Президент қарори нега бажарилмаяпти?

206

Бу гал «Ҳоким нега газета ўқимаяпти?» деган саволни бермаймиз. Ўқимаса, ўқимас, юмуши кўпдир, қолаверса, нашрларни мутолаа қилиб, мазмунини айтиб берадиган котиблари бордир.

Ўқиш нақадар зарурлигини, саводсизликни йўқотиш даркорлигини айтиш ҳам шарт эмас деб ўйлаймиз, чунки «Ақл ўргатма!» дейиши тайин. Ахир у ҲОКИМ – ўқимишли, зиё­­ли, вилоят ёки шаҳар аҳолисининг етакчиси. Шундай хислатлари бўлмаганида, раҳбар этиб тайинланармиди?
Ўқимаса ҳам бўлар, лекин улар мамлакатимиз Президентининг ҳар бир фармон ва қарорини ҳижжалаб ўқиши шарт эмасми? Ёки уларни ўқиш ҳам котиблар даражасига тушиб қолганми?
Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 11 майдаги «Халқ таълимини ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорининг 13-бандида раҳбар ва педагог кадрлар томонидан таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларни, соҳада жорий қилинаётган янгиликларни янада кенгроқ тарғиб этилиши, ўқувчиларнинг касбий ва шахсий ривож­ланишлари учун керакли бўлган маълумотларни олишлари учун имкониятларни кенгайтириш, уларнинг билими ва тафаккурини ошириш мақсадида халқ таълими йўналишидаги босма нашрларни таълим муассасаларига етказиб беришни таъминлаш вазифалари Қорақалпоғис­тон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари зиммасига юклатилди.
Афсуски, ушбу қарор ижроси молиячилар томонидан «Бюджет маблағларининг мазкур йўналишга ажратилишига рухсат йўқ» деган баҳона билан пайсалга солиб келинди. Президентимиз 2022 йил 27 июнда имзолаган «Оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш ва журналистика соҳасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорининг 1-қисми «в» банди билан эса бу баҳонага чек қўйилди. Аниқроғи, бюджет ташкилотларига улардаги «кутубхона фонди» харажат моддаси орқали даврий босма нашрлар, уларнинг электрон шакли ва электрон оммавий ахборот воситаларига обуна бўлиш учун маблағ йўналтиришга рухсат берилиши белгилаб ­қўйилди.
Яқинда ҳокимлик пиари учун қайсидир сайт билан тузилган 90 миллион сўмлик шартнома ижтимоий тармоқларда кўпчиликнинг назарига тушди. Бунга эътирозимиз йўқ. Пиар ҳозирги давр талабидир балки. Сайтнинг ҳам, сизнинг ҳам омадингизни берсин! Лекин юқорида таъкидланган қарорлар ижросига келганда «пул йўқ», шундайми? Тўғри, янги алифбомизда чоп этилаётган таълим нашрлари Сизнинг пиарингиз ёки вилоятингиздаги коррупцион ҳолатлар танқиди билан шуғулланмайди, лекин муаллимлар савиясини кўтариш, фарзандлар тарбияси ва саводини яхшилаш мақсадида чоп этилади.
Хулоса. Президент қарори кўзбўямачилик ёки пиар учун чиқарилмайди! Юқорида тилга олинган қарорда мактаб кутубхонаси фонди учун маблағ ажратиш зарурлиги уқтирилган. Кутубхона фондини ривожлантиришга ажратиладиган маблағлар эса Сизнинг шахсий мулкингиз эмас, жаноб ҳокимлар! Керакли маблағларни топиб, ажратиб, халқ таълимига оид газета-журнал шаклида шахсий назоратингиз остида мактабларнинг ғариб ҳолга келиб қолган кутубхонасига етказинг! Бу – Президент топшириғи!
Сарлавҳадаги саволга қайси ҳоким биринчи бўлиб жавоб бера олади? Шундай ҳоким борми ўзи?

Ҳалим САЙИД,
«Олтин қалам» миллий мукофоти совриндори