Бу ношукурлик эмасми?

72

Ҳозирги таҳликали замонда кўплаб мамлакатлар иқлим ўзгариши, табиий офатлар, турли касалликлар билан боғлиқ оғир синов ва машаққатларни бошидан кечиряпти. Уларнинг орасида ичимлик сув танқислиги ҳам инсониятни жиддий хавотирга солаяпти. Европа ва Осиёдаги қатор давлатлар, жумладан, Хитой ва Япония аҳолиси чучук сув тақчиллигидан қаттиқ азият чекяпти.

Шундан келиб чиққан ҳолда, бизнинг юртимизда ҳам ушбу глобал муаммони бартараф этиш юзасидан тегиш­ли қарорлар қабул қилиниб, кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Албатта, самараси ҳам кутилганидек бўлмоқда. Масалан, Сирдарё вилоятида аҳолини тоза ичимлик сув билан қамраб олиш даражаси бугунги кунда 83,5 фоизга етди ва вилоят бу борада ­республикамиз миқёсида учинчи ўринни эгаллади.
Бундай натижага эришишда Президентимиз ташаббуси ва ҳукуматимиз кўмаги муҳим ўрин тутаётганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Зеро, қисқа муддатда вилоятда 172 та сув иншооти барпо этилиб, мавжудлари мукаммал таъмирланди. Уларнинг умумий сони 645 тага етказилди. Жиззах вилоятининг Зомин туманида жойлашган «Тўрттом» сув иншоотидан ичимлик сув тортиб келиш эвазига йиллар оша обиҳаёт етишмаслигидан қийналиб келган Сардоба, Ховос, Оқолтин ва Мирзаобод туманлари аҳолисининг эзгу орзуси ушалди.
– Очиғи, илгари ариқ ва зовур сувларини тиндириб ичардик, –­ дей­ди Сардоба туманининг «Бирлик» маҳалласида яшовчи Сожида Ўролова. – Эндиликда маҳалламиздаги барча хонадонлар тоза ичимлик сув таъминотига уланди. Бу аҳолига кўрсатилаётган ғамхўрликнинг ёрқин намунасидир.
Ичимлик сув танқислиги туфайли Англия, Хитой, Япония каби илғор давлатларда унинг нархи кескин даражада ошиб кетди. Ана шундай бир вазиятда бизнинг юртдошларимиздан айримлари бу бебаҳо неъматни беҳуда исроф қилишмоқда. Баъзилари эса не-не машаққатлар ва катта харажатлар эвазига етказиб берилган сув ҳақини тўлашдан бўйин товлашмоқда.
Ҳисоб-китобларга кўра, айни кезлар вилоятда ичимлик сувдан қарийб 410 миллиард сўмлик қарз дорлик мавжуд. Шундан 390 миллиард сўми жисмоний шахслар ҳиссасига тўғри келади. Бундан ташқари, қарзларни ундириш учун юридик шахс­ларга нисбатан ҳам қонуний чоралар кўрилаётир. Жорий йил бошидан ҳозирга қадар Гулистон шаҳри ва Сирдарё туманида 500 миллион сўмдан, Оқолтин туманида 75 миллион, Боёвут туманида 200 миллион сўмга яқин жарималарни ундириш юзасидан ҳужжатлар расмийлаштирилиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилди.
Сўнгги пайтларда кўпчилик табиий газ, электр энергияси ва мобиль алоқа воситаси учун тўловни олдиндан амалга оширишга одатланди. Шундай экан, нега энди ичимлик сув ҳақини тўлашни пайсалга солишади? Бу ношукурлик ва ноинсофлик эмасми?!.

Беҳзод МАВЛОНОВ