Бугун ўқитувчи зиммасига ўта залворли масъулият юкланган. Халқ таълими мутасаддилари, мактаб маъмурияти, ота-оналар елкадош бўлмаса, масъулият юки манаман деган муаллимларни ҳам эзиб ташлаши ҳеч гап эмас. Айниқса, ўрта мактаб ўқитувчиларини аттестациядан ўтказиш масаласини қайта кўриб чиқиш керакка ўхшайди. Ҳозирги аттестация тартиби бевосита коррупцияга, лоқайдликка, тартибсизликка, бепарволик ҳамда таниш-билишчиликка бошлаётгандек гўё.
Келинг, мисолга юзланайлик. Шу йилнинг 7 апрель куни Навоий шаҳридаги 8-умумтаълим мактабида бўлиб ўтган аттестация жараёнини шахсан ўзим кузатган эдим. Афсуски, 2022 йил 7 апрель соат 11.00 да аттестацияга кириши лозим бўлган ўқитувчиларнинг бир гуруҳи марказий база ишламагани сабабли кеч соат 16.00 гача мактаб ҳовлисида кутишга мажбур бўлди. Бир томондан ёмғир, иккинчи томондан, аксарият ўқитувчилар рўза тутишган экан.
Рамазон ойи бўлишига қарамасдан, мактабда узоқдан келган ўқитувчилар учун ҳеч қандай шароит яратилмагани кўпчилик устозларни қийнаб қўйди. Қолаверса, кимдир 300 километр узоқдаги Учқудуқ туманидан, 200 километр масофа наридаги Зарафшон шаҳридан етиб келишган. Шунингдек, Навоий шаҳрига яқин бўлмаган Томди, Нурота, Конимех туманларидан ҳам турли ёшдаги ўқитувчилар аттестацияга чақирилган эди. Баъзи муаллималар иложсизликдан ёш болаларини ҳам етаклаб олишган. Афсуски, на халқ таълими бошқармаси мутасаддилари, на аттестация комиссияси масъуллари аттестацияга жиддий тайёргарлик кўришган. Ҳатто навбат кутаётган ўқитувчилар учун ўтиришга ўриндиқлар ҳам қўйилмаган. Бир қултум сув ёки бир пиёла иссиқ чой масаласини-ку, қўяверинг!
Бир-икки кун аввал аттестация жараёни онлайн тарзда ўтказилиши эълон қилинган бўлса-да, офлайн тартиби қўлланилди. Натижада юзлаб ўқитувчилар ҳузур-ҳаловатини, кўнгил хотиржамлигини йўқотдилар. Соғлиғи ёмонлашганлар ҳам бўлди.
Нима учун аттестация жараёни ўқитувчи-устозларга бунчалик азоб бериши керак? Нима учун аттестация комиссияси ёки мактаб жамоаси синовга келган кишиларга бунчалик бефарқ? Бизда қачон ўқитувчининг қадри юксалади?
Хулоса қилиб айтганда, ўрта мактаб ўқитувчилари учун жорий қилинган аттестация тартиби бугунги кун талабига мутлақо жавоб бермайди. Унинг ҳар бир детали, ҳар бир дақиқаси таниш-билишчиликка асосланган. Шунинг учун ҳам баъзи ўқитувчи-устозлар бу жараёнга жиддий тайёргарлик кўрмасдан келишади. Қолгани бор товоғим, кел товоғим деганларидек, оппа-осон ҳал бўлади. Қолаверса, комиссия ҳужжатларини сохталаштириш ҳам унчалик қийин иш эмас. Ўқитувчи ўз билимига ишонмаса-да, аттестациядан бемалол ўтишини билади. Таълим тизимидаги бу жараён фарзандларимизни саводсизлик, устозларимизни эса масъулиятсизлик кўчасига етакламоқда.
Халқ таълими вазирлигининг ушбу масалада таҳририятга бир энли жавоб хати йўллашидан умидвормиз…
Нормурод Мусомов
