Зангиота тумани туризм ва спорт бўлими бош мутахассиси М.Собирова билан тузилган меҳнат шартномаси меҳнат интизомини бузгани сабабли бекор қилинди. Унинг бундан норози бўлиб Маданият, спорт ва туризм ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашига қилган мурожаати тегишли ҳужжатлар асосида ўрганилди.
Иш берувчи ҳисобланган Тошкент вилояти туризм ва спорт бош бошқармаси (ҳозирги Тошкент вилояти туризм ва маданий мерос бош бошқармаси)нинг буйруғи билан М.Собированинг меҳнат шартномаси Меҳнат кодексининг 100-моддаси, иккинчи қисми, 3-банди асосида бекор қилинган. Бироқ бу жараёнда бош бошқарма томонидан қонун талабига риоя этилмаган. Яъни, Меҳнат кодексида интизомий жазо ножўя ҳаракат аниқланган кундан кейин узоғи билан бир ой ичида қўлланилиши белгиланган бўлса-да, ушбу муддат ўтгандан сўнг ишдан бўшатиш жазоси қўлланган. Қолаверса, ходимнинг меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилинишига розилик бериш масаласи кўрилган бошланғич касаба уюшма қўмитаси йиғилишига М.Собирова таклиф этилмаган.
Тармоқ касаба уюшмаси Республика кенгаши йўл қўйилган камчиликларга асосланиб бош бошқармага М.Собировани аввалги лавозимига ишга тиклаш тўғрисида ёзма кўрсатма киритди. Бироқ кўрсатма эътиборсиз қолдирилди.
Ушбу масала Фуқаролик ишлари бўйича Ўртачирчиқ туманлараро судида кўриб чиқилди. Суд жараёнида ишга тиклашга асосли далиллар тақдим этилган бўлса-да, инобатга олинмасдан, даъвони рад этиш ҳақида қарор қабул қилинди. Шундан сўнг Тошкент вилоят судининг Фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатига апелляция шикояти киритилди. Вилоят суди томонидан туман судининг қарорини бекор қилиш, М.Собировани аввалги ишига тиклаш ҳамда унга моддий ва маънавий зарарларни қоплаш учун 11943130 сўм маблағ ундириш тўғрисида ажрим қабул қилиниб, қонун устуворлиги таъминланди.
Арипжон ГАЙНАЗАРОВ,
Маданият, спорт ва туризм
ходимлари касаба уюшмаси Республика
кенгаши бош юрисконсульти
