* Кексаликнинг қадр-қиммати тажрибадан сабоқ чиқара олишдадир.
* Атторнинг растасида кераксиз нарса бўлмайди.
* Фақат илмлиларгина илм борасидаги баҳсни ҳазм қила олади.
* Илгари ота-она фарзандига «Қилганингни бил, болам!» дерди. Эндиги ота-она эса «Билганингни қил, болам!» деяпти.
* Иштиёқи йўқ одам илмни ҳазм қила олмайди.
* Биз ўғил-қизларимизга илм, касб-ҳунар, муқим яшаш ва иш жойи бермасдан уларни турмуш қуришга ундар эканмиз, оила бузилишини камайтира олмаймиз.
* Оилавий шароити оғирлиги ёки бошқа муаммоси учун раҳмимиз келиб, илмсиз битта талабага берган «ёрдамимиз» минг нафар илмсизга йўл очади. Илмни унга иштиёқи, имконияти бор йигит-қизлар олсин. Эҳтиёжмандлар учун давлат берган имтиёзлар етиб ортади.
* Бугун, назаримда, ўзининг борлигини кўрсатиб қўйиш, шуҳратпарастлик ўзаро пойга қўяётгандек. Бу пойгада кўтарилган чанг миллат маънавиятининг ўпкасига тиқилиши бор гап.
* Топшириқни беришдан кўра унинг ижросини назорат қилиш ва таъминлаш оғирроқ кечади.
* Пастдан чиқадиган ташаббус ва таклиф тез жорий этилади, чунки у аҳоли сезаётган эҳтиёж туфайли пайдо бўлади.
* Иш тутуми (услуби) шаклланмаган раҳбарнинг ишида унум бўлмайди.
* Илтимос бор жойда ҳеч қачон адолат ўрнатиб бўлмайди. Илтимос коррупциянинг қулоғидир.
* Жамоани ҳам, дунёни ҳам аламзада ва ўртамиёна одамлар бузади. Аламзада ўчини олибгина таскин топади, ўртамиёна эса ўзидан кучлиларнинг оёғига осилади, ўзидан кучсиз, аросатдаги нодонларга «ақл» ўргатади.
* Вақт сўзловчи учун ҳамиша камлик қилади, эшитувчи учун кўпайиб кетгандек туюлаверади.
* Нафақат юқори табақада, пастки табақада ҳам кўпчиликнинг озчиликка бўйсуниши демократиянинг бузилишидир.
* Шуҳратпараст кимса қуёш билан ой ҳам мен учун чиқяпти, деб ўйлайди. Улардан ҳамма баҳра олаётганини тушунгиси келмайди.
* Манманлик ва кибр ўзи ҳақида бошқалардан эътироф ва яхши фикр талаб қилишдан бошланади.
* Биз, назаримда, муаммо билан эмас, балки бир-биримиз билан курашаётганга, бир-биримизни ёмон кўриб бораётганга ўхшаймиз. Чунки гапирувчи кўп – эшитувчи йўқ, изоҳловчи кўп – тушунишни истовчи йўқ.
Фармон ТОШЕВ
