Тошкент вилоятида “Док-1 Макс”дан ўлим ҳолати кузатилмади – вилоят ССБ

52

Ижтимоий тармоқларда “Тошкент вилоятида (Ўртасаройда) “Док-1 Макс” дори воситасини истеъмол қилган 2 ёшли бола вафот этди” мазмунидаги хабарлар тарқалмоқда.

Тошкент вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармасига кўра, ушбу хабар асоссиз бўлиб, ҳозирги кунгача Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий марказининг Тошкент вилояти филиалига “Док-1 Макс” сиропи истеъмоли натижасида заҳарланиш белгилари билан 9 нафар бола олиб келинган. Улардан 5 нафари соғайиб, уйига қайтарилган. 4 нафарининг аҳволи эса барқарор ҳолатда.
“Уларга тегишли стандартлар асосида муолажалар давом эттирилмоқда”, – дейилади хабарда.
Шунингдек, вилоят миқёсида шу пайтгача ушбу дори воситасидан заҳарланиш туфайли ўлим ҳолати кузатилмагани таъкидланмоқда.
“Ҳозирда ҳудудлардаги барча дорихоналарда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар вакиллари ва туман-шаҳар тиббиёт бирлашмалари ходимлари томонидан ўрганиш олиб борилиб, “Quramax” компанияси томонидан ишлаб чиқарилган дори воситалари йиғиштириб олинган”, – дейилади вилоят ССБ хабарида.