Қонун ва қарор талаби қачон бажарилади?

60

Молия вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги ҳамда Самарқанд вилояти ҳокимлигига!

Хавфсиз ва кафолатланган иш ўринлари яратиш, ходимларнинг меҳнат, техника хавфсизлигини таъминлаш иш берувчи зиммасидаги вазифа. Аммо халқ таълими тизимида бу масалага эътибор ҳалигача суст. Мана, неча йилдирки, бу муаммо ўз ечимини топмасдан келаётир. Энг ачинарлиси, ҳали-ҳануз мактабларда меҳнатни муҳофаза қилиш талабларига риоя қилишини таъминлаш, унинг бажарилиши устидан назоратни амалга ошириш бўйи­­ча тегишли кўникмага эга ёки меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича тегишли тайёргарликдан ўтган мутахассис лавозими жорий этилганича йўқ.

Ваҳоланки, «Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги қонуннинг 12-моддасида ходимлар сони 50 ва ундан ортиқ бўлган ташкилотларда етарлича малака ва кўникмага эга мутахассис лавозими жорий этиш белгилаб қўйилган. Шунинг­дек, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 31 декабрдаги 1066-сонли қарори билан тасдиқланган «Ташкилотларда меҳнатни муҳофаза қилиш хизматини яратиш ва фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисида»ги низомда ҳам меҳнат муҳофазасини ташкил этиш вазифалари аниқ-тиниқ белгилаб қўйилган. Ўрганишлардан маълум бўлдики, халқ таълими тизими муассасаларида бу масалага мутасадди қилиб белгиланган шахслар етарлича малака ва кўникмага эга эмас.
Биргина Самарқанд вилоя­тидаги 1280 дан зиёд мактаб­­да ходимлар сони ўртача 60 нафардан кам эмас. Аммо ҳалигача мактабларда меҳнат муҳофазаси мутахассиси лавозими жорий этилганича йўқ.
Мактабларимиздаги яна бир ҳолат кишини ташвишлантиради. Бу – иш ўринларини меҳнат шароитлари ва асбоб-­ускуналарнинг жароҳатлаш хавфлилиги юзасидан аттестациядан ўтказиш масаласи. Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 15 октябрдаги қарорига илова қилинган Низомда ҳар 5 йилда камида бир маротаба меҳнат шароитлари ва асбоб-­ускуналарнинг хавфсизлиги шаҳодатланиши зарурлиги қайд этилган. Аммо бу масала ҳам тизим мутасаддилари эсидан чиқиб қоляпти.
Яна бир неча ойдан сўнг таълим муассасаларида иситиш мавсуми бошланади. Мактаб­ларда амалдаги қонун ва қарорлар талаби ижро этиладими ўзи? Агар ижро таъминланса, қачон?..

Усмон Каримов,
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Самарқанд вилояти кенгаши меҳнат техник инспектори