Андижонда газга ноқонуний уланиш ҳолатлари аниқланди

55

Ҳеч қандай ҳужжатларсиз, ҳисоблагичсиз 17 сотихдан ортиқроқ иссиқхонани табиий газ билан иситиб, бодринг етиштираётган Андижон вилояти Олтинкўл тумани Миробод маҳалласида яшовчи У.Деҳқоновга  «Андижонтумангаз» бўлими ходимлари 103 миллион 854 минг сўм жарима солди.

Ижтимоий тармоқларда “Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти  вилоят филиали ҳамда ҳуқуқ-тартибот идоралари  томонидан ўтказилган тадбирда аҳолига тортилган табиий газ тармоғига ноқонуний уланиш ҳолатлари аниқлангани хабар қилинганди.

Жумладан, Андижон шаҳри “Хакан” саноат ҳудудида фаолият кўрсатиб келаётган гипс ишлаб чиқарувчи “Магма марена” МЧЖ томонидан ҳеч қандай ҳужжатларсиз аҳолига тортилган табиий газ тармоғига ноқонуний уланиб, яширин равишда табиий газдан фойдаланилган.

Мутахассисларнинг дастлабки ҳисоби-китобларига  кўра, “ишбилармон” тадбиркор томонидан давлатга 1 млрд. 642 млн. сўм миқдорида зарар етказилган. Бу маблағ эвазига 1 ой давомида 2 мингта хонадонни газ билан таъминлашга етадиган 1 млн. 642 минг куб газ сотиб олиш мумкин.

Ушбу ҳолат юзасидан Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Андижон вилояти бошқармаси томонидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Анваржон ҲАЛИМОВ
“ISHONCH”