Кинематография агентлигида томонидан 13-18 сентябрь кунлари бўлиб ўтиши кутилаётган «Ипак йўли дурдонаси» XIV Тошкент халқаро кинофестивали шу шиор доирасида ташкил этилмоқда.
Шу муносабат билан бугун агентликда матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда киноагентлик масъуллари, кинофестиваль дирекцияси масъуллари ахбороти тингланди.

Тадбир аввалида Ўзбекистон Кинематография агентлиги Бош директори Фирдавс Абдухолиқов сўзга чиқиб, «Кино 5 кунда» танловининг аҳамияти, ундан кўзланган мақсадлар ва кутилаётган натижалар ҳақида гапирди.
Матбуот анжуманида “қулоққа чалинган” янгиликлар қуйидагилардан иборат:
«Фестивалимизнинг бош объекти «Киночилар уйи» ҳисобланади. Қарийб 30 йил давомида тўхтаб қолган фестиваль нуфузини яна қайта тиклаш учун бир қанча ишлар амалга оширилди, тадбир ўтказиладиган бинолар таъмирланди.
Фестиваль учун ёзги кинотеатр, махсус ЛEД экран ўрнатилди, ёзги ошхоналар барпо этилди.
Катта зал учун МДҲ давлатлари орасида ягона ДСП экран ўрнатилди. Шу билан бирга, яна иккита зал ишга туширилади ва уларга ҳам ДСП экранлар ўрнатилади.

Фестивалнинг асосий тадбирларидан бири «Кино 5 кунда» лойиҳасидир. Мазкур лойиҳага эртадан старт берилади. Бу йил унинг қамрови анча кенгайди.
«Кино 5 кунда» танловида Туркия, Беларусь, Испания, Япония, Ҳиндистон, Россия, Арманистон, Қозоғистон, Грузия ва бошқа мамлакатларнинг ёш киноижодкорлари иштирок этади».
Маълумот учун: танлов дастурида 1500 нафардан ортиқ ёш киноижодкор, дунёнинг 19 етакчи кино мактаби вакили иштирок этади. Танлов ғолиблари кинофестивалнинг ёпилиш маросимида тақдирланади.
Кинофестивалда 40 га яқин давлатдан 210 дан ортиқ чет эллик киноижодкор иштирок этиши кутилмоқда.



