Андижонда булдуруқ ҳодисаси кузатилмоқда

45

Шу кунларда Андижон вилоятида узоқ муддат об-ҳавонинг қуюқ туманли келгани натижасида булдуруқ ҳодисаси кузатилмоқда. Дарахтлар худди қор қоплагандай оппоқ бўлиб қолмоқда. Кўпчилик буни қор билан адаштиряпти.

Аслида, булдуруқ умуман бошқа нарса. У – атмосфера ёғинларининг бир тури. Аёзли кунларда ёки туман пайтида нам ҳаво зарраларининг музлаши натижасида ҳосил бўлади. Булдуруқ юмшоқ муз кристали ёки доначалари шаклида ёғади. Изғиринли пайтларда дарахт шохлари ва симларда ҳам пайдо бўлади.
Одатда, булдуруқ қалин туман тушиб, кўрувчанлик 50 метргача чекланганда ва ҳаво ҳарорати 0 даражадан паст бўлганда кузатилади.
Кўпни кўрган кексалар ”Бир булдуруқ – уч қорга татийди”, дейишади. Чунки унинг қишлоқ хўжалигида фойдаси катта. Дарахтларда қишлаётган турли касалликлар, ширалар, зараркунанда ҳашоратлар булдуруққа дош беролмайди.

Анваржон ҲАЛИМОВ
“ISHONCH”