Бунинг товонини ким тўлайди?
«Яшил макон» лойиҳаси доирасида 6,2 миллион дона экилмаган кўчат ҳисоботларга қўшиб ёзилган. Бу ҳақда Олий Мажлис Сенатида бўлиб ўтган лойиҳа бўйича бажарилаётган ишларга оид мажлисда маълум қилинган.
Энди фактларнинг энг ачинарли томонини айтамиз: 3,4 миллион дона кўчат суғориш тизими бўлмаган жойларга экилган. Оқибатда 2,4 миллион дона кўчат сувсизлик ва етарли парвариш бўлмагани сабабли баҳор тугамасдан қуриб қолган. 341 минг дона кўчат эса яроқсиз ерларга экилган. Яъни бу юмушни бажариш чоғида ернинг табиий иқлим хусусиятлари инобатга олинмаган.
Гапнинг дангалини айтсак, бу «Яшил макон» учун эмас, балки «хўжа кўрсин» учун бўлаётган ишлар.
«Яшил макон» – яхши ташаббус ва ҳамон у ўзининг долзарблигини йўқотмайди. Кечаги ҳафтада гувоҳ бўлганимиз, Тошкентнинг «чангкент»га айлангани ҳам, бир жиҳатдан, дарахтларнинг камайиб кетганида эмасмиди?
Афсуски, фақат «хўжа кўрсин»га қилинаётган бу ишлар халқнинг ҳафсаласини сўндирмоқда. Бир кўз олдингизга келтиринг-а: 2,4 миллион дона кўчат шунчаки тўғри келган ерга суқиб кетилгани учун қуриб қолган!? Қанчадан-қанча обод бўладиган, кўчат экиладиган жойлар эса чиқиндихона бўлиб ётибди.
Умуман, кўчат экишдан олдин унинг лойиҳаси тайёрланиб, масъуллар бириктирилиб, сўнг амалга оширилмайдими бу ишлар?
Яна савол туғилади: шунча кўчатнинг баҳоси қанча бўлади? Бунга кимдир ҳисоб берадими?
Иккинчи савол эса шундай: бунинг товонини ким тўлайди? Зарар яна халқнинг бўйнига тушадими? Нега бу ишлар палапартиш, ўлда-жўлда, кампаниябозлик билан бўляпти? Бу кўзбўямачиликларга кимдир қачон жавоб берадими?
Ғуломжон МИРАҲМЕДОВ
«ISHONCH»
