«Пахталисой»да ҳамон кўприк қурилгани йўқ ёхуд кўп йиллик умидлар янги йилда ушаладими?

110

Халқимиз ҳар бир йилни ўзгача ҳаяжон билан кутади. Айниқса, йилларга қандай ном берилишига эътибор, қизиқиш юқори бўлади.

Жумладан, ортда қолаётган Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йилида ҳам мамлакатимизда ­кўплаб ислоҳотлар амалга оширилди, аҳоли турмуш тарзини яхшилаш, камбағалликни қисқартириш борасида қатор чора-тадбирлар белгиланди. Аммо бу ислоҳотлар ҳамма маҳаллаларга ҳам тўла етиб боряптими?
«Ishonch» газетасининг 2022 йил 3 март кунги сонида «Вақтинчалик кўприк­лар: «Пахталисой» аҳлининг дардини ким эшитади?» сарлавҳали мақола чоп этилган эди. Унда «Пахталисой» маҳалласи аҳолисини кўп йиллардан буён қийнаб келаётган ­муаммо – қишлоқ ўртасидан кесиб ўтган сой узра кўприк қуриш масаласи қаламга олинган эди.
Газета – фақат бирор муаммони чоп этибгина қолмай, унинг ечими билан ҳам қизиқади, мутасадди ташкилотларнинг кўтарилган масалага муносабатини сўрайди. Шунинг учун ҳам таҳририят юқоридаги мақолани Қашқадарё вилояти ҳокимлигига жўнатди…
Орадан 9 ойдан ошиқроқ вақт ўтди. Аммо ҳали-ҳамон «Пахталисой» аҳолиси ­кўприк қурилишини умид билан кутаётир.
– Маҳалламиз катта, – дейди шу ҳудудда яшовчи Шерзод Тожиев. – Икки нафар фарзандим авария ҳолатидаги ­кўприкдан ўтиб, мактабга қатнайди. Каналга сув келганда боламиз уйга келгунича юрагимизни ҳовучлаб кутиб ўтирамиз. Ўзимиз шифохонага, маҳалла идорасига, туман марказига ёки сойнинг нариги томонидаги тўй-маъракаларга бормоқчи бўлсак, шу кўприкдан ўтамиз. Ёмғир, қор ёғса аҳвол мураккаблашади. Сел келса, у ёқдан бу ёққа ҳаракат, ўтиш-қайтиш тўхтайди. Кимга мурожаат қилайлик? Бизни ким тинглайди?
– Яқинда Қаршидан мутахассислар келишганда «Энди кўприк қурилар экан-да», деб қувонгандик, – деди Акрам Олтибоев. – Аммо бизнинг маҳалламизда қурилиши керак бўлган кўприкни кимдир қўшни «Эски анҳор» маҳалласига тортиб кетибди. Эшитдик, шу маҳаллада кўприкни лойиҳалаш ишлари бўлаётган экан. Ваҳоланки, ушбу маҳаллада кўприклар сони етарли. Қурилаётган кўприк биздан 7-8 километр юқорида, узоқ. Нега энди кўприкни зарурати бор жойга қурмай, бошқа жойдан қуришмоқчи, тушунмадик. Ахир, бу кўприкка 1 миллиард 800 миллион сўм маблағ ажратилган эмиш. Бу ҳазилакам маблағми?
Шу ўринда бир мулоҳаза. Пахталисойликларга зарур бўлаётган кўприкни қуриш, аҳолини рози қилиш шунчалик қийинми? Ахир қурувчиларимиз Амударё, Сирдарё устидан улкан-улкан, мустаҳкам-мустаҳкам кўприклар қураётган бир замонда қишлоқ ўртасини кесиб ўтган сой устидан кўприк қуриш асрларни ёки йилларни қаритадиган муаммо эмас-ку, ҳарқалай? Қашқадарё вилояти ҳокими ёхуд Кўкдала тумани ҳокими вазиятдан бохабар эмасми?
Менимча, улар яхшигина хабардор. Чунки танқидий мақола чиққан газета таҳририят томонидан Қашқадарё вилояти ҳокимлигига жўнатилган. Кўкдала тумани ҳокими Хуррам Жўраевга эса газетани шахсан ўз қўлим билан берган эдим. У газетани ёрдамчисига бериб, «Ҳали буни олдимга олиб кирасан. Кўриб чиқаман», дегани ёдимда.
Бундан ташқари, газета чиққан март ойи­нинг охирларида вилоят ҳокимлигига бориб, уларнинг муносабатини билмоқчи бўлганимда ҳокимлик мутахассислари менга мазкур масала ўрганиб чиқиш учун Чироқчи тумани ҳокимлигига жўнатилганини айтишганди. Чунки ўша пайтда Кўкдала Чироқчи тумани таркибида эди. Бу орада Чироқчи иккита туманга бўлинди ва ўз-ўзидан Чироқчи тумани ҳокимлиги Кўкдала ҳудудидаги муаммога жавоб бериш масъулиятидан озод бўлиб қолди, чамамда.
«Пахталисой» маҳалласи фуқароси Пардамурод Солиевнинг айтишича, яқинда Кўкдала тумани ҳокими Хуррам Жўраев маҳаллага келган ҳамда вазият билан танишган. Бироқ бу ташрифнинг ­кўприк қуриш учун ажратилган маблағни «Эски анҳор» маҳалласига эмас, «Пахталисой»га йўналтиришга фойдаси тегармикан? Ёки давлат томонидан «Пахталисой» учун яна бошқа маблағ ажратилармикан?

Президентимиз халқни рози қилиш ҳақида куюниб гапиради. 2023 йилнинг Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили деб эълон қилиниши ортида ҳам кўп ва хўб эзгу режалар, истиқболли чора-тадбирлар турибди. Инсонлар эртанги кунга умид билан қарашмоқда. Шу жумладан, пахталисойликлар ҳам Инсон ­қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йилида ушалмаган орзулари Инсонга эътибор ва сифатли таълим йилида ушалишидан умидвор…

Акмал АБДИЕВ
«ISHONCH»