«Севимли» ўйинлар қаҳрамонлари

129

Улар болаларимиз келажагига қандай таҳдид солмоқда?

Бундан 30-35 йилча бурун ишлаб чиқарилган болалар ўйинчоқлари фарзандларимиз қалбида меҳр-муҳаббат, яхшилик ва қувонч туйғуларини уйғотарди. Сўнгги пайтларда эса уларнинг аллақандай қўрқинчли кўринишга эга турлари болаларнинг севимли овунчоғига айланиб бормоқда. Масалан, ҳозир уларнинг кўпчилиги Хагги Вагги ўйинчоғини совға сифатида олишни истайди. Ёки айтайлик, ҳали боғчага бормай туриб, смартфондан мустақил фойдалана бошлайди. Бу бир жиҳатдан яхши бўлса, иккинчи томондан уларнинг ножўя йўлга кириб қолишига сабаб бўлади. Чунки биргина лавҳа боланинг тасаввур ва тушунчаларини тез ўзгартириб юбориши мумкин. Қолаверса, бундай вазиятлардан ўзининг ғараз мақсадлари йўлида фойдаланувчи кўзга кўринмас кучлар ҳам бор.

Хагги Вагги ва Кисси Мисси ким?

Охирги пайтларда икки ёшдан етти ёшгача бўлган болалар ўртасида машҳур ижтимоий тармоқлар «MEMI»га, яъни ўша тармоқларда машҳур сўз, ибора, сурат, видео ёки ­аудиоларнинг одамлар орасида ҳеч қандай ўзгартиришларсиз маданий ахборотлар бирлигини англатувчи тушунчага айланган ҳамда кичкинтойлар севиб томоша қиладиган қаҳрамонлар Хагги Вагги ва Кисси Миссидир. Улар қисқа фурсатда машҳурликнинг энг юқори чўққисини забт этишдан ташқари, кўплаб болажонларнинг севимли ўйинчоғига айланди.
Хўш, бу қаҳрамонлар номи нимани англатади ва нима учун фарзандларимизга таҳдид туғдириши мумкин? Биз улар тўғрисида етарли маълумотга эгамизми?
Хагги Вагги инглиз тилида (to hug – қучоқламоқ, to wug – оғримоқ) сўзларидан олинган. Poppy Playtime ўйини қаҳрамонлари 2021 йил октябрда YouTube платформасига жойлаштирилди ва қисқа фурсатда 16 миллиондан ортиқ мижоз томонидан томоша қилинди.
Ушбу ўйиндан асосий мақсад ­ўйинчи унда тирик қолиши учун жумбоқни топиши ҳамда эски фабрикада яшовчи Кўк пахмоқ учбурчак бошли, қўл-оёқлари узун ва ёпишқоқ, ўткир тишли махлуқ чангалидан қутулиши лозим, акс ҳолда, ўша махлуқ унинг юрагини суғуриб олиб, еб юборади.
Ўйиннинг иккинчи қаҳрамони исми Кисси Мисси бўлиб, инглизчада kiss – ўпич, miss – соғинч, иккисини қўшганда, «соғинчли ўпич» маъносини анг­латади. Сиз «Бунинг нимаси хатарли? Оддий ўйинларнинг ҳаммасида ҳам қиз қаҳрамонлар бор-ку?» дейишингиз мумкин. Аммо бу ўйин яратилган вақтда Кисси Мисси Хагги Ваггининг синглиси ҳисобланган, кейинчалик унинг маъшуқасига айлантириб юборилган.
Ўйиндан ёш болалар юрагига қўрқув соладиган турли саҳналар, қонли лавҳалар, ваҳимали мусиқалар, шунингдек, собиқ ака-сингил ўртасидаги «эҳтиросли» лаҳзалар ҳам ўрин олган. Шу тариқа фарзандларимиз онгига нималар сингдирилаётганини англаш учун биз собиқ ака-сингилнинг ўзаро муносабатларидан ҳушёр тортишимиз, бу ўйин кузатувчиларининг асосий қисми 2-6, ўйинчилари эса 7-13 ёшли ўғил-қизлар эканлигини унутмаслигимиз шарт. Чунки бу даврда ўзини қаттиқ қўрқувга солувчи, қалбини ларзага келтирувчи воқеа-ҳодисаларга дуч келиши бола характерида зўравонлик, ваҳшийлик, шафқатсизлик каби иллатларни шакллантириши, фаҳш нарсаларга иштиёқини кескин равишда кучайтириб юбориши мумкин.
Статистик маълумотларга кўра, Интернетдан фойдаланувчи балоғат ёшидаги болалардан аксариятининг бундай сайтларга қизиқиши юқорилиги ҳам уларнинг ўша лавҳаларга талаби ошишига сабаб бўлади. Бундан ташқари, шифокорлар фикрича, ваҳшиёна кўринишдаги қўғирчоқлардан қўрқув болаларда педиофобия шаклланишига олиб келади. Биз болалигимизда «Том ва Жерри» мультфильмини кўрсак, бувим «Улар болаларни ҳайвонларга нисбатан меҳрсиз қилиб қўяди», дея куюнарди. Аммо у пайтлар телевизорда бериладиган болаларбоп мультфильм ва бадиий фильмлар жажжи томошабинлар қалбига ва руҳиятига шикаст етказмайдиган, аксинча, уларни яхшилик ва эзгулик сари етаклайдиган даражада сифатли ишланарди.
Бир мультфильм ёдимда: икки қуён қишда совуқда қолганида қизалоқ уларга уй қуриб беради. Сўнгра овқатлантириб, «Совуқми?» деб сўрайди. Қуёнлар эса «Жудаям совуқ» деб жавоб беришади. Бу демак, бола кичкиналигида қандай мультфильму бадиий фильмни кўрса ёки қандай ўйинлар ўйнаса, онги остида қолади ва ҳаёти давомида унинг ён-атрофидагиларга муносабатларини белгилаб беради.

Кўк бошли махлуқнинг машҳурлиги сири нимада?

Юқорида айтганимдек, қисқа сонияли «Кўк бошли махлуқча йўқолди? У шу ерда эмасми?» каби роликлар бутун дунёда кенг тарқалган ва кўплаб ёшларни қамраб олган «Тик ток» ва «YouTube» платформаси орқали ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари «MEMI»га айланиши ва улар ўртасида «chellendj»лар оммалашиб бориши туфайли машҳурликнинг юқори поғонасига кўтарилди. Аслида бундан-да даҳшатли ўйинлар кўп, аммо улар асосан ёши 13-14 дан ошган болалар ўртасида ўйналади. Шулардан бири «Попит ҳамда антистресс» эди. Биз ундан энди қутулдик деганимизда, янги махлуқча пайдо бўлди. Энг ачинарлиси, бозор иқтисодиёти шароитида энг нуфузли саналган дўкон ва савдо марказларида ушбу махлуқчаларнинг бозори ниҳоятда чаққон. Ишдан қайтаётганимда ён-атрофни кузатиб, кўпчилик болаларнинг қўлида шу ўйинчоқни кўраман. Ҳатто ўз фарзандим ҳам уни олиб беришимни сўраб, бир неча бор хархаша қилди. Шу боис бу масалани ўрганишга қизиқдим.

Ҳамиша огоҳ бўлайлик!

Маълумки, биз ахборот урушлари ва мафкуравий курашлар даврида яшаяпмиз. Аниқроғи, ҳозир бутун ­дунёда инсон онги ва тафаккури учун шиддатли жанг кетмоқда. Бу уруш ёш танламайди, инсоннинг дунёқараши ва тафаккури қанча тор бўлса, одамзод қалбига йўл топиши шунча осон кечади. Болаларни бу жараёнлардан асраш учун ижтимоий тармоқларни чеклаш эса тескари натижа бериши, яъни уларнинг қизиқишларини баттар кучайтириб юбориши мумкин. Демак, биз смартфон бола ва катта ҳаёт ўртасидаги барча тўсиқларни олиб ташлаётганини назарда тутган ҳолда, хавфсизлик чораларини кўришимиз лозим. Жумладан, болаларга мўлжалланган барча кўрсатувлар, дастурлар, мульт­фильм ҳамда бадиий фильмлар савияси ва сифатини тизимли равишда чуқур таҳлил қилиш, улар устидан ота-оналар назоратини янада кучайтириш, бўш вақтларини мазмунли ўтказиш орқали фарзандларимизни ­руҳияти ва дунёқарашига таъсир этувчи унсурлардан ҳимоялаш, мурғаклигиданоқ онгига эл-юртга меҳр-муҳаббат ва Ватанга садоқат туйғуларини сингдириб боришимиз шарт.
Кейинги пайтлар Ғарбда кенг тарқалаётган «оммавий маданият»ни тарғиб қилувчилар хулосасига кўра, 1997-2012 йиллар оралиғида туғилган болалар «Z-zed» деб номланади ва бошқа авлод вакилларидан фарқ қилади. Улар яшаётган замон рақамли хизмат кўрсатиш ҳамда технологиялар асри ҳисобланади. Бу давр ўсмирлари оғир ақлий ва жисмоний меҳнатлардан озод бўлиши, улар учун ўрта махсус таълимнинг ўзи етарли эканлиги, виртуал оламдаги мавқеи турмушини енгиллаштириб бериши тўғрисидаги ғоялар тез орада Ўзбекистонга ҳам кириб келди. Энди бирор-бир ақлий ёки жисмоний меҳнатсиз ҳам даромад топиш мумкин деган ғоя аксарият ёшлар онгини забт этиб улгурди. Ижтимоий тармоқлар орқали ёшлар фаворитига айланган «Instayulduzlar» томонидан тармоққа жойланган ва бугунги кунда урфга айланаётган «мем»лар бунга мисол бўлади. Юзаки қараганда, улар зарарсиздек кўринса-да, амалда миллатнинг тили, дини, эътиқоди, қадриятлари ва анъаналарини аста-секин йўқ қилиб бориши мумкин.
Хулоса ўрнида айтмоқчиманки, биз болаларимизнинг моҳиятан меҳрсизлик, зўравонлик, ваҳшийлик ва шафқатсизликни тарғиб қилувчи кўнгилочар ўйинлар, ўйинчоқлар ва бош­­қа медиа воситалар қуршовида вояга етишига, руҳан шикастланишига йўл қўймаслигимиз керак. Чунки Интернет орқали тарқатилаётган ғараз мақсадли кўрсатувлар, ёлғон ва ваҳимали маълумотлар одамлар қалбидаги меҳр-оқибат ва раҳм-шафқат туйғуларини сўндириши, шафқатсиз хатти-ҳаракатлар ва қотиллик сингари жиноятлар кўпайишига хизмат қилиши эҳтимолдан холи эмас. Чунончи, болалигиданоқ ўзига Хагги Вагги ва Кисси Мисси каби қаҳрамонлардан идеал ясаб олган болалар ўн-ўн беш йилдан кейин ножўя қилмишларга қўл уришлари ҳеч гап эмас. Шундай экан, ҳамиша огоҳ бўлайлик, зурриётларимизни турли-туман бало-офатлар домига тушиб қолишидан асрайлик.

Нигора ҲУСАНОВА,
Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳузуридаги Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институти илмий ходими,
Ўзбекистон Миллий университети
таянч докторанти