«Бу йил ҳам шифохонага ўтин кўтариб борамизми?»

144

Учкўприк туманининг «Бобошбек» МФЙ ҳудудидаги 60-сонли оилавий поликлиникага қарашли «Чорбоғ» шифокорлик уйи 7 минг нафардан ортиқ аҳолига тиббий хизмат кўрсатади.

1997 йилда фойдаланишга топширилган бино ҳозир анча хароб аҳволда. Бу ерда на беморларнинг муолажа олиши учун, на шифокорларнинг ишлаши учун етарлича шароит бор.
Қизиғи, қиш кунларида беморлар шифо масканига хоналарни иситиш учун ўтин кўтариб келишади.
Бу мавзуда аввал ҳам «Ishonch» газетасида мақола чоп этилганди. Шундан сўнг туман ҳокими, туман тиббиёт бирлашмаси раҳбарлари поликлиникадаги аҳвол билан танишган эди. Ўрганишлардан сўнг шифокорлик уйининг иссиқлик таъминоти ва бино иншоотларни жорий таъмирлаш учун 396 миллион сўм ажратиладиган бўлганди.
Аҳолининг таъкидлашича, бироздан сўнг, яъни шу йилнинг февраль ойи­­да таъмирлаш ишлари бошланган. Аммо, афсус­ки, жараён якунига етмасдан ташлаб кетилган. Бундан ҳам ёмони, муолажа, патронаж, эмлаш ҳамда УАШ хоналарининг таъмирига қўл ҳам урилмаган.
– Поликлиникада таъмирлаш ишлари қишда бошланган эди. Мана, ҳалигача тугагани йўқ, – дейди муолажа олишга келган Салимахон Сотволдиева. – Хоналарда беморлар учун умуман шароит йўқ.
– Ноиложликдан шу ерда ётибман. Агар соғлиғим яхши бўлганида, бу ерга қадам ҳам босмаган бўлар эдим, – дейди бемор Шарофатхон Омилова. – Наҳотки, бошланган ишлар шу тахлит қолиб кетаверса? Нега раҳбарлар одамларнинг саломатлигига бефарқ қарашаяпти? Ахир бу ер омборхона эмас, шифохона-ку!..
Шу ўринда савол туғилади, модомики, муассасани таъмирлаш учун салкам 400 миллион сўм йўналтирилган экан, унда нега ҳалигача таъмир якунланмаяпти?
Айнан шу саволга жавоб олиш мақсадида Учкўприк тумани тиббиёт бирлашмасида бўлдик.
Бирлашма бош ҳисобчиси Алишер Ҳожиматовнинг таъкидлашича, 60-сонли ­оилавий поликлиникага қарашли «Чорбоғ» шифокорлик уйининг таъмирлаш ишларига 217 миллион сўм маблағ ажратилган ва таъмирлаш ишлари тез кунларда бошланади (Аввалги қарийб 400 миллион сўм ҳомийлик ёрдами экан).
Шундан сўнг Учкўприк тумани ҳокими Аброржон Асқаров, туман тиббиёт бирлашмаси бош врачи Баҳодиржон Орипов билан ҳам суҳбатлашдик. Улар муассасадаги ҳолатдан хабарлари борлиги, шифокорлик уйида шу кунларда таъмирлаш ишлари бошланиши, поликлиниканинг барча ром-эшиклари, поли, иситиш тизими янгиланиши, умуман, таъмирлаш ишларидан сўнг шифокорлар учун ҳам, беморлар учун ҳам қулай шароитлар яратилиши ҳақида маълум қилишди.
Биз мутасаддиларнинг сўзларига ишондик. Аммо одамлар негадир «бу йил ҳам шифохонага ўтин кўтариб борадиганга ўхшаяпмиз», дея бу ваъдаларга ишонишмаяпти.
Нима бўлганда ҳам, кутайлик-чи? Балки бу сафар масъуллар гаплари устидан чиқишар? Мавзуга эса яна қайтамиз.

Жамшид ЭРГАШЕВ
«ISHONCH»