Яхши йўл тузади, ёмон йўл бузади

118

Ички ишлар вазирлигининг Йўл ҳаракати хавфсизлиги муаммоларини ўрганиш марказининг берган маълумотларига кўра, мамлакатимизда 2022 йилнинг 9 ойида содир бўлган 6 минг 449 та йўл-транспорт ҳодисасида 1 500 нафарга яқин фуқаро ҳалок бўлган.

Бахтсиз ҳодисаларнинг деярли ярми (49,3 фоизи) йўл инфратузилмаси тўғри ташкил этилмагани натижасида рўй бераётган экан. Жумладан, 884 та ҳолатда пиёдалар ўтиш йўлаклари ташкил этилмагани, 522 тасида велойўлаклар йўқлиги, 509 тасида йўлни иккига ажратувчи тўсиқларнинг ўрнатилмагани, 381 тасида йўллар ёритилмагани, 381 тасида ҳаракатларни чекловчи тўсиқ-панжаралар ўрнатилмагани, 284 тасида йўл ўтказувчанлигининг транспорт оқимига мослаштирилмагани ва 109 тасида йўл қопламаси ҳўл ёки музлама бўлгани оқибатида турли даражадаги авария ҳолатлари кузатилган.

Шу ўринда яна бир муаммони айтиб ўтмасак бўлмас. Янги қурилаётган автомобиль йўлларини талаб даражасида деб бўладими? Келинг, иддаоимиз қуруқ бўлмасин: Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Йўл-қурилиш ишлари сифатини назорат қилиш инспекциясининг маълум қилишича, 1 миллиард 576 миллион 675 минг сўмлик қурилиш-монтаж ишларини ҳисоботдан чиқариш бўйича буюртмачиларга талабнома киритилган. Яъни шунча миқдорга баҳоланган, лекин амалда сифатсиз бажарилган қурилиш ва таъмирлаш ишлари пудратчилар томонидан, уларнинг ўз маблағлари ҳисобидан меъёрий ҳужжатлар талаблари асосида қайта бажартирилиши белгиланган.

Ҳудудларда йўл инфратузилмасини тўғри ва замон талаблари даражасида ташкил этиш кўпроқ маҳаллий ҳокимликларнинг саъй-ҳаракатларига боғлиқ. Узоққа бормайлик, йўллар сифатини яхшилаш, белги ва назорат камераларини ўрнатиш, тўсиқ, панжаралар ўрнатиш кўпинча маҳаллий бюджет тақсимотида эканини қайд этиш кифоя. Аммо ҳокимлар бу ишларга биринчи даражали масала сифатида қарашмаётгандек. Ҳалигача юзлаб кўприк ва йўллар абгор аҳволда, айрим асосий йўлларда ҳатто оддий йўл белгилари ҳам етишмайди.

Аслида, ҳаёт хавфсизлиги билан боғлиқ масалада бепарволикка, лоқайдликка йўл қўйиб бўлмайди. Кўпни кўрган улуғлар таъкидлаганларидек, ёмон ҳоким йўл бузади, яхши ҳоким йўл тузади. Шу боис ҳокимларга сифатли йўллар қурганига қараб баҳо берадиган вақт келмадимикин?

Анваржон ҲАЛИМОВ

«ISHONCH»