Сиз ҳам PubG ўйнайсизми?

108

Бугунги кунда кўпчилик, айниқса, ўсмирлар орасида кенг тарқалган ва ўйналаётган, дунёда энг олд бешликка кирадиган PubG (Player Unknown’s Battlegrounds), ўзбекчада «Номаълум ўйинчи жанг майдони» видеоўйинидир. Унинг шартига кўра, 100 нафар мухлис жамоа бўлган ҳолда микрофон орқали алоқа ўрнатиб, ўзаро жангга киришади. Ўзлари тирик қолишлари учун «рақиб»ларининг ҳаммасини отиб ўлдиришлари шарт. Энг ажабланарлиси, PubG ўйнагани учун одамлар совға сифатида пул ташлашади.

PubGнинг яратувчиси ва ғоя муаллифи ирландия­лик Брендан Грин бўлиб, уни аввал компьютерда, сўнгра мобил телефонда ўйнашга мослаштирган. Уяли алоқа воситаларида ўйнала бошлангач, дунё миқёсида ихлосмандлари кескин равишда кўпайди. Уларнинг сони 2017 йилда 3 миллион 106 минг 358 кишини ташкил этган бўлса, бугунги кунда беш бараварга ошди. Бу жуда катта ўсишдир.
Ушбу ўйин бошқаларига нисбатан кўпроқ салбий оқибатларга сабаб бўлмоқда. Бинобарин, мактаб, лицей ва университетларда ўқийдиган 12 ёшдан 24 ёшгача бўлган айрим йигит-қизлар билим олиш ўрнига куну тун шу ўйин билан машғул бўлаётгани жуда ачинарли ҳолдир.
PubG бир қанча касалликларни ҳам келтириб чиқаради. Айниқса, кечқурун 5-6 соат у билан банд бўлган кишида ўз-ўзидан уйқу режими бузилади. Телефондан тарқалаётган нур кўз касаллик­ларига, бир жойда узоқ вақт ўтириш эса бўйин оғришига, вазн ортишига, ҳатто юрак уришдан тўхтаб қолишига ҳам сабабчи бўлиши эҳтимолдан холи эмас.
Бундан ташқари, бу ўйинга муккасидан кетган ёшлар оила аъзолари ва дўстлари билан суҳбатлашишни ёқтирмайдилар, дарсларда фаол қатнашмайдилар. Айримларида дангасалик, жисмоний ва ақлий қолоқлик сезилади ёки сохта мағрурлик туйғулари пайдо бўлади. Баъзилари электрон қурилмалар харид қилиш учун пул топиш илинжида майда ўғриликларга қўл уришади. Қолаверса, бу ўйин оилавий ҳаёт ёмонлашувига, тушкунликка берилиш ва тажовузкорлик авжига чиқишига олиб келади. Ундаги фаоллик реал ҳаётда мавжуд эмаслиги мижознинг жаҳлини чиқара бошлайди. Жаҳл эса инсонни жоҳилликка етаклайди.
Бир хабарда айтилишича, 15 ёшли ўсмирнинг ота-онаси ўйинни ўчириб юборган. Бундан асаб­лари қақшаган ўсмир эс-ҳушини йўқотиб қўйиб, ўз жонига қасд қилган. Бундай нохуш воқеалар Покис­тон, Ҳиндистон ва бошқа давлатларда ҳам рўй берган. Масалан, бир боланинг ота-онаси ва ўқитувчилари огоҳлантириб, телефонини олиб қўйишади. У ўйинда иштирок этолмайди ва жамоадошлари ютқазишади. Бунинг учун ўзини айбдор ҳисоблаб, қаттиқ изтиробга тушган йигитча хонасидаги вентиляторга ўзини осади.
PubG кўчада ва йўлда бораётганда ҳам ўйналаётгани боис автоҳалокатлар кўпаймоқда. Шунингдек, у мижозларида зўравонлик туйғуларини кучайтириб, диққатни жамлаш қобилиятини аста-секин сусайтириб боради. Бир-бири билан эркин мулоқотга киришиб танишишлар, шаҳвоний суратлар катта ёшли йигитларни ҳам ўзига жалб этади.
Бу ўйинга ружу қўйганлардан бирининг айтишича, уни яратилгандан, яъни беш йилдан буён тинимсиз ўйнаб келади. Кўплаб дўстлар орттирган ва ўйин стратегиясини пухта ўзлаштирган. Сўнгги уч ой ичида кўп бор «чемпионшип»ларда қатнашиб, 50 доллар атрофида даромад олади. Лекин бу маблағ йўқотган вақтига арзимайди. Чунки авваллари бир ўтирганда ўйин учун 5-8 соат вақт сарфлаган бўлса, ҳозир камида 4 соат ажратади. Албатта, гоҳида беҳуда кетган вақтига ачинади, лекин ҳали ўйиндан батамом воз кеча олгани йўқ.
Эҳтимол, хабарингиз бордир, икки йилча муқаддам 1xBet, яъни онлайн қимор ўйини кўплаб оилалар ҳаловатини бузди, ҳатто мудҳиш оқибатларни келтириб чиқарди. У туфайли қарзга ботган юзлаб одамлар уй-жойини сотиб, оила аъзолари билан кўчада қолди. 160 миллион сўмлик қарзини тўлашга кўзи етмаган фарғоналик ёшгина йигит эса ўзини ўлдирди.
PubGнинг зарари ва хавфи ҳам бундан қолишмайди. Шу боис ундан воз кечган маъқул. Бунинг учун, аввало, ёшларнинг ўзлари ҳаракат қилишлари, қимматли вақтларини асосан билим олишга ва фойдали юмушлар билан шуғулланишга бағишлашлари лозим. Иккинчидан, ота-оналар фарзандларининг юриш-туришини, нималар билан машғул бўлишаётганини доимий равишда назорат қилиб боришлари шарт. Бундан ташқари, худди Ҳиндистондаги сингари бизда ҳам PubG блокланиб, ўйнаб бўлмайдиган қилиб қўйилса, ўйнаганларга нисбатан жавобгарлик чоралари белгиланса, фойдадан холи бўлмасди.
Хўш, бу ҳақда сиз қандай фикрдасиз?

Гулшаной АЛИЖОНОВА,
ЎзЖОКУ талабаси