Яхши мультфильмларимиз нега кам?

95

Одамзоднинг келгусида қандай инсон бўлиб етишиши кўп жиҳатдан у туғилиб ўсган муҳитга ва болалигию ёшлигида олган таълим-тарбия­сига боғлиқ. Шу ҳақда сўз очилганда, биз, аввало, муштдайлигимизда ота-оналаримиздан ёки бобо-момоларимиздан бот-бот эшитган эртак­ларимизни эслаймиз, ўзимиз қайта-қайта кўрган мультфильмларни кўз ўнгимизга келтирамиз. Чунки ҳалоллик, яхшилик ва одоб-ахлоқ каби фазилатларни ўзида жам этган бу эртак ва мультфильмларда илгари сурилган ғоялардан руҳланганмиз, уларнинг бош қаҳрамонларидан ибрат олиб улғайганмиз.

Хўш, бугунги авлод-чи?..
Ҳозир кўча-кўйда ёки жамоат транспортида кетаётиб, ён-атрофингизга разм солсангиз, йўл-йўлакай газета ёки китоб ўқиб кетаётган кишиларни деярли учратмайсиз, аксинча, каттаю кичик мобиль телефонларига ёпишиб олганининг гувоҳи бўласиз. Айрим болакайлар уйларида ёки Интернет-клубларда компьютер олдига ўтириб олиб, турли-туман ўйинларни ўйнашади ёки турли видеоларни томоша қилишади. Ёшига тўғри келмайдиган чет эл фильмларини, айниқса, сериалларни киприк қоқмай кўришади.
Бир куни жиянларим томоша қилаётган «Посбон кучукчалар» мульт­фильми эътиборимни тортди. Унинг бир қисмида ота-бола тракторлар ўзаро жанжаллашиб қолиб, бир-бирини роса дўппос­лашди. Сабаби, ота фарзандининг ўзи ёқтирган касб эгаси бўлиш истагига қарши чиққани эди.
Энди холисона айтинг-чи, бизнинг менталитетимизга ёт бундай мультфильмлар қандай тарбиявий аҳамиятга эга? Уни кўрган боланинг одоб-ахлоқига путур етиб, бир кунмас-бир кун ота-онасига қўл кўтармаслигига ким кафолат бера олади?
Qalampir.uz сайтида яқинда бир нохуш хабар тарқалди. Унда қайд этилишича, Тошкент вилоятида яшовчи 16 ёшли йигитча оилавий келишмовчиликлар туфайли ўз уйида онасини шериклари билан биргалашиб қасддан ўлдирибди. Минг афсуски, бошқа вилоятларда ҳам ота-онага қўл кўтариш, уларга озор етказиб, дилини қаттиқ ранжитиш билан боғлиқ воқеа-ҳодисалар кузатилмоқда.
Тўғри, сўнгги йилларда Мультипликацион фильмлар студияси жамоаси томонидан соҳани ривожлантириш, ёш аниматор, рассом ва кадрларни тайёрлаш, миллий руҳдаги мультфильмлар яратиш борасида бирмунча ишлар амалга оширилди. Лекин улар ҳали-ҳамон тайинли натижа бергани йўқ. Оқибатда болаларга мўлжалланган телеканалларда берилаётган мультфильмларнинг аксариятини ўзбекчага ўгирилган чет эл мультфильмлари ташкил этмоқда. Улар сифатли ишланган ва табиийки, қизиқарли бўлиши мумкин, бироқ бизнинг фарзандларимиз учун муҳим тарбиявий аҳамиятга эга эмас.
Хўш, бизда ҳам ўғил-қизларимизга ҳар томонлама манзур бўладиган миллий руҳдаги яхши мультфильмлар яратишга нималар тўсқинлик қиляпти? Маблағ танқислигими ёки малакали кадрлар етишмаслигими?
Бу саволимизга мультипликатор ва аниматор, «Астр анимацион» студияси раҳбари Абдулатиф Ҳайдаровдан қуйидагича жавоб олдик:
– Хорижий мультфильмларни яратишга катта маблағ ажратилади. Масалан, «Маймоқ ва қизалоқ»нинг ҳар дақиқасини тайёрлаш учун ўн минг доллар сарфланган ва талай аниматорлар меҳнат қилган. Шунга мувофиқ, асар сифатли ишланган ва сон-саноқсиз мухлислар орттирган. Бизда эса мультфильмнинг 10 дақиқалик қисмига ҳам бунча миқдорда пул ишлатилмайди ва уни яратишга атиги ўн-ўн бешта киши жалб қилинади. Боз устига, меҳнат ҳақи ҳам кам. Ана шунинг оқибатида олий таълим муассасаларини тамомлаб, ишга келган ёшлар заҳматига яраша даромад ололмагач, бошқа ишга ўтиб кетишмоқда. Шунинг учун ҳам соҳада яхши кадрлар етишмайди. Қолганини ўзингиз тушуниб олаверасиз, деган умиддаман.
Хулоса ўрнида бир гап. Вояга етмаган болалар тарбиясига, биринчи навбатда, ота-оналар масъул. Улар болалари қайси ижтимоий тармоқдан қандай фойдаланаётганини, телевизорда қайси сериалларни кўраётганини ва улардан қандай таассурот олаётганини мунтазам равишда назорат қилиб боришлари, зарурат сезилганда, фарзандларига панд-насиҳат қилиб, тўғри йўлга солишлари шарт!

Диёра РАВШАНОВА
«ISHONCH»