Сирдарё вилояти Ички ишлар бошқармаси раҳбарияти диққатига!
Шаҳарларни бекатларсиз тасаввур қилиш қийин, албатта. Кейинги пайтларда Гулистон шаҳри кўчаларида ихчам ва кўркам бекатлар қад ростлади. Бу йўналишли автобуслар ва таксиларнинг йўловчиларни хавфсиз-хатарсиз ташишларида муҳим аҳамият касб этади.
Бироқ шаҳарнинг ташкилотлар, корхоналар ва муассасалар офислари тиғиз жойлашган марказий қисмида аксарият бекатларнинг олдини енгил машиналар эгаллаб олмоқда. Бу эса йўналишли автобуслар ва таксиларга қийинчилик туғдиряпти. Шаҳарнинг Навоий шоҳкўчаси, Халқлар дўстлиги ҳамда Бирлашган кўчаларидаги бекатлар автотураргоҳ вазифасини ўтамоқда.
Тунов куни Навоий шоҳкўчаси бўйлаб ҳаракатланаётиб, стоматология поликлиникаси рўпарасида янги бекат қад ростлаганини кўриб, қувониб кетдим. Бироқ хурсандчилигим узоққа чўзилмади. Бу бекат ҳам автотураргоҳга айланганини кўриб, кайфиятим тушди. Бу туришда йўналишли автобус ва таксилар қаерда тўхтайди? Ҳатто йўловчиларнинг улов кутиш учун ҳам имконият йўқ. Ўз-ўзидан савол туғилади: Гулистон шаҳри кўчаларидаги бекатлар қачон бекатлик вазифасини ўтай бошлайди? Бу саволга Сирдарё вилояти ички ишлар бошқармасидаги масъуллар нима дейишаркин?!
Муҳаммадали АҲМАД,
Гулистон шаҳри
Суратда: Навоий шоҳкўчасидаги бекат мана шундай автоуловлар билан тўла.

