«Ishonch» – давр билан ҳамнафас нашр

114

Айни кунларда мамлакатимизнинг турли ҳудудларида «Ishoncn» ва «Ishoncn-Доверие» газеталари таҳририя­­ти вакиллари билан юзма-юз мулоқотлар ўтказилмоқда. Шундай учрашувларнинг ­навбатдагиси Термиз шаҳрида бўлиб ўтди.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Сурхондарё вилояти кенгашининг катта мажлислар залида ташкиллаштирилган ушбу тадбирда воҳа ижодкорлари, зиёлилари, почта тизими ходимлари, касаба уюшма фаоллари ва газета муштарийлари қатнашдилар. Тадбирни Федерациянинг вилоят кенгаши раиси Абдукарим Аҳмедов очиб бераркан, сўнгги йилларда «Ishonsh» газетасида чоп этилаётган мақолалар мавзуларининг ранг-баранглиги ва таҳлилларга бойлиги билан ўқувчилар эътиборига тушаётганини алоҳида таъкидлади.
«Ishonch» газетаси Бош муҳаррири ўринбосари Жаҳонгир Наҳанов ва адабий котиб, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист Абдунаби Ҳайдаров ўз чиқиш­ларида таҳририят аҳли давр билан ҳамнафас бўлиб, нашр саҳифаларида таҳлилий ва танқидий-таҳлилий мақолаларга кенг ўрин бериб бораётгани ҳамда уларда тилга олинган хато-камчиликлар ва муаммоларнинг деярли барчаси ижобий ечим топаётгани ҳақида сўз юритишди. Айниқса, «Касаба уюшмаси аралашгач…», «Касаба уюшма етакчилари ҳақида ҳикоялар», «Ishonch»га жавоб берадилар», «Ishonch» саволи», «Жавобини кутаётган саволлар», «Муносабат», «Мулоҳаза», «Ажабо!», «Оғриқ тишлар», «Бор бўл, оқибат!», «Орамиздаги одамлар» каби талай рукнлар остида берилаётган долзарб мавзулардаги мақолалар кўпчиликда қизиқиш уйғотаётганини эслатиб ўтишди.
– Ҳар сафар «Ishonch»ни варақлаганимда турли мавзулардаги қизиқарли ва ўқишли мақолаларга кўзим тушади, – деди Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Узун тумани кенгаши раиси З.Шералиев. – Педагог сифатида соҳамизга оид кўплаб янгиликларни шу нашр орқали билиб оламан. Қолаверса, ­фаолиятимизга боғлиқ мақолаларни доимий равишда муҳокама қилиб, янгиликларни ўзимизда жорий этамиз. Шу боис уч йилдан буён «Ishonsh» газетасига биринчилар қатори обуна бўламиз.
– Мен ўз умримни журналистикага бахшида этиб келмоқдаман, – дея сўз бошлади вилоятда чиқадиган «Халқ йўли» ҳамда «Тиббиёт ва ҳаёт» газеталари Бош муҳаррири Чори Жумақулов. – Бугун баралла айта оламанки, «Ishonch» мамлакатимизда чоп этилаётган барча босма оммавий ахборот воситаларига ўрнак бўлмоқда. Унда теша тегмаган мавзуларда чоп этилаётган мақолалар кўлами ниҳоятда кенг. Айниқса, сўнгги вақтларда тобора камайиб бораётган танқидий чиқишлар шу газета шарофати билан қайта туғилди десак, муболаға бўлмайди. Тўғри, бугунга келиб, Интернет жадал ривожланди, ижтимоий тармоқлар кўпайди. Лекин улардаги чиқишларнинг аксарияти чуқур суриштирувлар хулосаларига асосланмагани, шошма-шошарлик билан юзаки тайёрлангани туфайли амалда тасдиғини топмаётир. «Ishonch»да берилаётган ҳар бир мақола эса рад этиб бўлмас аниқ далил-рақамларга ­таяниб ёзилгани билан ажралиб туради. Натижада газета мухлислари сони йил сайин ортиб бормоқда.
Ғоят қизғин баҳслар билан давом этган мулоқотда ТерДУ талабалари, касаба уюшма фаоллари, муштарийлар газетанинг мазмун-мундарижасини бойитиш ва бадиий савиясини янада яхшилаш бўйича жўяли таклифлар билдиришди. Шунингдек, ўзларини қизиқтирган саволларга аниқ жавоблар олишди.
Ижодий учрашув ниҳоясида «Ishonsh» билимдони» викторинаси ўтказилди. Унга кўра, иштирокчилар касаба уюшмаси ва «Ishonsh» газетаси фаолиятига ҳамда меҳнат қонунчилигига тааллуқли саволларга жавоб бердилар. Ғолиб деб топилган ўн кишига таҳририятнинг эсдалик совғалари топширилди.

Рустам ДАВЛАТОВ
«ISHONCH»