«Ishonch – Доверие» газетасининг шу йил 28 октябрдаги сонида «Нега совуқ батареялар учун ҳақ тўлаш керак?» сарлавҳали мақола чоп этилганди. Унинг муаллифи Иван Носовнинг «Аҳолига сифатсиз ва кечиктириб берилган иссиқлик энергияси учун тўловлар қайта ҳисоб-китоб қилинадими?» деган саволига «Veola Energy Tashkent» МЧЖ бош директори в.б. Aлишер Хайитметов қуйидаги мазмунда жавоб берди:
Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 15 июлдаги 194-қарори билан тасдиқланган Кўп квартирали уйларда иссиқлик таъминоти хизматлари кўрсатиш қоидаларига мувофиқ, аҳолига сифатсиз ва кечиктириб берилган иссиқлик энергияси учун тўловлар уй-жой иссиқлик тизимига кеч уланиши, паст параметрлар туфайли сифатсиз иссиқлик энергияси берилиши ёки иссиқлик энергиясининг умуман йўқлиги, тизимдаги авария ҳолатлари ёки унга зарар етган ҳолатларда қайта ҳисоб-китоб қилинади. Ўз вақтида уланмаган ёки уй-жойга сифатсиз иссиқлик энергияси берилган ҳолатларда қайта ҳисоб-китоблар мазкур қоидаларнинг 131-, 132-бандлари асосида бажарилади. Иссиқлик энергияси етказиб берилмагани ёки зарур сифатга эга бўлмаган иссиқлик энергияси етказиб берилгани тўғрисидаги далолатномада сифат параметрлари бузилиши, иссиқлик энергиясини етказиб бериш тўхтатилиши бошланишининг ёки зарур сифатга эга бўлмаган иссиқлик энергияси етказиб берилганининг вақти ва санаси кўрсатилади. Иситиш танаффусининг рухсат этилган давомийлиги бир ойда жами 24 соат. Ҳисоб-китоблар тегишли ўлчаш мосламасида қайд этилган сифатли иссиқлик энергияси етказиб бериш қайта тикланган ҳамда истеъмолчи томонидан камчиликлар бартараф этилгани ҳақидаги далолатнома имзолангандан сўнг амалга оширилади.
Иссиқлик энергияси етказиб берилмагани ёки зарур сифатга эга бўлмаган иссиқлик энергияси етказиб берилгани хусусидаги хабар истеъмолчи томонидан ёзма шаклда ёки оғзаки (шу жумладан, телефон орқали) берилиши мумкин ва етказиб берувчи (ижро этувчи) томонидан албатта рўйхатдан ўтказилиши керак. Иссиқлик энергияси етказиб берилмагани ёки зарур сифатга эга бўлмаган иссиқлик энергияси етказиб берилгани тўғрисидаги далолатнома иссиқлик таъминоти бўйича хизматлар учун тўлов миқдорини қайта ҳисоб-китоб қилиш учун асос бўлади.
Таҳририятдан. Мутахассис шарҳи иссиқлик таъминоти хизматларини лозим даражада кўрсатмаслик ва бу муаммони бартараф этиш билан боғлиқ вазиятга ойдинлик киритади, холос. Aммо хонадонлардаги иситиш билан боғлиқ ҳозирги вазият шуни кўрсатдики, ҳатто унча қаттиқ бўлмаган совуқ ҳам бу тизимни издан чиқариши мумкин экан.
Хуллас, ҳар доимгидек баҳоналар кўп – қиш кутилганидан эртароқ келди. Газ босими тушиб кетди. Энергия тизими юкламаларга дош бера олмади… Ҳар доимгидек, истеъмолчи айбдор – у жуда кўп нарсани хоҳлайди.
Аммо давлат даражасида муҳокама қилинган иссиқлик таъминоти тизимига уланган кўп қаватли уйларда иссиқликни ўлчовчи электрон ҳисоблагичлар, шунингдек, уй ичида иссиқ сувни ўлчайдиган электрон ҳисоблагичлар борасида лом-мим дейилмаган. Президентнинг тегишли қарорига мувофиқ, замонавий қозонхоналар қачон қурилади? Муштарийлар айнан мана шу саволларга жавоб кутмоқда.
