинг бу гапи барчамизга таъсир қилди. Фарзанд юзга кирса ҳам она учун бола бўлиб қолаверади, унга меҳрибонлик қилишдан тўхтамайди, деган нақлнинг исботи эди бу ҳароратга йўғрилган самимий сўзлар. Яна шуни билдикки, Шуҳрат аканинг чертиб-чертиб, топиб-топиб гапиришлари онасидан юққан экан. Бировга меҳр кўрсатиш ҳам, ҳаммага бирдек муносабатда бўлиш ҳам шу мукаррам зотдан мерос экан. Онасига тортган ўғил бутун умри давомида бахтиёр яшайди, деганлари ҳаққаст рост бўлсин.
Етмиш ёшингиз муборак бўлсин, устоз!

Мақсуд ЖОНИХОНОВ,
журналист