Бир кундан ҳам кам вақт қолганида, “эртага мактаб” деган хабарнинг эълон қилиниши жамоатчиликни ғазаблантиргани рост. Жараёнда кимдир янги ташкил этилган вазирликни айблаган бўлса, кимдир ҳукумат вакилларининг субутсизлигидан ҳафсаласи пир бўлганини ёзди. Хуллас, ҳафа бўлса бўлгулик, ўпкаласа ўпкалагулик ишлар…
Аммо ота-оналарнинг кутилмаган ахборотдан эсанкираганлари, ижтимоий тармоқларда мактаб бошланишига қарши муносабатлар ёғилганига қарамай, Миробод ва Мирзо Улуғбек тумани мактаблари учун эълон қилинган 11 январдан ўқиш бошланиши ҳақидаги оғзаки буйруқ ўз кучида турибди. Ҳатто бугун тумандаги мактабларга ўқувчилар ҳам дарсга келишди. Аммо уларнинг сони жуда кам бўлган.
Исмини сир тутишимизни истаган манбанинг айтишича, Миробод тумани ҳокимлиги туманда иситиш тизими яхшилигини таъкидлаб, мактабларда ўқиш бошланишига оғзаки рухсат берган. Бироқ мактаб директорларининг қўлида мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарованинг 6 январда имзолаган дарслар 18 январдан бошланиши ҳақидаги буйруғи бўлгани боис ҳеч бир ўқувчи мактабга келишга мажбурлангани йўқ.
–Директорлар ҳам аросатда қолди, — дейди суҳбатдошимиз. – Мактабимиз уч қаватли. Ўқувчилар икки сменада ўқишади. Биринчи қаватдаги хоналар иссиқ. Иккинчи қават илиқ, аммо учинчи қаватлардаги хоналарнинг ҳаммаси совуқ. Болалар ўтирганда совқотиши аниқ. Шунинг учун ўқитувчиларни ҳам, ўқувчиларни ҳам дарсга келинглар, деб мажбурлаганимиз йўқ. Кўзим тушган телеграм каналдаги ахборотга кўра, бугун биринчи сменада Миробод туманидаги 214- мактабда 1100 нафар ўқувчидан 55 нафари, 56-ИДУМ да 659 нафар ўқувчидан 15 нафари, 94 мактабда 2754 нафардан 18 ўқувчи, 31 мактабда эса 1993 нафардан 37, 60- мактабда 2416 ўқувчидан 26 нафари келган, 175- мактабда иситиш тизими ишламаётгани боис, 57- умумтаълим мактабига эса номаълум сабабга кўра биронта ҳам ўқувчи келмаган. Энг кўпи 218- мактабга биринчи сменага 67 нафар, иккинчи сменага 109 нафар ўқувчи келган.
–Мактабимиз уч қаватли бўлиб, марказлашган иситиш тизимига уланган. Барча қаватдаги хоналаримиз иссиқ. Битта синфдан 6-7 нафар ўқувчи келган. Ўқитувчиларимиз уларга дарсларини ўтишмоқда. Мактабимизнинг атрофида яшайдиган оилалар билан боғланиб, имкон қадар фарзандларини мактабга юборишини тушунтириб айтяпмиз. Аммо ҳеч кимни мажбурлаганимиз йўқ. Чунки мактабимизга олисдан қатновчи ўқувчилар ҳам кўп бўлиб, йўллар музлама, жамоат транспорти ҳам жуда яхши эмас. Шу боис ота-оналар фарзандларини шароитдан келиб чиқиб мактабга юборишларини тушунамиз, – дейди 218- мактабнинг ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари Маҳлиё Ўралова.
Зебо НАМОЗОВА,
“Ishonch.uz”



