Шаҳар

48

Талабалик йилларим раҳматли дадам бир марта Тошкентга олма сотгани келганди. Ўша йили ҳовлимиздаги олмалар шохлари ҳосилдан эгилиб, тиргак ёғоч роса керак бўлган экан.

Дадам Олой бозорида уч кун савдо қилиб, тўртинчи куни нимадандир хафа бўлиб, қолган олмаларни олибсотарларга улгуржи бердилар-у, қишлоққа қайтдилар. Поездга ўтираётганларида: «Дада, якшанба куни Тошкентни айлантирмоқчи эдим (у пайтлари университетда бир соат ўқишдан қолиш мумкин эмас эди), олманинг қолганини арзон-гаровга бериб юбордингиз», десам, «Э, ўғлим-ей, Тошкент менга ёқмади, уч кун олма сотдим, бир киши эҳсонга демади, ҳаммаси «Яхшисидан беринг, балнисага обораман», дейди. Яхшисини териб-териб берсам, бошқаларнинг ҳақига хиёнат қилган бўламан-ку. Эҳсонга деса, савобга қўшилиб қолай деб, бир-иккита қўшиб бермоқчи эдим. Нима бало, шаҳарда ҳамма касалми?», дедилар.
Нима демоқчи бўлганларини кейинроқ – таътилга борганимда ўзларидан сўраб олганман.
Бозорда савдо қилиш қоидасини дадам косонсойлик мулла Жўра охундан эшитган эканлар. «Олма сотасизми, нокми, гўшт ёки буғдойми, паллани тўғри қўйинг ва тўғри келтиринг, − деган экан бу донишманд инсон. − Фалон сўмга бай очдингизми (яъни келишдингизми), паллани шунга тўғриланг. Оғир қилманг − савдо бузилади. Агар хайр қилмоқчи бўлсангиз, сотаётган нарсангизни палладан олиб, харидорнинг идишига солиб бергач, «Мана буниси биздан сизга совға, дуо қилиб қўясиз», денг. Шундай қилсангиз, савоб иш қилган бўласиз».
Биз томонларда ҳали ҳам шундай. Эҳсон охирида қовун-тарвуз, мева-чевани етиштирган деҳқон-у боғбон ҳақига ҳам дуо қилинади.
Шаҳарда бўлса…

БАХТ

Кўп йиллар бўлди. Бекатда автобус кутиб ўтиргандим. Ҳар доим вақтида келадиган 28-дан негадир бугун дарак йўқ. Бугун ҳам дарсга кеч қолсам устоздан гап эшитаман. Бетоқат бўла бошладим. Бошқа йўналишдаги автобуслар бирин-кетин келиб турибди.
Ана, яна биттаси келиб тўхтади. Аммо мен кутаётганим эмас. Ҳамма ўзини ичкарига урди. Қўлида бир қучоқ китоб, ўзим тенги бир қиз ҳам. Шошилганидан китоблардан бири пастга сирғалиб тушди. Ҳай-ҳай дегунча эшик ёпилиб, автобус ўрнидан қўзғалди.
Китобчани қўлимга олдим. Юпқагина. Номини ўқиб, ғалати бўлиб кетдим: «Бахт ўз қўлингда». Қиз ҳам талаба бўлса керак. Машғулотларга тайёрланаётиб, шу китобчага кўзи тушган, ўқишни ният қилган. Аммо…
Ҳамманинг бахти шундоққина ёнида туради, дейишади. Аммо биз уни кўрмаймиз, сезмаймиз, гоҳида эса… қўлдан чиқариб юборамиз.

Аҳмаджон МЕЛИБОЕВ