Хусусий боғчага ҳамшира керак эмасми?

115

Мактабгача таълим ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирликларига!

«Мактабгача таълим ва тарбия тўғрисида»ги қонуннинг 47-моддаси «Мактабгача таълим ташкилотларида болаларнинг соғлиғини сақлаш» ҳақида бўлиб, унга кўра, ташкилотларга бир қатор вазифалар юклатилган. Жумладан, соғломлаштириш тадбирларини, соғлом овқатланишни ташкил этиш, жисмоний фаоллик учун шарт-шароитлар яратиш ва ­бошқалар кўрсатилган.

Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 13 майдаги «Мактабгача таълим ташкилотлари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори билан тасдиқланган «Умумий турдаги давлат ва нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари тўғрисида низом»нинг 24-моддасида мактабгача таълим ташкилоти давлат талабларига мувофиқ болаларни тарбиялаши, ўқитиши, уларга қараб туриши, уларни парваришлаш ва соғломлаштиришни таъминлаши белгиланган.
Ушбу вазифаларни бажаришда педагог-тарбиячилар билан бир қаторда тиббиёт ходимининг иштироки ҳам жуда муҳим аҳамиятга эга.
Шу боис давлат мактабгача таълим ташкилотларида ҳамшира штати жорий қилинган. Аммо ҳозирда нодавлат мактабгача таълим ташкилотларининг аксариятида тиббиёт ходимлари фаолият кўрсатмайди. Бунга нодавлат мактабгача таълим ташкилоти мутасаддилари иқтисодий ҳолатини рўкач қилиши мумкин.
Ваҳоланки, давлат статистика қўмитасининг 2021 йил якуни бўйича берган маълумотларига кўра, республикамизда жами МТТлар сони 7 868 та бўлиб, уларга 1321,4 минг нафар бола қамраб олинган. Шундан 1549 таси нодавлат МТТлар бўлиб, уларда тарбияланаётган болалар сони 115,1 минг нафарни ташкил қилган.
Мутасаддилар «Биз хусусий секторга аралашолмаймиз, тадбиркорлар ҳуқуқлари ҳимояланган» дейишга шошилмасликларини истардик. Зеро, миллат болаларининг саломатлиги тадбиркор манфаатидан устун туради. Агар нодавлат мактабгача таълим ташкилотининг иқтисодий шароити ҳамшира лавозимини жорий қилишга имкон бермаса, оилавий поликлиникаларда ёки туман мактабгача таълим бўлимларида боғча ҳамшираси лавозимларини жорий қилган ҳолда, уларга ҳудуддаги бир нечта мактабгача таълим ташкилотларини бириктириш мумкиндир.
Зеро, жаҳоннинг нуфузли иқтисодчилари энг фойдали сармоя инсон капиталига сарфланган сармоя, дейдилар. Болалар саломатлигини асраш эса инсон капиталини ривожлантиришнинг асосий шартларидан биридир.

Муҳаббат ТЎРАБОЕВА
«ISHONCH»