Бировнинг фожиасини достон қилмайлик

95

Ургутда фожиа рўй берди. Тўйда йўқолиб қолган тўрт яшар болакайнинг жасади беш кундан кейин қудуқдан топилди. Беозор ва бегуноҳ кичкинтойнинг аянчли тақдирига кўплар ачинди, баъзиларнинг кўзида ёш қалқди.

Биз ушбу машъум ҳодиса тафсилотларини очиқлаш ва шарҳлаш фикридан йироқмиз. Чунки у ижтимоий тармоқлар ва ойнаи жаҳон орқали кенг ёритилди. Кўнгилсизликни яна ёдга олишга мажбур бўлганимизнинг эса ўзига хос сабаби бор.
…Самарқандлик кўпни кўрган оқсоқоллар гурунгида айнан ўша ва унга ўхшаш воқеалар муҳокама қилинаётган экан. Уларнинг фикр-мулоҳазалари беихтиёр эътиборимизни ўзига жалб этди.
– Бунақа совуқ хабарлар менга яшин ургандек таъсир қилади, – деди меҳнат фахрийси Садриддин Аслиддинов. – Менинг эрмагим телевизор. Унда каналлар кўп. Аммо охирги пайтларда кундалик янгиликлар ҳақидаги айрим кўрсатувларни кўришга юрагим дош беролмай қолди. Мудҳиш ҳодисани янгилик сифатида «анонс» дея айлантиришгани айлантиришган. Гапни «Фалон жойда ­пистончи бўғизланди», дея бош­лаб, охирида «Навбатдаги фожиа тафсилотлари билан эртанги дастуримизда танишасиз», деб якунлашади…
– Фарғоналик бир киши ўзаро жанжал туфайли келинини аввал ўлдириб, хилват жойга олиб борибди. Сўнгра бошини кесиб, уни бошқа ерга, мурдасини бошқа ерга кўмибди. Бу хабарни эшитиб, этим жунжикди, миямда қон кўпчиди, – деди Бахтиёр Тошев исм-шарифли отахон. – Набираларим даврасида ўтиргандим, шартта ўрнимдан туриб, телевизорни ўчирдим. «Боринглар, дарсларингни қилинглар!» деб ҳаммасини ҳайдаб солдим.
– Адашмасам, шу тариқа муқаддас динимизни ва азалий урф-одатларимизни аста-секин бир чеккага суриб қўяяпмиз, шекилли, – деди бошқа бир қария. – Мусибатни янгилаш энг оғир гуноҳ саналади. Аслида таъзия бўлган хонадонга уч кундан сўнг бориб фотиҳа ўқиш ҳам мумкин эмас. Чунки бу марҳумнинг яқинлари ярасини янгилаш ҳисобланади. Бизда эса, янгилик сифатида дунёга достон қилиняпти. Азадорлар қанчалик азият чекишларини ва зор-зор қақшашларини ўйлаб ҳам ўтирмай, ўша воқеалар экранга олиб чиқиляпти.
Менимча, нуронийларнинг эътирозларида жон бор. Чунки айрим ҳамкасбларимиз бундай нохушликларни ёритишда бирёқлама иш тутишяпти. Ижтимоий тармоқлар ва телевизорда ёритилган Фарғона фожиасини мен ҳам кузатгандим. Эр хорижда, бола-чақасини боқиш учун пул топиш илинжида минг азобда ишлаб юрибди. Ҳали ёш келин эса, неча йилки, ёлғиз қайнотаси билан қолган. Хўш, энди ўзингиз холисона айтинг-чи, бу қандай ҳаёт ўзи? Аёл тириклигида унинг дардларини тинглайдиган одам топилдими? Қолаверса, эр муҳожирликда топган пуллар кимнинг қўлига келиб тушган? Қайнота ва келин ўртасида низо келиб чиқишига жавоби мавҳум мана шу ҳолатлар ҳам сабабчи бўлмадимикин? Аслида ҳар иккиси ҳам бағрини кенгроқ қилганида, қайнота отадек, келин фарзанддек бўлганида, фожиа юз бермаслиги аниқ эди-ку!..
Инсоннинг хом сут эмган банда экани рост гап. Ҳаётдаги майда-чуйда гапларни, арзимас гина-кудуратларни деб бир-бирини ғажишдан ҳам тап тортмаслик ҳолатлари ҳамон мавжуд. Биз, журналистлар эса масаланинг ана шу жиҳатларини аниқ далиллар асосида рўй-рост очиб беришга кўпинча қунт қилмаяпмиз. Асосан воқеа тафсилотларини баён этиш билан кифояланиб қоляпмиз. Қолаверса, кўнгилсиз воқеаларнинг туб сабаблари ва хунук оқибатлари мутасаддилар томонидан чуқур ўрганилиб, натижалари махсус телеканал ёки тармоқлар орқали ёритиб борилса, фойдадан холи бўлмасди.
Бундан ташқари, ҳозир фожиали воқеалар ўрнига трендга олиб чиқиш лозим ва шарт бўлган бошқа муаммолар ҳам кўп. Масалан, тўйлардаги дабдабабозлик ва исрофгарчиликларга бирров разм солайлик. Қанча чекловлар белгиланмасин, карантиндан кейин «Мен сендан камми?» қабилида тўй қилишлар яна авжига чиқди. Аввал куёв ва жўралари ўнта машинада юрган бўлса, эндиликда бу автоуловлар сони ўттизтагача етмоқда. Пулларни одамлар устидан хазондек сочишлар ҳам давом этмоқда. Аммо тўйхоналардаги бунақа ҳолатлар ҳақида бирорта ҳам телеканал ёки ижтимоий тармоқ бонг ураётгани йўқ.
Ёки кенг жамоатчиликни қаттиқ ташвишга солаётган оилаларнинг ажрашиш ҳолатларини олайлик. Ҳозирги кунда ҳатто келин бўлиб тушганига ҳали йигирма кун бўлмасиданоқ ёки чилласи чиқмасиданоқ никоҳни бекор қилаётганлар ҳам топилади. Назаримда, биз ажрашиш бўйича «чемпионлик»ка даъвогарлик қилаётганга ўхшаймиз. Акс ҳолда, нега ёшлар кўнг­лига йўл топмаяпмиз? Нега маҳалласида энг кўп ажрашишлар қайд этилган оқсоқоллар фаолиятини телекўрсатувларда танқидий нуқтаи назардан муҳокама қилмаяпмиз?
Ёшлигимизда ота-оналаримиз бизга қўрқинчли киноларни кўришни тақиқлашарди. Фалокатли воқеаларни болалардан сир тутиб, улар бундай нохушлик­лар гувоҳи бўлишининг олдини олишга интилишарди. Эндиликда эса ҳаммаси очиқчасига айтиляпти, ёзиляпти ва кўрсатиляпти. Бу улғайиб келаётган авлод дийдасини қотириб қўймоқда. Аммо ҳали ҳам кеч эмас. Биз мудҳиш воқеаларни ёритиш жараёнида пашшадан фил ясаб, бировларнинг фожиасини ­достон қилмайлик. Ҳаётда рўй бераётган ҳодисаларни ҳали онги ривожланиб улгурмаган фарзандларимиз ҳам кузатиш­лари мумкинлигини унутмайлик.

Нурилла ШАМСИЕВ
«ISHONCH»