9-12 декабрдаги совуқдан кейин 13 декабрдан бошлаб мамлакатимизда ҳарорат бироз илиқлашади.
“Ўзгидромет” маркази мутахассиси Ҳумоюн Мағриповнинг маълумот беришича, 14, 15 ва 16 декабрь кунлари об-ҳаво кундузи 0 градусдан кўтарилиб, бироз юмшайди. Аммо бу ҳаво исиб кетади, дегани эмас. 14 ва 15 декабрь кунлари республикамизнинг жанубида ҳарорат кечаси 0 градусдан тушмайди ва умуман олганда, юртимиз бўйлаб совуқ ҳаво ҳукмронлик қилади.
Мамлакатимизнинг шимолий ҳудудлари – Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Навоий ва Бухоро вилоятларида ҳарорат кундузи 0 градусдан кўтарилиб, +1, +2 даража кузатилади. Кечаси -2, -5 атрофида, баъзи жойларда эса, — 8 даражагача совуқ бўлиши мумкин.
Сирдарё, Жиззах ва Тошкент вилоятларида кундузи 1-3 даража илиқ, кечаси -3 даражагача совуқ бўлиши кутилмоқда.
Пойтахтимиз Тошкентда мазкур саналарда ҳарорат кундузи +2, +7, кечаси эса, +1, -4 атрофида бўлиши тахмин қилинмоқда.



