Сим ўғрилари

66

Халқимизда кўр ҳассасини бир марта йўқотади, деган нақл бор. Аммо уни Фахриддин (исмлар ўзгартирилган) эшитмаган чоғи, ҳассасини бир неча бор «йўқотиб қўйди»…

У 2015 йилда Жиноят ишлари бўйича Олмалиқ шаҳар суди томонидан ўғирликда айбланиб, жазога тортилган эди. Аммо бу унга сабоқ бўлмади.
Жорий йилнинг май ойида Фахриддин Олмалиқ шаҳридаги автомобиль ювиш шохобчасининг бирида ишлайдиган таниш­лари – Шоҳруҳ ва Фурқат билан ўзаро тил бириктириб, кечаси «Озодлик» ва «Оҳангарон» бекатлари оралиғидаги темир йўлга «ов»га чиқишади.
Манзилга етиб келгач, Фахриддин ўз бошқарувидаги «Дамас» русумли автомашинада пойлоқчиликда қолади. Шоҳруҳ ва Фурқат иш қуроллари билан темир йўл изи бўйлаб кетади. Темир йўл изидаги 27 минг киловаттли симни кесишни бошлаган чоғи Шоҳруҳни электр токи уради. Лекин жароҳат етмайди. Шундан сўнг ҳафсаласи пир бўлиб, икковлон ортига қайтишади.
Бу «огоҳлантириш» уларга кор қилмайди. Яна бир ҳафтадан сўнг улар бу ишга қайта жазм қилишади. Фақат бу сафар манзил ўзгаради. Янада кучлироқ тайёргарлик кўрган шоввозлар тунда, тахминан соат 3:00 да «Кучлук» ва «Тўйтепа» темир йўл бекатлари оралиғидаги темир йўл яқинига келишади. Худди аввалгидек Фахриддин қўриқчиликда қолади. Шоҳруҳ ва Фурқат эса «уддалаб бўлмас топшириқ»қа уннашади.
Бу сафар уларнинг омади келади – темир йўл изининг юқорисидан ўтган «М-100» ва ­«М-95» маркали мис симларни кесиб олишди. Эртаси куни 100 метр ўғирланган симни Янгиобод бозорида Фарида исмли аёлга бир килограммини 75 минг сўмдан сотиб, даромадни бўлишади.
Осон йўл билан топилган пуллари тугагач, уларнинг ўрганган кўнгли яна ўртана бошлайди. Бу сафар улар «Оҳангарон» ва «Ақча» темир йўл бекатлари оралиғидаги темир йўл изига ўрнатилган электр симларни кесиб олишади ва аввалгидек килограммини 75 000 сўмдан пуллашади.
Бу ишлар йигитларни янада «руҳлантириб» юборади. Аммо улар «Ақча» ва «Облиқ» темир йўл бекатлари оралиғида жиноят содир этаётган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинади.
Ҳеч бир жиноят жазосиз қолмайди. Қилмиш – қидирмиш ­дейдилар. Сим ўғирлаб сотишнинг ҳадисини олган бу йигитлар энди қонун олдида жавоб беришади.
Шерзод ШОДМОНОВ,
Ички ишлар вазирлиги Транспортда хавфсизликни таъминлаш бош бошқармасининг
ўта муҳим ишлар бўйича терговчиси