«Чангкент»га айланаётган Тошкент

56

ёхуд шаҳар ҳокимлигидагилар бошқа атмосферадан нафас олишадими?

2022 йил, 17 октябрь, соат 19.00. «Ўзгидромет» берган маълумотларга кўра, Тошкент дунё бўйича ҳавоси энг ифлосланган шаҳарлар рўйхатида биринчи ўринга чиқди. Унинг ҳавоси таркибида PM-2.5 майда дисперс заррача (юқори эҳтимолий майда чанг ҳисобига) меъёрий кўрсаткичлардан 3,5 баробар ортиб кетган. Бу қиймат шаҳарнинг барча стационар постларида рўйхатга олинган.
«Ўзгидромет» олдинроқ пойтахтда шу куни соат 18.00 дан 23.00 гача шаҳар ҳавосининг ифлосланиш даражаси «қизил» хавфли даражага кўтарилиши ва бу пайтда ташқарида имкон қадар тиббиёт ниқобларини тақиб ҳаракатланиш зарурлигини тавсия этганди.
Янада ачинарлиси, бу ҳолат биринчи марта такрорланаётгани йўқ. Йил давомида Тошкентнинг дунёда «биринчи» ўринни эгаллаганига кўп бор гувоҳ бўлдик. Бунда балки экологияни, ўзгариб кетган иқлимни айблармиз. «Ёмғир ёғмади, куз қуруқ келди» деган баҳоналарни рўкач қилармиз. Аммо йил иқлими бутун Ўзбекис­тонга бир хил келган эмасми? Бошқа шаҳарларимиз ҳавоси бу даражада ифлосланмаган-ку!
Ҳамманинг кўнглидаги жавоблар қуйидагича: бошкентдаги бетартиб қурилишлар, дарахтларнинг аёвсиз кесилиши, ҳаракатланаётган автомобилларнинг ҳаддан зиёд кўплиги, иқлим ўзгариши… Булардан биринчиси ва иккинчиси кўпроқ тўғрига ўхшайди. Негаки, охирги йилларда пойтахт қурилишлар марказига айланди. Бир қарич бўш ер топсак ҳам, «дом», «сити» қурдик. Гўёки бу ишимиз билан бошкентни обод ва фаровон гўшага айлантиргандаймиз. Афсус, худди мана шу «кенг кўламли» қурилишлар бугунга келиб, ўз «самара»сини бераяпти.
Бизнингча, Тошкент шаҳар раҳбарлари бу ҳолатнинг асл сабабларини чуқур ўрганишмаяпти. Улар учун экология лоақал бир чақалик аҳамиятга эга эмасдек гўё.
Модомики, аҳвол шундай экан, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси мутасаддилари нега жим? Нега улар ўрганишлар ўтказишмайди, мониторинг қилишмайди? Ёки улар учун ҳам бу арзимас хавфми? Нега Янги Ўзбекистоннинг дунё миқёсидаги имижи масъулларни қизиқтирмайди? Бош шаҳримизники шу кўйга солиб қўйган эканмиз, мавриди келиб, ҳолимизга маймунлар йиғлаши ҳам тайин.
Бугун меъёридан ортиқ ифлосланган ҳаводан бўғилиб нафас олар эканмиз, ўзимизни ўзимиз алдаётганимизни тушуниб етмаяпмиз. Ёки виждонимизни ҳам чанг қоплаяптими?..

Ғуломжон МИРАҲМЕДОВ
«ISHONCH»