Чилонзор тумани ҳокимлигидан имконияти чекланган болаларга “антиқа совға”

311

Чилонзор туманида яшовчи Ў.А.га  биринчи декабрь куни ҳудудий поликлиникадан қўнғироқ қилишади. Телефон қилган  ҳамшира унга даун синдроми билан туғилган фарзандини 3 декабрь куни Чилонзор туман ҳокимиятида бўлиб ўтадиган концертга олиб боришини, у ерда фарзандига совға берилишини айтади. Аввалига тадбирга боришни исатамаган Ў.А. ҳамшира қайта қўнғироқ қилгач, концертга боради. Аммо ҳаво совуқ бўлгани учун ўғилчасини уйида катта фарзандларига қолдиради.

– Аввалига концерт намойиш этилди, – дейди она биз билан суҳбатда. – У ерда тахминан 50 нафардан ошиқ бола, уларнинг ота-оналари ҳамда катта ёшдаги ногирон юртдошларимиз бор эди. Концерт тугагач, кетаётганимда қўлимга қоғоз пакетда совға тутқазишди. Имконияти чекланган ёши катта юртдошларимизга эса пакетларда макарон, шакар каби маҳсулотлар тарқатилди. Барака топишсин, шунчалик эътибор қилишибди. Бунисидан хурсандман. Аммо…

Йўлда кетаётганимда қизиқиб, нималар беришибди дея, қоғоз пакетни очдим. Пакетдаги айрим ширинликларни мен олдин умуман кўрмаганман ва учратмаганман ҳам. Шу боис кўнглимда шубҳа уйғонди. Ширинликлардан бири – “Aybon gold”нинг номини Интернетга ёздим. Не кўз билан кўрайки, “Aybon gold” – “Alpen gold”нинг ҳақиқийсига нисбатан контрафакт маҳсулот сифатида эътироф этилганди.

Ким билсин, бундай маҳсулотлар қай усулда тайёрланган ва уларнинг ичига нималар қўшилган? Тўғриси, бу ҳолат мен учун ногиронлар ва уларнинг яқинлари устидан кулиш бўлиб туюлди. Ўзи шундоғам кўнглимиз ўксик, яримта. Нима кераги бор эди, бу тарзда “хурсандчилик улашиш”.

Бундай совға берилишини ҳақорат сифатида қабул қилган Ў.А. тадбир ташкилотчиларининг олдига қайтиб бориб, уларга “Нега болаларни алдаяпсизлар? Улар яхшироқ эътиборга муносиб эмасми? Байрамда болажонларни чин дилдан хурсанд қилмоқчи экансиз, битта маккажўхори кукурузи ва яна битта «Snikers» берсангиз ҳам хурсанд бўлиб кетаверардик. Ўзларингиз шу контрафакт ширинликни уйда болаларингизга едирармидингиз?” дея қоғоз пакетни ташлаб кетади. Ташкилотчи опа совғани олиш мажбурий эмаслигини, “пакет”ни ташкиллаштириш учун давлатдан ҳеч қандай пул ажратилмагани, уни ходимлар ўз ҳисобидан олганлигини айтади.

Чилонзор – Тошкент шаҳридаги энг йирик туманлардан бири. Туман ҳокимлиги даражасидаги тадбирнинг, қолаверса, кўнгли ўксик болажонлар учун аталган совғаларнинг “антиқа” ташкил этилгани ажабланарли. Ногиронлар меҳр-эътиборга муҳтож одамлар! Уларга муносабат шуми?

Халқимизда “Касал касал эмас, касал боққан касал” деган мақол бор. Биз “бу она, балки сал ошириб юбораётгандир”, деган хаёлда худди шу тадбирда қатнашган бошқа бир она билан ҳам боғландик. Афсуски, у ҳам тақдим этилган ширинликлар сифатсиз эканлигини айтиб, бундай муносабатдан қаттиқ ранжиганини билдирди.

Савол: 3 декабрь кунги табдирда ногиронларга “аталган” ширинликлар қаерда тайёрланган? Улар қаердан, кимлардан, қайси фирмалардан сотиб олинган? Тадбирда болажонларга улашилган совғаларни туман ҳокимлиги ходимлари  ҳақиқатдан ҳам ўз ҳисобидан сотиб олишганмиди?

Бу саволларга Чилонзор туман ҳокимлигидан жавоб кутамиз!

 Ishonch.uz