Самарқанд ва Навоий вилоятларидаги метан гази қуйиш шохобчаларида бир неча кундан буён катта тирбандликлар кузатилмоқда.
Илгари бу икки вилоят ўртасида қатновчи таксилар йўловчиларни 35-40 минг сўмга манзилига етказган бўлса, ҳозирда 65-70 минг сўм йўлкира сўраяпти. Сабаби – метан гази қуядиган шохобчаларда бир неча юзлаб машиналар навбатда турибди. Бензин ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. А-80 ёқилғиси йўқ. А-92 эса 11 минг сўмдан сотилмоқда.
Йўлда ёқилғиси тугаб қолган юртдошларимиз машиналарини шатакка олиб ёки икки-уч киши ёллаб шохобчаларга итариб келишмоқда. Ишга, уйга, маърака-мавридга кечикаётганларнинг дардини эшитадиган, муаммони ҳал қиладиган мард эса топилмаяпти.
Пахтачи тумани тугаб, Навоий вилояти бошланадиган ҳудуддаги метан гази қуйиш шохобчасида навбатда турган машиналар карвонининг узунлиги кеча ва бугун эрталаб бир километрдан ҳам ошиб кетган.
Нормурод Мусомов
“Ишонч”

