Cочни ёйиб юриш модами?

80

Болалигимда Қудрат момом сочимни тараб, ўриб қўярди. Кейинроқ эса менга сочимни ўтириб, олдимга рўмолимни ёйиб тарашимни, тушган соч толаларимни мевали дарахт остига кўмишимни ўргатди. Соч толаси тушган жойни кимдир оёғи билан босса ёки ҳатлаб ўтса, бош оғришини уқтирди.

Мактабга чиққанимда бошқа қизлар каби мен ҳам сочимни иккита қилиб ўриб, лента тақиб юрардим.
Пойтахтга илк маротаба келганимда айрим қизларнинг сочини ёйиб юрганини кўриб, ҳайрон бўлганман. Бугунги кунда эса мактабга бораётган кўпгина қизларнинг сочи ёйилган. Жамоат транспортига чиқса, ёйилган сочлар кимларнингдир ғашига тегиши аниқ. Аммо, негадир ота-оналар ўқувчи қизларининг сочларини йиғиштириб, ўриб юришига ва кийинишига кам эътибор беришади.
Яқинда Тошкент шаҳар Миробод туманидаги 147-мактабга бордим. Мактаб директори Замира Исаева мени ўқувчилар билан таништирар экан, қизлардан бирининг ёнига бориб, унга сочини йиғиштириб олишни таъкидлади. Қизча дарҳол сочини ўриб олди.
Буни кўриб, менинг ҳам кўнглим ёришиб кетди.

Хонбиби ҲИММАТ қизи,
журналист