Таҳририятдан: «Ishonch» газетасининг 2022 йил 29 сентябрдаги сонида «Депутатлар маҳкумлар тарафида эмас(ми?)» сарлавҳали мақола эълон қилинди. Унда 2 август куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига маҳкумларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси муҳокамаси чоғида депутатлар ва ИИВ вакиллари ўртасида баҳсга сабаб бўлган маҳкумларнинг тузалиш йўлига ўтганини баҳоловчи мезонлар хусусида сўз борган.
Ушбу мақолага Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари Одилжон Тожиев «parliament.gov.uz» сайтида қуйидагича муносабат билдирди:
Депутатлар адолатли қонунчилик тарафдори
… Аввало, айтишим керак, депутатлик корпуси, уларнинг фаолияти, қизғин муҳокама ва тортишувлардаги иштироки ҳақида халқимизга оммабоп шакл ҳамда усулда ахборот етказишга уринаётган, қонун ижодкорлиги соҳасидаги сўнгги ўзгаришларга қизиқиш билдираётган ҳар бир оммавий ахборот воситаси вакилларига миннатдорчилигимизни билдирамиз. Қизиқиш билдирилаяпти, ютуқ ва натижалар эътироф этилаяпти, камчиликлар бўлса, очиқ-ойдин айтилаяпти. 5-6 йил илгари бу каби эркин муҳокама ва танқидий чиқишлар майдонини «кундузи чироқ ёқиб ҳам топа олмасдик».
Лекин сарлавҳаси билан эътиборимни жалб қилган бу мақолани диққат билан мутолаа қилар эканман, жонли эфирда тўғридан-тўғри узатилаётган ялпи мажлисларда илгари сурилаётган айрим масалаларни, депутатлар томонидан кўтарилган мавзуларни ҳар ким ўз қаричи, ақл-идроки, дунёқарашига мос ҳолда қабул қилиши, тушуниши ва ҳатто баъзан ноўрин хулосага келиши мумкинлигини яна бир бор англаб етдим.
Мақола Сирдарё вилоятида содир этилган мудҳиш бир жиноят тафсилотлари билан бошланади. Кульминацион қисмида эса яқиндагина Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилиниб, Сенатга юборилган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига маҳкумларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси муҳокамаси жараёнида депутатлар томонидан билдирилган фикрларга эътибор қаратилган.
Мақоланинг қисқача мазмунига тўхталсам. Эмишки, ўтган ойда Қонунчилик палатасида юқорида номи келтирилган қонун лойиҳасини қабул қилиш орқали депутатлар жиноятчиларни тўғри йўлга бошлаш ўрнига, уларга енгиллик яратишга хизмат қиладиган қонунчиликни шакллантиришга ҳисса қўшаётган экан. Бу хулосасини асослаш учун мақола муаллифи қонун лойиҳаси муҳокамаси жараёнида Қонунчилик палатаси вакиллари ҳамда қонун ташаббускорлари ўртасида юзага келган савол-жавобни борича тасвирлашга ҳаракат қилган.
Мунозара тафсилоти ва предметига тўхталишдан олдин мазкур қонун лойиҳасининг мазмун-моҳияти ҳақида маълумот берсам.
Биринчидан, ушбу қонун лойиҳасида маҳкумларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш мезонларини белгилаш, маҳкумларга нисбатан қийноқ ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турлари қўлланилмаслигини кафолатлаш, зарурат туғилганда уларга имо-ишора тили (сурда) таржимони хизматидан фойдаланиш учун етарлича шароит яратилишини мустаҳкамлаш билан боғлиқ нормалар қўшилиши таклиф этилган эди.
Иккинчидан, I ёки II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар учун мўлжалланган умумий тураржойлар махсус воситалар ва мосламалар билан жиҳозланиши, тураржой майдонининг оширилиши, жазони ижро этиш колонияларида жазо муддатини ўтаётган маҳкумларнинг жисмоний ва ақлий қобилиятларидан келиб чиқиб меҳнат қилиш мажбуриятини белгилаш масаласини қонун даражасида мустаҳкамлаш назарда тутилган.
Учинчидан, маҳкумларнинг тузалиш йўлига ўтганлигини белгиловчи қатъий мезонларни белгилаш орқали уларнинг хулқ-атворини баҳолаш ҳамда меҳнатга жалб этилган маҳкумларга колониялардаги иш стажини умумий меҳнат стажига қўшиб ҳисоблаш тартибини жорий этиш билан боғлиқ ўзгартиш ва қўшимчалар қонун лойиҳасида акс эттирилган эди.
Албатта, маҳкумлар муайян турдаги қилмиши ёки жинояти, ножоиз хатти-ҳаракати сабабли махсус жойларда жазони ўтаётган шахслардир. Эҳтимол, уларнинг аксарияти оқлаб бўлмайдиган, инсониятга хос бўлмаган даражадаги оғир жиноятларни ҳам содир қилган бўлиши мумкин. Лекин бу озодликда, эмин-эркин яшаб келаётган бошқа фуқаролар, масъуллар ёки депутатлар уларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари бузилишига асос бўладиган қонунларни қабул қилиши керак, қилмишидан пушаймон бўлиши учун уларни ҳам маънан, ҳам жисмонан қийналишига йўл қўйиб бериши керак, дегани эмас-ку, ахир.
Маҳкум ҳам, аввало, инсон. Жиноятчига ғайриинсоний муносабат кўрсатсак, мақолада танқид қилинганидек, жазони ижро этиш колонияларида муносиб турмуш шароитини яратмасак, улардан фарқимиз бўлмай қолади-ку.
Шу ўринда мақола муаллифига маҳкумларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга оид амалиёт ҳамда қонунчиликнинг ҳолати юзасидан ривожланган мамлакатлар тажрибаси, халқаро ташкилотлар томонидан қабул қилинган Конвенция ва бошқа турдаги ҳужжатларни изчиллик билан ўрганиш ва миллий қонунчилигимиз билан муқояса қилишни тавсия қилиб қолган бўлардим.
Қисқароқ айтганда, қонун лойиҳасида қўшимча сифатида киритилиши таклиф этилган нормалар нафақат маҳкумларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга, балки Конституциямизда қайд этилган халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принциплари ва нормаларининг устуворлигини таъминлашга, яъни амалдаги қонунчилигимизни бу борадаги халқаро стандартларга мувофиқлаштиришга ҳам хизмат қилади.
Айни пайтда мақоладаги айрим фикрларга қўшилмасликнинг имкони йўқ. Ҳақиқатан ҳам, маҳкумлар билан ишлашнинг амалдаги мезонлари замон талабларига жавоб бериши, уларнинг тузалиш йўлига ўтганлигини кўрсатувчи қатъий мезонларнинг белгиланиши борасида ечимини кутаётган масалалар ҳам йўқ эмас. Шу билан бирга, бу борада турли хил коррупцион омилларнинг юзага келиши эҳтимоли ҳам депутатларнинг ҳақли эътирозига сабаб бўлганди. Депутатлар тизимда баъзан учраб турган бу муаммоларга кўз юмиб кетгани йўқ, аксинча, мақолада сўзма-сўз баён этилган депутат ҳамда ҳукумат вакили ўртасидаги мунозаранинг предмети ҳам айнан шу муаммоларнинг холисона ва адолатли ечимини топиш юзасидан эди.
Жумладан, қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъекти томонидан парламентга тақдим этилган вариантда маҳкумларнинг хулқ-атвори муассаса маъмурияти томонидан 3 та мезон асосида (меҳнатга ва таълимга виждонан ёндашиши, тарбиявий тадбирлар ўтказишда фаол иштирок этиши, муассасанинг ички тартиб-қоидаларига риоя этиши, бунда маҳкумнинг интизомий жазо чораларига тортилмаганлиги инобатга олиниши) баҳоланиши, бу мезонларга тўлиқ риоя этган маҳкум тузалиш йўлига ўтган деб ҳисобланиши қайд этилган эди.
Депутатлик корпуси вакиллари қонун лойиҳасини кўриб чиқиш жараёнида ушбу мезонларнинг айримлари умумий характерга эгалиги ҳамда мазкур мезонларга баҳо беришни муассаса маъмурияти ихтиёрида қолдирилиши нотўғри эканлиги билан боғлиқ хулосага келишган.
Шундан сўнг, Қонунчилик палатаси депутатларининг таклифлари асосида мазкур мезонлар аниқ ва равшан қилиб ёзилиб, уларга баҳо бериш махсус комиссия томонидан амалга оширилиши белгиланди.
Мақола муаллифи Қонунчилик палатаси Спикери Нурдинжон Исмоиловнинг «Эртага маъмуриятнинг фойдасига ўйнайдиган ҳужжат бўлмаслиги керак, агар маҳкумнинг фойдасига ўйнаса, майли, рози бўламиз» мазмунидаги фикрини сўзма-сўз келтиришга уринади.
Муаллиф идоралар манфаатига хизмат қиладиган қонун лойиҳасини қабул қилишга қарши бўлган депутатларнинг ҳаракатини қоралар экан, депутатларни «маҳбусларга қўйилаётган талабларни осонлаштириш» мақсадида шундай овоз берганликда айблаётгани сезилиб туради.
Ҳақиқат баҳсларда намоён бўлади. Биз, депутатлар очиқ, кучли ва эркин фуқаролик жамияти барпо этилишида турли хил ахборот майдонлари орқали бир-биридан фарқланувчи нуқтаи назарлар, чиқишлар кўпайишини олқишлаймиз. Аммо, шу билан бирга, ўзгаларнинг фаолияти ёки ҳаракатини баҳолаш, шарҳлаш холислик ва адолат мезонларига риоя қилинган ҳолда амалга оширилиши кераклигини алоҳида таъкидлаймиз.
Юриш навбати сиздан, Одилжон Тожиев!
«Депутатлар жиноятчилар эмас, холис ва идоралар манфаатига хизмат қилмайдиган қонунчилик тарафдори» сарлавҳаси остида эълон қилинган муносабатда асосий эътироз шуки – гўёки мазкур масалани ўз қаричимиз, ақл-идрокимиз, дунёқарашимизга мос ҳолда қабул қилганмиз, уни тўғри тушунмай, нотўғри талқин қилганмиз.
Муаллиф, шунингдек, маҳкумларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга оид амалиёт ҳамда қонунчиликнинг ҳолати юзасидан ривожланган мамлакатлар тажрибаси, халқаро ташкилотлар томонидан қабул қилинган Конвенция ва бошқа турдаги ҳужжатларни изчиллик билан ўрганиш ва миллий қонунчилигимиз билан муқояса қилишни тавсия қилиш асносида қонун лойиҳасида қўшимча сифатида киритилиши таклиф этилган нормалар нафақат маҳкумларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга, балки Конституциямизда қайд этилган халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принциплари ва нормаларининг устуворлигини таъминлашга, яъни амалдаги қонунчилигимизни бу борадаги халқаро стандартларга мувофиқлаштиришга хизмат қилишини ҳам эслатиб ўтган.
Хуллас, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари ўз муносабатида «…ҳақиқат баҳсларда намоён бўлади, биз, депутатлар очиқ, кучли ва эркин фуқаролик жамияти барпо этилишида турли хил ахборот майдонлари орқали бир-биридан фарқланувчи нуқтаи назарлар, чиқишлар кўпайишини олқишлаймиз, аммо, шу билан бирга, ўзгаларнинг фаолияти ёки ҳаракатини баҳолаш, шарҳлаш холислик ва адолат мезонларига риоя қилинган ҳолда амалга оширилиши кераклигини алоҳида таъкидлаймиз», дебди.
Дарҳақиқат, ҳақиқат баҳсларда туғилади. Баҳс бўлса, баҳсда.
Аввало, Одилжон Тожиев айтаётганидек, мазкур масалага ўз қаричимиз, ақл-идрокимиз, дунёқарашимиз доирасида эмас, таъкидланганидек, маҳкумларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга оид амалиёт ҳамда қонунчилик, ривожланган мамлакатлар тажрибаси, халқаро ташкилотлар томонидан қабул қилинган Конвенция талабларидан келиб чиқиб, борини борича баён этдик, холос. Шундай экан, бизни муаммога бирёқлама ёндашибсизлар, деб иддао қилишингиздан мақсад нима? Ёки, марҳамат, мақолада келтирилган далил ва рақамларга қарши асос келтиринг!
Мақолада таъкидлаганимиздек, шу вақтгача амалдаги мезонлар бўйича 10-11 минг нафар маҳкум озод этилган ёки жазоси енгилроғига алмаштирилаётган экан, мазкур масалага нима учун депутатлар аввалроқ эътироз билдирмаган? Нима, шу пайтгача депутатларимизнинг хорижий тажриба, халқаро ташкилотлар томонидан қабул қилинган Конвенциядан хабарлари йўқмиди?
Хўш, бизни бирёқламаликда айблаётган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари нима учун масаланинг шу жиҳатига муносабат билдириш тугул, бир оғиз ҳам сўз айтмаган?
Ҳақиқатан ҳам, ўша мезонлар депутатлар ваҳима қилаётганидек оғирми?
Инсон ҳуқуқлари, инсон ҳуқуқлари дея аслида маҳкумларни бошимизга кўтариб юбормаяпмизми? Алал-оқибат, бу ҳотамтойлигимиз жиноятлар сони янада ортиб кетишига хизмат қилмасмикан? Халқ вакиллари маҳбусларга енгиллик талаб қилаётган вақтда масаланинг шу тарафларини ҳам инобатга олишганмикан?
Фикримизча, жиноятчига енгиллик берилгани билан у тўғри йўлга қайта қолмайди. Чунки унда пушаймонлик ҳисси бўлмайди. Бу ҳиссиёт қатъий тартиб-интизом натижасида юзага келади.
Тўғри, жиноятчи ҳам инсон. Унинг ҳам ўз ҳақ-ҳуқуқлари бор. Шу қаторда мажбуриятлари ҳам.
Хусусан, депутатлар ҳар гапининг бирида дастак қиладиган хорижий тажриба ҳақида гапирадиган бўлсак, айрим давлатларда маҳкумларнинг ҳақ-ҳуқуқлари қаторида мажбуриятлари ҳам борлигини, ҳатто оғир жиноят содир этганлар ўлим жазосигача ҳукм қилинишини ҳам биламиз. Шукрки, бизда бундай амалиёт йўқ. Умуман, бу масалада хорижий тажриба билан бизникининг орасида ер билан осмонча фарқ бор. Буни ҳам кўпчилик билади. Шундай экан, хорижий тажрибани ҳадеб пеш қилавериш ҳам унчалик жоиз эмас. Аслида бизда маҳбусларга енгиллик бериш тўғрисидаги мезонлар бошқа давлатларникидан осон бўлса, осондирки, қийин эмас. Бунга ишончимиз комил.
Бизни бошқа савол қийнайди. Нега биз кўп ҳолларда сабаблар қолиб, оқибатлар билан курашяпмиз? Шуни ўйлаб кўрдингизми, жаноб Тожиев?
Мен жазони ижро этиш муассасаларида бир неча бор бўлдим. Маҳкумлар билан кўп мулоқот қилдим. Шундан келиб чиқиб, бундай ўзгаришларни таклиф қилишдан олдин ҳурматли қонун чиқарувчиларимизни ҳам ўша «ҳаёт»ни бироз «бевосита» кузатиб, хулоса қилишга чақирган бўлардим. Қонунларнинг кўпчилиги фақат қабул қилиняпти, амалда ижроси таъминланаётгани йўқ. Бунга эса бош сабаб, уларда ҳаётий ҳолатлар инобатга олинмаган, ҳаёт ҳақиқатлари акс этмаган. Ёки эътирозингиз борми?
Ғуломжон МИРАҲМЕДОВ
«ISHONCH»
