Мамлакатимиз Конституциясида ҳар бир шахс меҳнат қилиш, эркин касб танлаш, адолатли меҳнат шароитларида ишлаш ва қонунда кўрсатилган тартибда ишсизликдан ҳимояланиш ҳуқуқига эга экани мустаҳкамланиб қўйилган.
Фуқароларимизнинг мазкур ҳуқуқларини таъминлаш, уларнинг давлатдан розилиги, эртанги кунга ишонч ва ниҳоят, жамиятда ижтимоий муҳит барқарорлигининг кафолати ҳамдир. Шу боис маҳаллий ҳокимиятлар томонидан аҳоли бандлигини таъминлашга қаратилган дастурлар ишлаб чиқилиб, у ёки бу корхоналар зиммасига янги иш ўринлари яратиш, бўш иш ўринларини тўлдиришда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари манфаатларига эътибор қаратиш вазифалари юклатилади. Чунончи, Навоий шаҳар ҳокимининг ўтган йил 6 декабрдаги қарорида «Навоий кон-металлургия комбинати» АЖ 1-сонли ГМЗ корхонаси зиммасига 15 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож кишини, шу жумладан, 1 нафар ногиронлиги бўлган шахсни ишга қабул қилиш вазифаси белгиланган эди. Шу асосда Навоий вилояти Бандлик Бош бошқармаси томонидан фуқаро Ойбек Ҳамроевга квота йўлланмаси берилди. Бироқ 1-сонли ГМЗ маъмурияти томонидан О.Ҳамроевни ногиронлиги важидан ишга қабул қилиш рад этилади.
Навоий вилояти Бандлик бош бошқармаси Давлат меҳнат инспекциясининг Ойбек Ҳамроевни ишга қабул қилиш масаласи бўйича даъво аризаси Фуқаролик ишлари бўйича Кармана туманлараро судида кўриб чиқилди.
Суд томонларнинг барча важларини тинглаб, фуқаро Ойбек Ҳамроевни «Навоий кон-металлургия комбинати» АЖ 1-сонли ГМЗ корхонаси зиммасига мақбул келадиган ишга қабул қилиш ва етказилган маънавий зарарни қисман қоплаш тўғрисида қарор чиқарди.
Шерали ОЧИЛОВ,
Фуқаролик ишлари бўйича
Кармана туманлараро суди судьяси
