ёхуд она замин меҳрга муҳтож
Факт. БМТ маълумотларига кўра, чўлланиш бугунги кунда сайёрамиз аҳолисининг бешдан бир қисми ҳаётига хавф солаётир. Ер шаридаги қуруқлик майдонининг учдан бир қисми эса чўлга айланиши эҳтимоли бор. Деградация оқибатида ҳар йили дунё бўйича қарийб 7 миллион гектар ер қишлоқ хўжалиги тасарруфидан чиқиб кетмоқда. Ўз навбатида, бу қишлоқ аҳлининг иқтисодий ҳолатига жиддий салбий таъсир кўрсатмоқда. Масалан, жаҳон бўйича ҳар йили 42 миллиард доллар миқдоридаги даромад бой бериляпти.
Муаммоларнинг асосий сабаби нимада?
Дунёдаги барча экологик ўзгаришлар, ҳалокатлар табиий ва антропоген омиллар туфайли юз беради. Бу – аксиома! Аммо сўнгги вақтларда «Табиат – инсон – жамият» муносабатларида инсон омилининг таъсири кучайиб, бундай қарашларни буткул ўзгартириб юборди.
Биргина мисол. Ҳозир дунёда кунига 9 миллиард литр нефть ёқилиши туфайли ҳаводаги СО2 миқдори ортиб, ҳарорат кескин кўтариляпти. Музликлар эрияпти, океан сувининг физик хоссалари, гидрологик цикл ва иқлим яратувчи глобал жараёнлар ўзгармоқда. Натижада об-ҳавода катта ўзгаришлар рўй бериб, чўлланиш ёки тошқинлар кўпаймоқда.
Статистик таҳлиллардан маълум бўлишича, Курраи заминимизнинг 48,5 миллион квадрат километрга яқин кисми чўл ва чала чўллардан иборат. Уларнинг салкам 10 миллион квадрат километри антропоген омиллар таъсирида юзага келган. Аслида бу жараён табиий ресурслардан норационал фойдаланиш, қишлоқ хўжалиги ва саноатда инсон хўжалик фаолиятининг таъсири ортиб бориши билан боғлиқ.
Экспертларнинг фикрича, ерларни нотўғри суғориш ва унинг ифлосланиши, ўрмонларнинг беаёв кесилиши, саноат чиқиндилари, тош, қум ва минералларни қазиб олиш ишлари тўғри ташкил қилинмагани иқлим ўзгаришига таъсир кўрсатишидан ташқари унумдор ерларни яроқсиз ҳолатга келтирмоқда. Шунингдек, дунё аҳолиси сони ўсиб бориши ҳам чўлланишнинг асосий сабаблари сифатида қайд этилмоқда.
Минтақадаги ҳолат
БМТ Бош котибининг Сахелда (Саҳрои Кабирдан жанубда) қурғоқчиликка қарши кураш бўйича ҳукуматлараро қўмитага қилган мурожаатида «Яна 50 йил ўтар-ўтмас, Африка харитасида уч ёки тўртта мамлакат ҳудуди чўлга айланиб, мутлақо йўқ бўлиб кетиши мумкин», дейилган эди. Афсуски, бугун дунёнинг бошқа мамлакатларида ҳам чўл ҳудудлари кенгаймоқда. Бундай хавф Осиё, Африка ва Австралияда нисбатан юқорироқ.
Чўлланиш билан боғлиқ муаммо Марказий Осиё минтақаси, хусусан, Ўзбекистон учун ҳам бегона эмас. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги маълумоти бўйича бугунги кунда шўр босган ерлар юртимиз умумий майдонининг қарийб ўндан бир қисмини ташкил этмоқда. Албатта, Марказий Осиё мамлакатлари билан қиёслаганда Ўзбекистондаги вазиятни жуда чуқур муаммо, деб бўлмайди. Аммо бу хотиржамликка берилиш мумкин, дегани ҳам эмас. Минтақа мамлакатлари аро аҳвол ўртача 5-6 фоизгагина фарқ қилади, холос. Масалан, умумий деградация ва тупроқ унумдорлигининг камайиб кетиши Ўзбекистонда 66-70 фоиз бўлса, қўшни Қозоғистонда бу кўрсаткич 75-80 фоиздир. Марказий Осиёда эса умумий ўртача ҳолат 30 фоизни ташкил этади.
Масалага бефарқ қараб бўлмайди
Албатта, иқлим ўзгариши ҳам чўлланиш жараёнига ўз таъсирини ўтказяпти. Давлатимиз раҳбари қайд этганидек, биз яшаётган Марказий Осиёда сўнгги 30 йилда ўртача йиллик ҳарорат тахминан бир даражага кўтарилди. Минтақамиздаги асосий дарёлар ҳавзаси ва биологик хилма-хиллик қисқариб бораётгани жиддий хавотир уйғотмоқда. Буғланиш даражасини оширадиган газлар ва атмосферанинг кенг миқёсда ифлосланиши муаммоларни янада чуқурлаштирмоқда.
Сўнгги ўн йилликларда Марказий Осиёдаги ҳаво ҳарорати ярим даражага кўтарилди. Шу боис, сайёрамиз экологиясининг қалқони бўлган дарахтларни асраш, яшил майдонларни кенгайтириш жуда долзарб вазифа ҳисобланади. Бу борада мамлакатимизда Президент ташаббуси билан бошланган «Яшил макон» умуммиллий лойиҳасининг аҳамияти катта. Асосий гап мана шу эзгу саъй-ҳаракатни қоғозда ё хўжакўрсинга эмас, балки чин дилдан, шу замин, эртанги авлодлар учун қилиш керак.
Аслида чўлланишга қарши курашиш Янги Ўзбекистон сиёсатининг муҳим йўналишларидан бирига айланган. Соҳага жиддий эътибор қаратилиб, табиатни асраб-авайлаш, экологик ҳолатни яхшилаш бўйича муҳим ишлар амалга оширилмоқда. Масалан, давлатимиз раҳбари Орол денгизининг қуриши оқибатида юзага келган экологик ҳалокат таъсирини камайтириш бўйича БМТ Бош Ассамблеяси сессияларида сўз юритди, халқаро саммитларда муҳим таклифларни илгари сурди. Шу билан бирга, ўз имкониятларимизга таяниб, амалий ишлар ҳам олиб борилди. Хусусан, Орол денгизининг қуриган тубидан миллионлаб тонна чанг ва заҳарли тузлар кўтарилиб, катта ҳудудга тарқалар эди. Шавкат Мирзиёев 2018 йили Мўйноққа ташрифи чоғи олимлар билан маслаҳатлашиб, у ерда шўрга чидамли ўсимликлар экиш вазифасини белгилади. Ўтган йилларда денгизнинг сув қуриган қисмида 1,5 миллион гектардан ортиқ майдонда тўқайзор барпо этилди. Бунинг учун саксовул, қорабўроқ, қандим, черкез каби чўл ўсимликларидан уруғ тайёрланиб, қийин шароитларда экилди. Бу жараёнда минглаб ишчилар қатнашди, техникалар, самолётлар жалб этилди. Ушбу хайрли ҳаракат давом эттирилмоқда.
Яна бир эътиборли жиҳати, Президентимиз 2021 йилнинг август ойида Туркманистонда бўлиб ўтган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг учинчи Маслаҳат учрашувида минтақа давлатларининг иқлим шароити ўзгаришига хизмат қиладиган Марказий Осиё учун «Яшил кун тартиби» минтақавий дастурини ишлаб чиқиш таклифини илгари сурди. Қолаверса, юртимиздаги экологик вазиятни янада барқарорлаштириш, чўлланишга қарши курашиш самарадорлигини ошириш бўйича бир қанча концептуал ҳужжатлар қабул қилинди. Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 22 февралдаги «Ўзбекистон Республикасида чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши курашиш бўйича ишлар самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори, 2030 йилгача атроф-муҳитни муҳофаза қилиш концепцияси, 2019-2030 йилларда Ўзбекистон Республикасининг «яшил» иқтисодиётга ўтиш стратегияси, 2021-2023 йилларда Ўзбекистон Республикасида сув ресурсларини бошқариш ва ирригация соҳасини ривожлантириш стратегияси шулар жумласидандир. Асосий гап ана шу ҳужжатларда белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлашда.
Соҳа мутахассислари нима дейди?
Ваҳоб РАФИҚОВ,
география фанлари доктори, профессор:
– Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги иқтисодиётнинг етакчи тармоғи саналади. Унда 3,6 миллион киши, яъни иқтисодиётда банд бўлганларнинг 27 фоизи ишлайди. Соҳанинг ЯИМдаги улуши 32 фоизга тенг бўлса, фойдаланиладиган ер майдонлари республика ҳудудининг 45 фоизини эгаллайди. Ҳозирги кунда 80 дан ортиқ турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари 180 дан зиёд мамлакатга экспорт қилиняпти. Чўлланиш эса, табиийки, экспорт ҳажми кескин қисқаришига олиб келади. Бу фермерларга, мамлакат иқтисодиётига зарар келтиради. Шу боис, соҳани янада ривожлантириш, фермерлар даромадини ошириш ҳамда табиий ресурслардан барқарор фойдаланиш мақсадида бир қатор таклифларни ўртага ташлашни мақсадга мувофиқ, деб биламан.
Биринчидан, юртимизда чўлланиш муаммосига давлат миқёсида қаралиши керак. Яъни ер ва сув ресурсларини бошқаришдаги иқтисодий механизмлар ҳамда ҳуқуқий асосларни такомиллаштириш ва меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига қатъий риоя этилиши устидан назоратни кучайтириш зарур.
Иккинчидан, мамлакатда чўлланиш муаммоси билан шуғулланадиган ягона муассаса – География институтини ташкил этиш лозим. Масалан, қўшни Қозоғистонда шунақа институт бор. Бизда ҳам ташкил этилса, у бевосита чўлланиш, сув, тупроқ муаммолари билан шуғулланарди.
Қолаверса, чўл-адир ҳудудида ўсаётган ўсимлик дунёсига жуда эътиборли бўлиш керак. Муҳими, чўл ҳудудида ўсган бута, дарахтларнинг аҳоли томонидан аёвсиз кесилишини тўхтатиш лозим. Куз-қиш мавсумига тайёргарлик вақтида дарахтларни кесмаслик, аксинча, чўл туризмини ривожлантириш керак. Бу борада Экология қўмитаси ҳамда Экологик партия масъулиятини янада ошириш зарур.
Шунингдек, тупроқ эрозияси ҳамда ерлар деградациясининг олдини олиш мақсадида бир қатор ҳуқуқий ҳужжатлар – «Ер тузиш тўғрисида»ги, «Тупроқ унумдорлиги тўғрисида»ги қонунларни қабул қилиш мақсадга мувофиқдир.
Наргис ҚОСИМОВА,
экожурналист:
– Менимча, оилада экологик тарбия берилмаслиги, таълим муассасаларида экологияга бағишланган соатларнинг ўта камлиги, атроф-муҳитга зарар етказганлик учун жарималарнинг камлиги, экологик йўналишдаги ташкилотлар фаолиятининг сустлиги ташвишланарлидир.
Аслида бу бизнинг фожиамиз. Шундай экан, инсоннинг табиатга бўлган муносабатини ўзгартириш, яхшилаш керак. Бунинг учун бошланғич таълимда экология дарслари ўқитилишини қайта йўлга қўйиш ёки дарс соатларини кўпайтириш зарур.
Шуҳрат БОБОМУРОДОВ,
Тупроқшунослик ва агрокимёвий тадқиқотлар институти директори, биология фанлари доктори:
– Экологик муаммоларни бартараф этиш, оқибатларини юмшатиш, юзага келаётган муаммоларни ҳал этиш, умуман, атроф-муҳитни муҳофаза қилишда ҳамжиҳатликда иш олиб боришнинг аҳамияти катта. Бунинг учун юртимиздаги чўлланиш билан боғлиқ вазиятга, энг аввало, жамоатчилик эътиборини қаратиш зарур. Буни тупроқ сифати ва унумдорлигини кун тартибига қўйишдан бошлаш керак. Бусиз кўзланган натижага эришиш қийин.
Ўзбекистонда хорижий тажриба асосида сувни тежовчи технологияларни кенгроқ жорий этиш, органик ўғитлардан фойдаланиш, ўсимликларни аралаш етиштириш каби чора-тадбирларни амалиётда қўллаш жуда долзарб, деб ўйлайман.
Хориж тажрибаси:
Хитой ва Исроил эффекти
Хитой ўз ҳудудида ерларнинг чўлланишига қарши муросасиз кураш олиб бормоқда. Жумладан, «Яшил девор» лойиҳаси орқали Гоби чўлини ўрмонга айлантирди. Лойиҳа 1978 йилда бошланган бўлиб, унга 9,9 миллиард доллар йўналтирилди. Мамлакатнинг мазкур сунъий ўрмони 2009 йилга нисбатан 12 фоиздан 18 фоизгача, 2021 йил якунлари бўйича эса қарийб 60 фоизгача ўсган. Яъни бутун бошли чўлнинг ярмидан ортиғи инсон қўли билан ўрмонга айлантирилган. Бу ер юзида сунъий яратилган энг катта ўрмондир.
Бугунги кунда чўлланишга қарши курашиш ва дарахтлар сонини кўпайтириш учун Хитой фермерларга тупроқ кам бўлган ҳудудларда тепаликларга, қурғоқчил минтақаларда дарахт ва буталар экиш учун маблағ ажратмоқда. Бироқ, экспертларнинг таъкидлашича, бу бошқа муаммога олиб келиши ҳам мумкин. Агар чўлга экилган дарахтлар илдиз отиб, майдонга мослашиб кетса, тупроқдаги намлик пасайиши мумкин. Чунки бошқа минтақаларга қараганда ўрмондаги сув кўпроқ буғланади.
Исроил давлати ҳам бу борада анча илғор. Аммо мамлакатнинг 95 фоиз ҳудуди қуруқ ва иссиқ иқлимга эга. Унинг 60 фоизга яқинини эса Негев чўли эгаллаган. Шу боис исроилликлар чўлланишга ва тупроқ таназзулга учрашига қарши мунтазам равишда муайян чора-тадбирлар кўришаяпти.
Исроилнинг чўлга қарши дастурида сувнинг марказлаштирилган бошқарувига эътибор қаратилган. Бундай бошқарув сув танқис минтақаларга нисбатан катта миқдордаги сув етказиб бериш, сув захираларининг тўпланиши ва қурғоқчилик йилларида уни истеъмол қилиш, қишлоқ хўжалигида фойдаланиш учун чиқинди сувларни тозалаш, яйдоқ ерларга дарахтлар экиш, қолаверса, ўсимликларнинг хусусияти, иқлим ва тупроқ шароитларига мослаштирилиши каби жиҳатларни ўз ичига олади.
Сўнгги 50 йил ичида айни мақсадда бу ерда 260 миллиондан ортиқ дарахт экилди. Бироқ ҳудудларнинг аксарияти қуруқ, тоғли, қишлоқ хўжалиги учун яроқсиз бўлгани сабабли Исроил янги – ярим қуруқ ва қуруқ ерларни саванналарга айлантириш технологиясини ишлаб чиқишига тўғри келди. Ушбу амалиётнинг афзаллиги шундаки, бу жараёнда дарахтлар билан ўралган тоғ ёнбағирларида ҳам ҳосил етиштириш мумкин.
Чўлланиш ва унга қарши олиб борилаётган кураш ҳақида яна узоқ гапириш мумкин. Масала моҳиятини англаш, тушуниш учун эса атрофга теран нигоҳ ила разм солиш кифоя.
Муҳаммаджон АҲМАДЖОНОВ,
журналист



