Уйғоқ фикр ҳеч кимни бефарқ қолдирмайди

61

Андижонда «Ishonch» ва «Ishonch-Доверие» газеталарининг ўқувчилари кўпчиликни ташкил этади. Буни Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Андижон вилояти кенгашида бўлиб ўтган муштарийлар билан учрашув яна бир карра тасдиқлади.

Унда касаба уюшма фаоллари, олий ўқув юрти ўқитувчилари ва талабалари ҳамда газетада чоп этилаётган мақолаларга бефарқ бўлмаган мухлислар қатнашдилар.
– Янгиланаётган Ўзбекистонда барча соҳаларда улкан мақсадлар, катта ижобий ўзгаришлар сари илдам қадамлар ташланаётган жараённи юртдошларимизга халқчил услубда таҳлил қилиб етказиш, кези келганда, тараққиётга тўсиқ бўлаётган иллат ва камчиликлар ҳақида бонг уриб, муаммоларга масъул мутасаддилар эътиборини кенг жалб этиш борасида «Ishonch» ва «Ishonch-Доверие» газеталарининг ўзига хос ўрни бор, – дейди Ўзбекис­тон касаба уюшмалари Федерациясининг Андижон вилояти кенгаши раиси Қодиржон Парпиев. – Севимли нашримизнинг ҳар бир сонидан ўрин олаётган чуқур таҳлилий мақолалар, ижтимоий-ҳуқуқий йўналишдаги ўткир чиқишлар ўқувчиларни бефарқ қолдирмаётганини кўриб, билиб турибмиз. Ўқувчилар қўлига мана шундай сермазмун газеталар етиб боришида таҳририят ижодий ходимларининг сермашаққат ва фидокорона меҳнатлари мужассам, албатта.
Қизиқарли ўтган учрашувда газетанинг бугунги кундаги ўрни ва аҳамияти, унинг мавзулар кўлами ҳамда газетага бўлган муносабат хусусида фикр билдирилди.
– Бугунги кун ўқувчисини қизиқтирадиган мавзулар кўтариб чиқилаётгани таҳририят ходимларининг ютуғи дейиш мумкин, – дейди физика фанлари доктори, академик Сирожиддин Зай­нобиддинов. – «Ishonch»нинг ­республикамизда нашр этилаётган газеталар ичида байроқдор эканлиги холис, дадил фикрлар билдирилаётганлигида кўринади. Газетхонлар фикрларига кенг ўрин берилади. Ижтимоий-иқтисодий жараёнларга боғлиқ долзарб муаммолар мутасаддилар ҳукмига ҳавола этилади.
– Республикамизда чоп этилаётган ўндан ортиқ нашрларга обуна бўламан, – дейди филология фанлари доктори, Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Баҳодиржон Раҳмонов. – Лекин мутолаани дастлаб «Ishonch»дан бошлайман. Ўзим учун керакли бўлган жойларидан кўчирмалар оламан. Талабаларимга ҳам тавсия қиламан, бевосита лекцияларимда фойдаланаман. Чунки бу нашрда кўтарилаётган уйғоқ фикр ҳеч бир зиёлини бефарқ қолдирмайди.
– Муҳими, газетада танқид, таҳлил бор. Долзарб мавзулар вақтида кўтариляпти. Камчиликларни бартараф этишда изчиллик мавжуд, – дейди «Олтин қалам» миллий мукофоти совриндори Йўлдошмирза Исоқжонов.
Учрашувда ўтказилган викторина саволларига аниқ ва тез жавоб берган бир гуруҳ иштирокчилар таҳририятнинг эсдалик совғалари билан тақдирландилар.
Тадбир сўнгида Ўзбекистон журналистлар уюшмасининг Тошкент шаҳар ва Андижон вилояти бўлимлари, шунингдек, «Ishonch» ва «Ishonch-Доверие» газеталари ва «Андижоннома» газетаси таҳририятлари ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш ҳамда тажриба алмашиш тўғрисида меморандум имзоланди.

Анваржон ҲАЛИМОВ
«ISHONCH»