– Охирги пайтларда телевизорни қўйсангиз, қандайдир сериал намойиш қилинаётган бўлади, – дейди меҳнат фахрийси Ражаббиби Хўжаниёзова. – Мен хоҳ туркча, хоҳ корейсча ёки ўзбекча бўлсин, уларни томоша қилишга қизиқмайман.
Негаки, шу пайтгача айримларида бирон-бир бамаъни мавзу кўтарилганини кўрмадим. Лекин оилавий можаролар, беҳуда асабийлашишлар, тирноқ остидан кир ахтариб, бир-бирига чоҳ қазишлар, қурол ўқталиб, қасд олишга интилишларни кўп кузатиш мумкин. Шунга қарамай, орамизда бунақа фильмларни томоша қилишга қизиқадиганлар, айниқса, уй бекалари кўп. Уларнинг тор давралардаги ва кўча-кўйлардаги ўзаро суҳбатлари кўпинча ўша сериаллар ҳақида бўлади. Шундай кезларда «Бу аёллар фарзандларига қандай тарбия беришар экан?» деб ўйлаб қоламан…
Дарвоқе, ҳозирги кунда қимматбаҳо вақтининг асосий қисмини турли-туман сериалларни кўришга сарфлаётган хотин-қизлар ҳам талайгина. Улар билан суҳбатлашсангиз, «Телевизорда шуларни намойиш этаётган бўлишса, айб биздами? Ахир, биз ҳам бўш вақтимизни нима биландир овуниб ўтказишга ҳақлимиз-ку!» дейишади.
Бир қарашда, уларнинг гапида жон бордек туюлади. Бироқ бизда «Маҳалла», «Маданият ва маърифат», «Ўзбекистон 24» каби бир қанча телеканаллар ҳам мавжуд. Улар орқали ижтимоий-сиёсий, маънавий-маърифий, ахлоқий-тарбиявий аҳамиятга молик, оила даврасида бемалол кўриш мумкин бўлган кўрсатувлар эфирга узатилади. Бундан ташқари, ота-оналарнинг фарзандларини газета-журналлар ва бадиий асарлар ўқишга даъват этиши, бу борада аввало ўзлари ибрат кўрсатишлари уларнинг ҳар томонлама баркамол инсонлар бўлиб вояга етишида муҳим аҳамият касб этади.
Бинобарин, бу масалага жиддий эътибор қаратиш керак. Савияси паст ва миллатимиз менталитетига ёт қандайдир сериалларни томоша қилиб, вақтни беҳуда ўтказгандан кўра, фойдали иш билан шуғулланган минг карра афзал. Ана шу боис бугунги кунда телевидение орқали берилаётган баъзи кинофильмлар, концертлар ва клиплар тўғрисида танқидий фикрлар билдириляпти, ҳатто уларни экрандан олиб талаш масаласи ўртага кўндаланг қўйиляпти. Бизнингча, мутасаддилар бу талаб-истакларни эътиборга олишлари, муаммони имкон қадар тезроқ ижобий ҳал этиш чораларини кўришлари керак.
Меҳрибон ТИЛЛАЕВА,
журналист



