Осиёликлар дийдиёси мутасаддиларга қизиқ эмасми?

99

Шароф Рашидов тумани “Халқобод” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги Осиё қишлоғида 100-150 хўжалик бор. Лекин муаммолар бир талай. Биргина мисол: 9 та кўча ҳалигача номланмаган.

Уч нафар фарзанднинг онаси Фарида Умматова суҳбатимиз бошидаёқ “Муаммони ёритганингиздан фойда чиқишига ишонмайман”, дейди қатъий. Сабаби биздан олдин ҳам бу ерга масъуллар келиб, аҳолининг арз-додини эшитиб кетган. Аммо натижа йўқ…

– Кўчамизнинг аҳволини кўриб турибсиз, тағин ҳам бу энг бадастири, – дейди Фарида Умматова. – Қишлоқда ичимлик суви умуман йўқ. Қурби етганлар уйидан қудуқ чиқариб олган, лекин у ҳам ичишга яроқсиз.  Кўпчилигимиз кўчанинг бошида турган катта темир бочкадан сув ичамиз. Уни ҳам бир тадбиркор ўз ҳисобидан ҳафтада бир кун тўлдириб беради. Табиий газ ҳақида-ку айтмасам ҳам бўлаверади!

– Уч-тўрт йилдан буён шу ерни обод қилиш учун елиб-югурамиз, – дейди Комилжон Меҳмонов. – Яқинда Жиззах вилоят прокурорининг сайёр қабулида бўлиб, вазиятни тушунтирдим. Йўл, электр масаласини ҳал қилиш йўлида бир-иккита ишлар бошланди. Лекин тоза ичимлик сувидан дарак йўқ. Табиийки, оби-ҳаёт тақчил жойда томорқадан унумли фойдаланиб бўлмайди.

Ҳоким ёрдамчиси нима дейди?

– “Халқобод” маҳалла фуқаролар йиғини тасарруфига Тўптолобод, Ёйилма, Янгиҳаёт ва Осиё қишлоғи киради, – дейди “Халқобод” МФЙ раиси. – Осиё қишлоғида экин майдони йўқлиги сабабли фермер хўжаликлари ҳам мавжуд эмас. Фақат иккита чорвачилик фермаси ишлаб турибди. Сув муаммосини ҳал этилмайди, шекилли. Чунки неча бор масъул ташкилотлар билан биргаликда ўргандик, аммо амалий ишдан дарак йўқ.

– Иш бор жойда камчилик бўлади. Агар камчилик бўлмаса, у ер жуда ривожланиб кетган ёки иш тўхтаб қолган бўлади, – дейди маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси Хуршид Тожибоев. – Аҳоли бандлигини таъминлаш борасида ҳам ҳаракатдан тўхтаганимиз йўқ. Зарбдор туманидаги тўқимачилик корхонаси  ишчи-ходимлар зарур дея ўзлари иш таклиф қиляпти.

Ҳоким ёрдамчиси ушбу маълумотларни келтирар экан, аёллар ўз норозилигини яширмади. Уларнинг гапларига кўра, раис ҳам, ҳоким ёрдамчиси ҳам хонадонма-хонадон юришмаган. Ушбу ҳудудда яшаётган аҳолининг тўлиқ рўйхати, маълумоти шакллантирилмаган.

Хуршид Тожибоевнинг таъкидлашича, сув тармоғини тортиб келиш учун барча хонадонлар кадастр ҳужжатига эга бўлиши керак. Аммо бу ердаги оила хўжаликларининг бор-йўғи 20-30 фоизидагина ҳужжат бор, холос.

Транспорт муаммосини ким ечади?

Ҳудуддан чиқаётганимизда ўзини Ҳафиза Ҳазратқулова дея таништирган аёлни ҳам суҳбатга чорладик.

– “Осиё бозори” автобуснинг охирги бекати, — дейди у. – Маҳалламиз ҳудуди тобора кенгайиб, хонадонлар сони кўпайиб боряпти. Уйимиз кўчанинг ўртасида бўлгани сабабли бизга унчалик билинмайди. Бироқ бозор-ўчар қилиб, юк билан келадиган бўлсак, албатта, такси буюртма қилишга тўғри келади. Таксилар ҳам “Кўк бозор”дан “Осиё бозори”гача 4000 сўмга келса, ичкарига кириш учун қўшимча тўлов талаб қилади. Айниқса, нуронийлар, ёш болалар қийналяпти.

Машина ғилдираклари остидан кўтарилган чангга бурканиб, Осиё қишлоғи аҳолиси билан хайрлашдик. Улар ортимиздан умид ила боқиб қолди.

Муқимбой ИСМОИЛОВ