Захариқ – Чирчиқ дарёсининг бир бўлаги. Бўзсувдан ажралиб чиқади. Бўзсув бўлмаса, анҳор бўлмаса, Тошкент бир кунда қуриб қолади. Бу сув йўллари Тошкентни яшнатиб, гуллатиб, обод қилиб, дунёнинг энг гўзал шаҳарлари қаторига қўшиб турибди.
…Аммо Захариқ кўмиб ташланмоқда. Труба қўйилиб, усти тупроқ билан ёпилиб, ери сотилмоқда.
Нурафшон кўчасидан қарасангиз, яққол кўрасиз. Оқтепа тепалигининг орқасида ўрикзор боғ бор эди. Минглаб ўрик дарахти бир кечада қирқиб ташланиб, бир неча гектар ер сотилди. Корхона қурилди, уйлар қурилди, қурилишдан чиққан минг-минг тонна чиқинди, бульдозерлар билан сурилиб, Захариқни тўлдира бошлади…
Аммо, «ҳой, одамлар сизда инсоф борми», дейдиган мард топилмади. Ахир, битта канал шаҳарни тозалашга минг-минг дарахтдан кўра кўпроқ ҳисса қўшади-ку! Каналнинг кўмиб ташланишига нега экологларимиз, Экологик партиямиз, Экология қўмитаси жим қараб турибди? Ёки уларнинг шаҳар ҳокимиятидан тили қисиқ жойи борми?
Куз келганда Захариқ чағалайларга, бакланларга, бир-биридан гўзал ёввойи ўрдакларга, оққушларга тўлиб кетар эди. Аммо, афсуски, уларнинг сафи тобора камайиб бормоқда.
Заҳариқ бутунлай кўмиб юборилса, нафақат бу қушлар учун, балки бутун шаҳар аҳли учун жуда катта йўқотиш, фалокат рўй беришини, наҳотки, ҳали ҳеч ким тушунгани йўқ?
Муҳаммад ИСМОИЛ,
журналист
